Спорт | 09:28 / 08.11.2016
6147
2 дақиқада ўқилади

«Барселона» Мессининг «Севилья» билан учрашувдаги сариқ карточкасини бекор қилдирмоқчи

Фото: Marca

«Барселона» раҳбарияти Испания чемпионатининг 11-турида «Севилья»га қарши кечган учрашувдаги эпизод юзасидан шикоят билдиради.

83-дақиқада учрашув ҳаками Сантьяго Хайме Латре Лионель Мессига қарши ишлатилган фол учун жарима зарбаси белгилади. Қоида бузилиши оқибатида аргентиналик футболчи бутсасини йўқотган ва бутсаси боғичини излаб, уни кийиш учун кўп вақт сарфлаганди. Ҳакам Мессидан майдон ташқарисига чиқиб туришни, вақтни чўзмасликни сўраган, кейин унга вақтни чўзгани учун сариқ карточка кўрсатганди.

Месси учун бу Испания чемпионатининг жорий мавсумидаги учинчи сариқ карточка бўлди.

Marca нашри хабарига кўра, «Барселона» Мессининг ҳаракатини вақт чўзишга қаратилган интилиш деб ҳисобламаяпти ва ҳакамнинг қарорига норозилик билдирмоқчи.

Ушбу ўйинда каталонияликларнинг бошқа бир ҳужумчиси Луис Суарес ҳам сариқ карточка билан жазоланди. Бу унинг мавсумдаги бешинчи сариқ карточкаси эди ва у энди «Барселона»нинг кейинги турда «Малага»га қарши «Камп Ноу»да ўтадиган учрашувида майдонга тушмайди.

Мавзуга оид