Жаҳон | 08:30 / 23.10.2024
1279
2 дақиқада ўқилади

РФда Visa ва Mastercard хавфсизлик сертификатларининг амал қилиш муддати тугаяпти

Айрим россияликлар Visa ва Mastercard карталари билан, масалан, транспортда тўлашда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин, чунки баъзи карталарнинг чиплари хавфсизлиги сертификатлари йил охиригача тугайди, деб ёзади РБК.

Фото: Pixabay

2024 йил охирида Россиянинг айрим банкларида Visa ва Mastercard карталари учун чиплар хавфсизлиги сертификатлари бўлмайди. Бу ҳақда РБК 22 октябр, сешанба куни тўлов бозоридаги тўртта манба ва йирик банклар вакилларига таяниб хабар берди.

Ушбу карталарнинг кейинги ишлаши кредит ташкилотларининг ўзлари қарорларига боғлиқ бўлади, деди РБК суҳбатдошлари. Уларнинг фикрига кўра, бу оммавий транзакцияларга таъсир қилмайди, бироқ баъзи тўловлар, масалан, жамоат транспорти учун тўловни амалга ошириш тўхтаб қолиши мумкин.

«Бу оммавий транзакцияларга таъсир қилмаслиги керак, аммо, масалан, транспортда ёки офлайн режимда тўловни амалга оширишда, яъни POS-терминал тармоққа уланмаган ҳолларда муаммо туғдиради. Бундай транзакцияларнинг умумий ҳажмдаги улуши кичикдир», — деди РБК манбаларидан бири. ВТБ бошқаруви раиси Георгий Горшковнинг сўзларига кўра, сертификатларнинг амал қилиш муддати бозордаги карталарнинг 1 фоиздан кўп бўлмаган қисмига таъсир қилади, чунки «мижозларнинг катта қисми аллақачон ҳамёнида «Мир» картасига эга».

Visa ва Mastercard'нинг Россиядан кетиши

Россия ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг, Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари Россияни тарк этишга қарор қилди. Россия Федерациясида ушбу карталар учун хавфсизлик сертификатларининг амал қилиш муддати 2022 йилдан бери биринчи марта тугайди. РБК ёзганидек, чип хавфсизлиги сертификатлари карталарнинг амал қилиш муддатига тўғри келмаслиги мумкин ва банклар томонидан турли муддатларда сотиб олинади. Visa ва Mastercard Россияни тарк этишидан олдин бу сертификатларнинг амал қилиш муддати узайтирилган эди, аммо энди банклар бу карталарни тўловга қабул қилиш ёки қабул қилмасликни ўзлари ҳал қилади, деди нашр суҳбатдоши.

Мавзуга оид