Ўзбекистон | 21:06 / 24.10.2024
3227
2 дақиқада ўқилади

Терактдан сўнг Туркиядаги ўзбекистонликлар ҳушёрликка чақирилди

Истанбул шаҳридаги Бош консулхона ватандошларни эҳтиёт чораларини кўришга, айниқса аэропорт, темирйўл вокзали, автошоҳбекат, кема станциялари, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишга чақирди.

Фото: AFP

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ватандошларни жамоат жойларида ҳушёр бўлишга чақирди.

Қайд қилинишича, Бош консулхона ходимлари ва Туркия ИИВ Полиция ташкилоти вакиллари ўртасида маслаҳатлашув ўтказилган. Унда 23 октябр куни Анқара шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми оқибатлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.

Бош консулхона ватандошларни жамоат жойларида ҳушёр бўлишга, эҳтиёт чораларини кўришга, айниқса аэропорт, темирйўл вокзали, автошоҳбекат, кема станциялари, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишга чақирди.

Шунингдек, Туркиядан чиқиб кетиш арафасида бўлган фуқароларга аэропортларга қайддан ўтиш (регистрация) вақтидан камида 1 соат олдин етиб бориш, шубҳали буюмлар ва шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хавфсизликни таъминлаш бўлинмаларига хабар бериш тавсия этилди.

Туркияда теракт 23 октябр куни содир этилди. Қуролланган шахслар Анқара яқинидаги Turkish Aerospace (TUSAŞ) компанияси штаб-квартирасига ҳужум қилди, оқибатда 5 киши ҳалок бўлиб, 10 нафардан ортиғи яраланган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид