Жаҳон | 19:07 / 20.10.2016
28276
2 дақиқада ўқилади

Ҳижобли бошловчи мусулмонларга қарши "ов мавсуми" бошланишидан огоҳлантирди

Фото: @fatimamanji

Британиянинг Channel 4 телеканалида фаолият юритувчи  янгиликлар бошловчиси Фотима Манжи мусулмонларга қарши ов мавсумининг бошланишидан огоҳлантирди. У Матбуот стандартлари мустақил ташкилотининг (IPSO) The Sun собиқ бош муҳаррири Келвин Маккензига қўйилган айбловнинг қайтариб олинишига доир қарорига шу тарзда муносабат билдирди. Бу ҳақида The Guardian хабар берди

Маккензи Ниццадаги терактга бағишланган кўрсатувда бошловчининг ҳижобда пайдо бўлишини ноўрин, деб ҳисоблади ва бу мавзуда The Sun'да танқидий мақола чоп этди. 19 октябрь куни IPSO бош муҳаррирнинг ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга эканлигини маълум қилди. 

Бошловчи профессионал ташкилот қароридан норози эканлигини яшириб ўтирмади. Унинг фикрича, IPSO ирқий камситишга йўл қўймоқда. "Маккензининг теракт содир этган кишига менинг муносабатим ҳақида истаган гапни ёзиши ёки тахмин қилиши бошқаларнинг ҳам ҳужумга тайёр эканлигидан далолат беради", - деди у. 

Маккензининг мақоласи 18 июль куни, Ницца терактидан бир неча кун ўтиб таблоид саҳифаларида пайдо бўлди. Муаллиф "мусулмон кишиси томонидан амалга оширилган яна бир даҳшатли жиноятни" ҳижоб ўраган қиз ёритганини ноўрин, деб ҳисоблаганди. Ўшанда журналистлар The Sun нашрини қатъий танқид остига олишганди. 

 

Мавзуга оид