Ўзбекистон | 20:18 / 30.11.2024
13109
3 дақиқада ўқилади

Энергетика соҳасидаги сусткашлик учун 14 нафар ҳокимга ҳайфсан берилди

Электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилиш ҳамда талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида сусткашликка йўл қўйган 18 нафар мансабдорга интизомий жазо берилди. Аҳолига кўмир тарқатиш кечиктирилгани, сифатсиз кўмир тарқатилгани учун “Ўзбеккўмир” бош директори ўринбосари Э.Ёқубов охирги марта огоҳлантирилди.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан, истеъмолчиларга ёқилғи-энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш ва уларни тежаш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган айрим раҳбарлар интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга кўра, электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилиш бўйича белгиланган режага амал қилмагани, энергия ресурсларидан фойдаланишда лимитдан ошишига йўл қўйгани ҳамда назоратни таъминламагани учун қуйидагиларга ҳайфсан берилди:

— Оқолтин тумани ҳокими К.Эрназаров, Мирзаобод тумани ҳокими О.Раҳмонқулов, Бўстонлиқ тумани ҳокими Ж.Аҳмедов, Бекобод тумани ҳокими Ш.Дўсбеков, Зангиота тумани ҳокими Э.Рустамов, Тошкент тумани ҳокими С.Эргашев, Янгийўл тумани ҳокими О.Атауллаев, Қўқон шаҳар ҳокими М.Усмонов, Боғдод тумани ҳокими Ғ.Солиев, Бешариқ тумани ҳокими Р.Жўраев, Сўх тумани ҳокими С.Саидмусаев, Фурқат тумани ҳокими Э.Асронқулов.

Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ талон-торож қилинишига йўл қўйгани учун қуйидагилар ҳайфсан олди:

— Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Андижон вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К.Комилов, Наманган вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ғ.Муродхўжаев, Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.Султонбеков, Андижон тумани ҳокими Б.Йўлдошев, Беруний тумани ҳокими И.Хидиров.

Бундан ташқари, ҳудудларда аҳолига кўмир тарқатишни кечиктириш, сифатсиз кўмир тарқатиш каби ҳолатлар жуда кўп кузатилгани ҳамда ушбу ҳолатларни зарур даражада назоратга олмагани учун “Ўзбеккўмир” АЖ бош директори ўринбосари Э.Ёқубов охирги марта огоҳлантирилди.

Фармойиш билан тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатилган шаҳар ҳамда туманлар сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериб, уларга нисбатан тегишли чора кўриш ҳамда натижалари тўғрисида бир кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш топширилди.

Мавзуга оид