Жаҳон | 18:15 / 02.11.2024
6324
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров Украина жангчиларини тириклайин асирга олмаслик ҳақидаги буйруғини бекор қилди

Унинг сўзларига кўра, «Украина аҳолиси бу ҳақда илтимос қилган».

Фото: Александр Миридонов / Коммерсантъ

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров «Ахмат» махсус бўлинмаси аскарларига украиналик жангчиларни тириклайин асирга олмаслик ҳақидаги буйруғини бекор қилганини айтди. Бу ҳақда у 2 ноябр куни ижтимоий тармоқда маълум қилди.

Қодиров сўзларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида «Украина аҳолисидан ўзининг номига икки мингдан ортиқ хат келиб тушган, уларда Украина Қуролли кучлари жангчиларини тириклайин асирга олмаслик ҳақида берган буйруғини бекор қилиш сўралган».

Чеченистон раҳбарининг таъкидлашича, хатлар Чеченистон маъмуриятининг мурожаатларни кўриб чиқиш бўлимига келиб тушган. Қодиров ўз сўзларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмади.

Чеченистон раҳбари 29 октябр куни фронтдаги барча қўмондонларга Украина Қуролли кучлари аскарларини «тириклайин асирга олмаслик»ни буюрганини эълон қилди. Гудермес шаҳрида Путин номидаги махсус кучлар университетига дрон ҳужуми уюштирилганидан сўнг, Қодиров шундай буйруқ берган эди. Чеченистон раҳбари дрон ҳужумида украиналик ҳарбий асирлар ҳалок бўлганини даъво қилди. Аммо дастлаб қурбонлар йўқлигини айтган эди.

Мавзуга оид