Жамият | 17:23 / 15.09.2016
41660
3 дақиқада ўқилади

USAID билан ҳамкорликда узум сайли ва «Энг яхши узум нави» танлови бўлиб ўтди

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик ва узумчилик илмий-тадқиқот институтида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларига тенг, 5 йилга мўлжалланган янги “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида ziyouz.uz нашри маълум қилди.

Мазкур тадбирда Америка Қўшма Штатлари элчиси Памела Спратлен,  Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, М.Мирзаев Боғдорчилик институти, Тошкент аграр университети, фермерлар, хусусий агробизнес компаниялари ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналаридан элликка яқин вакиллар иштирок этди.

Элчи Спратлен хоним Ўзбекистон иқтисодиёти учун мева-сабзавотчиликнинг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда, бу лойиҳа бўйича яқиндан ҳамкорлик учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди ҳамда шундай деди: «2008 йилдан бери USAID мева ва сабзавотчилик соҳасида Ўзбекистоннинг ҳамкори саналади. Ушбу ҳамкорликни нишонлаш учун мен узум навлари кўрик-танловидан ортиқ услуб йўқ, деб ўйлайман. Бу танлов асл миллий бойлик ҳисобланган маҳсулотларнинг хилма-хиллиги, сифати ва мўл-кўллигини кўрсатади».

AVC лойиҳасининг фаолияти Ўзбекистоннинг 11 вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг жами 33  туманини ўз ичига олган. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш сифати ва миқдорини ошириш, ҳосил йиғимидан кейинги амалиётлар ҳамда ишлаб-чиқариш тадбирларини такомиллаштириш, ички ва ташқи бозорларда ўзаро алоқаларни яхшилашга кўмаклашиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги таълим муассасаларини хусусий сектор талаблари билан боғлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Анъанавий узум сайли доирасида “Энг яхши узум навлари” кўрик-танлови бўлиб ўтди, ундан кўзланган асосий мақсад - соҳа бўйича маълумот алмашиш, фермерлар учун янги мижозларни жалб этиш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш бўлди.

Кўрик-танловда Республикамизнинг 33 туманида етиштирилган элликка яқин узум навлари намойиш этилиб, “энг ноёб”, “энг бозорбоп”, “энг майизбоп” ва иштирокчи-меҳмонлар танловига кўра “энг сара” йўналишларида 12 хил узум навлари аниқланди. Ғолиб фермерларга танлов ташкилотчиларининг совғалари тақдим этилди.

suratlar: ziyouz.com

Мавзуга оид