Ўзбекистон | 18:17 / 08.11.2024
3829
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ортидан Британия ҳам Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясига қарши санкция киритди

Британия ҳукумати қарорида айтилишича, Uzstanex Украинани беқарорлаштиришда ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигини бузишда иштирок этгани учун санкциялар рўйхатига киритилган.

Фото: Google Maps

Буюк Британия ҳукумати «Украинадаги урушда Россияни қўллаб қувватлагани учун» Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясини санкциялар рўйхатига (.odt) киритди.

Uzstanex компанияси StanexGroup ҳолдинги таркибига киради. Компания Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ускуналарни сотади ва созлайди.

Буюк Британия ҳукумати қарорида айтилишича, Uzstanex Украинани беқарорлаштиришда ёки унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигини бузишда ёки Украинани беқарорлаштиришга ҳисса қўшиши мумкин бўлган молиявий хизматлар ёки маблағлар, иқтисодий ресурслар, товарлар ёки технологиялар билан таъминлашда иштирок этгани учун санкциялар рўйхатига киритилган.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига кўра, Uzstanex 2018 йил июл ойида рўйхатдан ўтган. Амалга оширадиган фаолият тури – механик дастгоҳларнинг улгуржи савдоси. Устав фонди 65 млн сўм. Ягона таъсисчиси – Абрамов Василий Виталевич, директори – Бойсов Дмитрий Александрович. Компания Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган.

Аввалроқ, АҚШ Молия вазирлиги ҳам Uzstanex компаниясига нисбатан санкция киритган эди. Департамент қарорида таъкидланишича, компания «Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этган», жумладан, Uzstanex томонидан харид қилинган дастгоҳлар Хитойда жойлашган компаниялар орқали Россияга етказиб берилган.

Мавзуга оид