Жаҳон | 21:00 / 21.10.2024
6481
3 дақиқада ўқилади

Путин BRICS саммитида «долларни енгиш режасини» тақдим этмоқчи – ОАВ

Гап ривожланаётган иқтисодиётларни жалб қила оладиган арзонроқ ва тезроқ транзакцияларни таъминлайдиган BRICS тўлов тизими ҳақида кетмоқда.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Қозондаги BRICS саммитида янги молиявий тизим қуришни таклиф қилмоқчи, деб ёзди The Economist. Гап «Жаҳон молияси тизимидаги АҚШ ҳукмронлигига зарба беришга» қодир ва бир йил ичида яратилиши мумкин бўлган BRICS Bridge тизими ҳақида бормоқда.

Таъкидланишича, BRICS Bridge қисман Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS) томонидан бошқариладиган mBridge лойиҳасидан концепцияларни олиши мумкин. Ушбу тизимнинг яратилишига Хитой ҳам ўз ҳиссасини қўшган ва mBridge дастурий таъминоти билан кодларини тақдим қилган. Нашр манбаларига кўра, Хитой BRICS Bridge тизимини яратиш учун ўзида мавжуд ишланмалардан фойдаланиши мумкин.

Мақола муаллифларининг фикрича, BRICS тўлов тизими ривожланаётган иқтисодиётларни жалб қила оладиган арзонроқ ва тезроқ транзакцияларни таъминлайди. Ғарб расмийлари ҳам бу схема санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлаб чиқилиши мумкинлигидан хавотирда. Бу ўз навбатида Қўшма Штатлар позициясини заифлаштиради: Америка халқаро тўловлар учун энг йирик марказ бўлгани туфайли санкциялар орқали бошқа давлатларга таъсир қила олади.

Энг жиддий ташаббус - бу фиат валюталари томонидан қўллаб-қувватланадиган рақамли пуллардан фойдаланиш режаси. Қайд этилишича, бу ҳолатда трансчегаравий операциялар марказида доллар клирингидан фойдаланиш имкониятига эга банклар эмас, балки марказий банклар бўлади. Бу, ўз навбатида, ҳеч бир мамлакат бошқасини молия тизимидан узиб қўя олмаслигини англатади.

«Тижорат банклари ўз марказий банклари орқали операцияларни амалга оширгани сабабли, амалдаги корреспондент банк тизимининг тармоқ таъсирини четлаб ўтиб, хорижий банклар билан икки томонлама муносабатларни сақлаб қолишлари шарт эмас», дейилади материалда.

Шу йил ёзда Россия Молия вазири Антон Силуанов BRICS мамлакатларига алоҳида платформада ҳисоб-китобларни амалга ошириш таклифини эълон қилди. Октябр ойида у вазирлик BRICS Clear депозитар тизимини яратиш устида ҳам иш олиб бораётганини қўшимча қилди.

Мавзуга оид