Фан-техника | 13:19 / 17.11.2016
3806
2 дақиқада ўқилади

Intel ҳайдовчисиз автомобиллар ривожига 250 миллион доллар инвестиция қилмоқда

Фото: © Flickr

Intel компаниясининг ижрочи директори Брайан Кржанич ҳозирда бўлиб ўтаётган LA Auto Show кўргазмасида иштирок этаётиб, келаси икки йил давомида унинг компанияси ҳайдовчисиз автомобиллар ривожи учун 250 миллион доллар инвестиция қилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақида Hi-News нашри хабар берди. 

250 миллион доллар - катта сумма бўлиб, компьютер чиплари ишлаб чиқарувчисининг келажакда автомобиль қурилишида муҳим ўрин тутиш истагидан яққол далолат беради. Бироқ бундай баёнот Intel компаниясининг ҳайдовчисиз автомобиллар ишлаб чиқариш флотини тузмоқчи эканлигини билдирмайди, зеро автомобиль ишлаб чиқариш жуда мураккаб ва қимматбаҳо жараён ҳисобланади. Intel автомобилларни яратишдан кўра, уларнинг ҳайдовчисиз бошқарилишини таъминловчи технологияларга эътибор қаратади.

Компания ўз баёнотида унинг инвестициялари "янги авлод технологиялари чегараларини кенгайтириш"га имкон бериши ва бу ҳамкорлик 2021 йилга бориб, тўлиқ автоном автомобиллар ишлаб чиқарилишига замин ясашини таъкидлаган. 

Intel компанияси айнан "тўлиқ" сўзига урғу беради. Автомобилларнинг ҳозирги авлоди кўплаб технологияларни қўллайди, бу уларга қисман автономлик хусусиятини беради. Бироқ Google машиналарига ўхшаган тўлиқ автоном автомобиллар - бу имкониятларнинг мутлақо янги даражаси, яъни сиз ишларингиздан чалғимаган ҳолатда, автомобилингизни ёнингизга чақириб, ичига ўтиришингиз ва истаган жойингизга олиб боришни буюришингиз мумкин бўлади. 
 

Мавзуга оид