Ўзбекистон | 16:55
543
2 дақиқада ўқилади

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди

Қонунда болага нисбатан зўравонлик тушунчаси ва жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари унинг янги шакллари — ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар ҳам эътироф этилган.

«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун 14 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Қонунда болага нисбатан зўравонлик тушунчаси ва жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари унинг янги шакллари — ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар ҳам эътироф этилган.

Шунингдек, давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўриши, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиши ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаши ҳамда уларни ижтимоий мослаштириш учун зарур бўлган самарали чоралар кўриши белгиланган.

Мутасадди органларнинг болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид махсус ваколатлари, ўзаро ишлаш механизми ва масъулияти доираси кўзда тутилган.

Қонуннинг 13-моддасига кўра, Ички ишлар органлари болага нисбатан зўравонлик ва ғамхўрлик кўрсатмасликка йўл қўйган ота-оналар тўғрисидаги ахборотни ваколатли давлат органига юборади. Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тўплайди, уларни таҳлил қилади. Бундан ташқари, ваколатли давлат органига боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғилган ҳолларда болани ота-онасидан (уларнинг биридан) олиб қўйишда кўмаклашади.

Қонун 2025 йил 15 май куни кучга киради.

Мавзуга оид