Жамият | 20:18 / 24.01.2025
1509
2 дақиқада ўқилади

Малайзия институти Ўзбекистоннинг қадимий ва ноёб меросини тарғиб қилади

Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институти Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихи, зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти ҳақида кўргазмалар, илмий семинарлар ва тақдимотлар ўтказади.

Фото: ЎзА

Имом Мотуридий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари делегациясининг Малайзияга ташрифи давомида Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институтида мулоқот ташкил этилди.

Суҳбат давомида Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институти директори Абдулазиз Бергҳоут Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолади.

Ушбу илмий муассаса Малайзияда алоҳида нуфузга эга институт бўлиб, бу ерда дунёнинг турли мамлакатларидан келган тадқиқотчилар ислом илм-фани, замонавий диний жараёнлар, қадимий қўлёзмаларга оид тадқиқотларни амалга оширади.

Мазкур институт ўзининг ноёб архитектурага эга биноси билан Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган. У Испанияда жойлашган мусулмон меъморлигининг ноёб намунаси – Алгамбра (ал-Ҳамро) асосида бунёд этилган. Бу ерда ислом илм-фанига оид минглаб қўлёзмалар сақланади. Улар орасида Беруний асарларининг қадимий нусхалари бор.

Институт директори Ўзбекистондаги халқаро тадқиқот марказлари билан биргаликда давра суҳбатини ўтказиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Бергҳоут ушбу институт имкониятларидан фойдаланиб, Малайзия илмий жамоатчилиги учун Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихи, зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти ҳақида кўргазмалар, илмий семинарлар ва тақдимотлар ўтказиш истагида эканини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид