Жаҳон | 14:04 / 08.11.2024
2279
2 дақиқада ўқилади

МДҲ давлатлари 2030 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқади

Ҳужжатда ўзаро ҳамкорликнинг аниқ устувор йўналишлари ва янги йўриқномалари белгилаб қўйилади — Сергей Лебедев.

Фото: AP

МДҲ давлатлари 2030 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқади, бу ҳозирги геосиёсий вазиятда муҳим, деди МДҲ бош котиби Сергей Лебедев Москвада бўлиб ўтган МДҲ давлатлари хавфсизлик кенгашлари котибларининг 12-йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бутун дунёда кескинлашув ва янги қуролли можаролар, шунингдек, АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлар устидан ҳукмронлик қилиш истаги туфайли блоклар ва давлатлараро қарама-қаршиликларнинг авж олиши кузатилмоқда.

Дунёдаги геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви фонида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар 2030 йилгача ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишга киришди, деди ташкилот бош котиби.

«Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ҳозирги шароитда ҳарбий хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш муҳим барқарорлаштирувчи омил бўлмоқда. Биз МДҲда 2030 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлаяпмиз, унда ўрта муддатли истиқболда ҳамкорликнинг аниқ устувор йўналишлари ва янги йўналишларини белгилаб берамиз», — дея Лебедевдан иқтибос келтирган Россия давлат ОАВ.

МДҲ иштирокчи давлатлар қуролли кучларининг жанговар ва тактик-техник тайёргарлиги мавжуд амалий тажриба ва илм-фан ютуқлари билан ўзаро бойитиш асосида амалга оширилиши керак деб ҳисоблайди, дея қўшимча қилди у.

Лебедевнинг қўшимча қилишича, бундай ҳамкорликдан мақсад ҳозирги вазиятни барқарорлаштиришдир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид