Light | 19:03 / 05.09.2016
15375
3 дақиқада ўқилади

62 йил бирга яшаган жуфтлик бир-биридан айрилишга мажбур бўлди

Ҳаётининг аксарият қисмини бирга ўтказган жуфтликни бир-биридан айиришди, улар эҳтимол ўзларининг сўнгги кунларини бошқа-бошқа ерларда ўтказишига тўғри келмоқда, чунки уларни битта қариялар уйига жойлаштиришнинг иложи бўлмаган. 

83 ёшли Вольф Готтшальк ва унинг турмуш ўртоғи 81 ёшли Анита Дюссельдорфда (Германия) қўшни уйларда яшаган даврларида танишиб қолишган ва бир-бирларига кўнгил қўйишган. Улар 1954 йилда турмуш қуришган ва бир неча ойдан сўнг фаровон ҳаёт илинжида Канаданинг Суррей шаҳрига кўчиб ўтишган. Вольф ва Анита уч фарзандли бўлишди - бир ўғил ва икки қиз, янги жойда улар бахтли ҳаёт кечиришди. Жуфтлик ҳаётида нима бўлишидан қатъи назар доимо бирга бўлган.

62 йил бирга яшаган жуфтлик мана 8 ойдирки, алоҳида яшашга мажбур бўлмоқда, чунки қариялар уйида оилавий жуфтликка жой йўқ. Боз устига иккисининг ҳам саломатлиги ёмонлашиб бормоқда. 

Уларнинг эвараси Эшли кўзида ёш билан дийдорлашиб ўтирган Вольф ва Анитанинг суратини Facebook тармоғига жойлаштириб, бутун умр аҳил яшаб келган бувиси ва бобосининг қайғуси билан бўлишган. 

Эшлининг сўзларига қараганда, Анита январь ойигача эрига ғамхўрлик қилган, аммо кейинчалик шифокорлар Вольфнинг аҳволи оғирлашгани сабабли унга профессионал кўмак лозимлигини айтишган - у ривожланаётган деменция, лимфома ва юрак етишмовчилигидан азият чекади. 

Оила аъзолари жуфтликнинг кўришиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилишмоқда - улар Анита ва Вольфни кўриштириш учун бир ярим соат йўлни босиб ўтишади. 

Кўнгилни ўртовчи сурат - Вольф Анитани кутиб, ойнадан термулиб ўтирибди. 

Бундай вазият Анитанинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

"Улар бирга овқатлана олишмайди. Ҳар сафар учрашишганда кўзларига ёш келади ва бу ҳар қандай юракни тилка-пора қилади", - деб ёзган Эшли. 

Унинг сўзларига кўра, бобоси бувиси яшайдиган қариялар уйига кўчиш учун навбатда турган бўлса-да, шу вақт давомида уларга бирор марта уларга қўнғироқ қилишмаган.

Ушбу ҳикоя интернет тармоқлари бўйлаб тарқалганидан кейин уларга қўнғироқ қилишган ва бу масалани унутишмагани, бироқ уни ҳал қилишга қанча вақт кетиши номаълум эканлигини айтишган. 

Бахтли Вольф ва Анита айрилиққа қадар.

 

Мавзуга оид