Ўзбекистон | 12:51 / 21.10.2024
13279
2 дақиқада ўқилади

Дўстлик тумани Экология инспекцияси собиқ бошлиғи қидирувга берилди

​​​​​​​Шу лавозимда ишлаган 34 ёшли Фазлиддин Абдусаматов қимматбаҳо дарахтларни нобуд қилганликда айбланмоқда. У бу иши орқали ўсимлик дунёсига қарийб 230 млн сўм зарар етказган. Терговдан қочиб яширинган Абдусаматовни суд сиртдан қамоққа олиш бўйича ажрим чиқарди.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти Дўстлик тумани Экология инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган Фазлиддин Абдусаматов қидирувга берилди. У Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда гумонланмоқда.

Суд ажримида келтирилишича, Фазлиддин Абдусаматов 2024 йил 18 июл куни Дўстлик тумани Наврўз маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-286 автомобил йўлининг “Дўстлик-Манас” йўналиши чап томонида экилган 14 туп қимматбаҳо шумтол (ясин) дарахтини қуриб қолганлик важи билан ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан кесиб ташлаган. Ўтказилган суд-биологик эспертизаси хулосасига кўра, кесилган 14 туп шумтолнинг 3 тупи қуримаган бўлган.

Жиззах вилояти Экология, атороф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан 3 туп шумтол дарахтининг кесилгани ҳолати юзасидан ўсимлик дунёсига 227 млн 800 минг сўм зарар етказилгани аниқланган. Терговдан яширингани сабабли Дўстлик туман ИИБ Тергов гуруҳи томонидан Абдусаматовга сиртдан қидирув эълон қилинган.

Суд ажрими билан Фазлиддин Абдусаматовга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. У ушланганидан сўнг ИИВ ЖИЭД 3-минтақавий ҳудуд 8-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.

Мавзуга оид