Жамият | 16:48 / 01.07.2016
39052
5 дақиқада ўқилади

Фирибгар ака-укалар: одамларни чув туширган инилар қилмиши

Дилниёз анчадан буён машина сотиб олишни режалаштириб юрганди. Кунларнинг бирида  у Наманган шаҳридаги автомашина бозорига танишлари  Мутал ва Икромлар билан биргаликда бориб Исузу юк машинасини кўришди.
— Автомашинанинг нархи қанча бўлди? — дея унинг ёнида турган йигитдан сўради Дилниёз.
— Ҳозирча 90.000.000 сўм деб турибмиз. Келишолсак нархини камайтирамиз, — деди унга Неъмат.

Икколови узоқ савдолашувдан сўнг 84.000.000 сўмга келишишди. Неъмат дарҳол Асрор акасига қўнғироқ қилиб, унинг ҳам розилигини сўради.
— Ўзимнинг “Дамас” ва “Нексия” автомашиналарим бор. Шуларни сотиб юборсам, кейин Исузуни сотиб оламан. Агар рози бўлсангиз, келишиб олсак, бошма-бошга алмаштириб ҳам юборавераман.
Неъмат яна Асрор акасига қўнғироқ қилиб, харидорнинг таклифини унга айтиб, “Дамас-2” автомашинасини 34.500.000 сўмга, “Нексия-2” автомашинасини 39.000.000 сўмга бермоқчилигини, қолган 10.500.000 сўмини нақд пул ҳисобида тўламоқчилигини тушунтирди. Асрор автомашиналарни кўрмасада харидорнинг таклифига рози бўлди. Дилниёз Неъматга бозорга ўзи бошқариб борган “Нексия-2”автомашинасини кўрсатди. Автомашина мижозга ёқди. Кейин “Дамас”ни ҳам кўрмоқчилигини айтди. Автомашинани ўзи боролмаганлиги учун ёнида турган танишлари Мирзабек, Тўлқин ва Ғаниларни боришларини айтди.

Дилниёз учовлонни олиб уйига ўтди. Уларга “Дамас-2” авомашинасини кўрсатди. Уларга автомашиналар ёққанлиги учун Исузуни Дилниёзга ташлашиб, “Нексия” ва “Дамас” автомашиналарини олиб кетишди.

Эртаси куни Дилниёз таниши Олмос билан биргаликда Наманган шаҳрига бориб, Неъмат билан “Авто салтанат” номли автомашина устахонаси ёнида кўришишди. Неъмат таниши Холмуродни улар билан таништирди:
— Автомашинанинг ҳақиқий эгаси, Холмурод бўлади. Бу ёғини ўзларингиз келишиб олаверасизлар.
— Аслида автомашинани ўзим пул санаб сотиб олганман. Бироқ автомашина жияним Мамасолининг номига расмийлаштирилган. Шунинг учун  акам Асрорҳожи билан келишиш лозим. Унинг бу савдо-сотиқдан хабари бор. Қачон бўлса ҳам расмийлаштириб берамиз. Ишонч ҳосил қилишингиз учун мана сизга Мамасолининг паспорт нусхаси.
— Автомашинани кредитини қачон ёпасиз? —дея Холмуроддан сўради Мамасоли.
— Автомашинани 12.000.000 сўмга етмаган кредит пули қолган. Ҳозир пулим йўқ. “Дамас”ни сотиб олган харидор қўлида пули билан қараб турибди. Агар у “Дамас”ни харидорни номига расмийлаштириб берса, пулини олиб, кредитни банкдан ечиб, кейин тезда  Исузуни Дилниёзни номига расмийлаштириб берамиз.
Дилниёз Холмуроднинг гапларига лаққа тушиб, “Дамас”ни Мирзабекнинг номига расмийлаштириб берди.
Орадан уч-тўрт кун ўтгач Дилниёз Холмуродни  акасининг уйидан топди.
— Тезроқ Исузуни расмийлаштириб бермайсизларми?
— Ҳозир автомашинани кредитини ечсам, мен анча пул тўлашимга тўғри келади. Кредит тўлашнинг ҳам графиги бор. Графикка қараб тўлаб борамиз, — деди бамайлихотир Асрор.
— Сизларнинг графикларингизга мен тушунмайман. Укангиз Холмурод ваъда берганлиги учун мен “Дамас”имни у айтган одамга расмийлаштириб бердим.
— Нимага чўчийсиз? Банкнинг графигига биноан тўлов ғалла ўримида тугайди. Ундан кўра ғалва қилмасдан машинадан фойдаланиб юраверинг! Ахир автомашина сизда турган бўлса. Ишингизни битиравермайсизми? — деди энсаси қотиб Асрор.
Дилниёз унинг бу гапларига ишониб индамасдан уйдан чиқиб кетди. Исузу автомашинасида юк ташиб юраверди.
Орадан бироз вақт ўтгач, яна Асрорнинг ёнига борди. Бу гал Асрор  Мамасолининг олдига бориб, Дилниёзга юк ташишга лицензия, йўл варақа қилдириб берди.   
Ғалла мавсуми етиб келганида у Холмуроднинг олдига борди.
— Айтилган муддат ҳам етиб келди. Энди Исузуни таъқиқидан ечиб, номимга расмийлаштириб беринг.
— “Нексия”нгизни менинг номимга расмийлаштириб берсангиз, уни банкга қўйиб, Исузуни чиқариб олиб номингизга расмийлаштирсак бўлади, —деди муғомбир Холмурод.
Таклифига кўндирмагунча Дилниёзга роса ялинди-ёлворди. Ахийри уни кўндирди. Дилниёз “Нексия”сини Холмуроднинг номига расмийлаштириб берди. Аммо ака-ука фирибгарлар Дилниёзни роса алдаб-аврашди. Афсуски унинг номига Исузуни расмийлаштиришмади.
Шундан сўнг Дилниёз  фирибгарларга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб, судга мурожаат қилди.
Суд ака-ука Холмурод ва Асрор Илёсовлардан жабрланувчи Дилниёз Шербековга 79.500.000 сўм етказилган зарарни солидар тартибда  ундиришни лозим деб топди.
Суд Холмурод Илёсов ва Асрор Илёсовларни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 233-моддаси билан айбдор деб топиб, 6 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. 

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

Мавзуга оид