Жаҳон | 19:23 / 30.10.2024
2562
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда сайловлар бўйича тергов бошланди. Мамлакат президенти сўроққа чақирилди

Марказий сайлов комиссияси 26 октябр куни ўтказилган парламент сайловларидаги сохталаштиришлар бўйича прокуратурага мурожаат қилган. Президент Саломе Зурабишвили парламент сайловлари натижасини расман тан олмаслигини маълум қилганди.

Фото: AP

Гуржистон прокуратураси Марказий сайлов комиссияси (МСК) мурожаатидан кейин парламент сайловларидаги сохталаштиришлар бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда идора сайтида сўз боради.

Қайд этилишича, МСК аризаси ва ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, Гуржистон президенти Саломе Зурабишвилида сохталаштиришлар содир бўлганини исботловчи далиллар бор. Шу боисдан президент 31 октябр куни сўроққа чақирилган.

«Гуржистон прокуратураси МСК мурожаатида таъкидланганидек, барча зарурий тергов ва процессуал ҳаракатларни амалга оширади, шу билан бирга, президент, алоҳида сиёсий партиялар ва кузатув миссиялари вакиллари томонидан эълон қилинган фактларни ўрганади. Жумладан, тергов доирасида жиноий фактга алоқадор маълумотга эга барча шахслар сўроқ қилинади», — дейилади прокуратура хабарида.

Мухолифат етакчиларидан бири Зураб Жапаридзе Зурабишвилини прокуратурага бормасликка чақирди. «Биз мухолифатдагилар Гуржистон прокуратурасига бормоқчи эмасмиз, чунки уларга ишонмаймиз. Ўйлайманки, президент ҳам прокуратурага бормайди, аммо унга менинг маслаҳатим керак эмас», — дейди у.

Гуржистон Марказий сайлов комиссияси 26 октябр куни ўтказилган парламент сайловларидаги сохталаштиришлар бўйича прокуратурага мурожаат қилган. Саломе Зурабишвили аввалроқ парламент сайловлари натижасини расман тан олмаслигини маълум қилганди.

Гуржистон МСК маълумотларига кўра, россияпараст ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси сайловларда 53,9 фоиз овоз тўплаган. Шунингдек, парламентга асосий тўртта мухолиф партия ҳам ўтган — «Ўзгаришлар учун коалиция» (11 фоиз), «Ягона миллий ҳаракат» (10,2 фоиз), «Кучли Гуржистон» (8,8 фоиз), «Гуржистон учун» (7,8 фоиз). Улар Гуржистоннинг Ғарб билан яқинлашуви тарафдори.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Мониторинг миссияси қатор жиддий қонунбузарликлар аниқланганини қайд этди, аммо ўз ҳисоботида бутун сайловлар натижасини шубҳа остига олмади. ЕИ Гуржистон МСКни тезкорлик билан қонунбузилиш ҳолатларини тергов қилишга чақирди.

Мавзуга оид