Kawasaki мотоцикллари учун “сунъий ақл” ишлаб чиқмоқда
Овоз ёрдамчилари фақат қимматбаҳо автомобилларга ўрнатилади, деб ўйласангиз хато қиласиз. Эндиликда, уларни мотоциклларга ҳам ўрнатиш мумкин. Аниқроғи, Япониянинг дунёга машҳур Kawasaki Heavy Industries компанияси раҳбарияти шундай фикрда. Бугунги кунда компания саноат роботлари, гидроцикллар, тракторлар, поездлар ва ҳатто самолётлар ишлаб чиқариш билан шуғулланса-да, унинг маҳсулотлари орасида Kawasaki мотоцикллари муҳим ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, тахмин қилиш мумкинки, янги авлод мотоцикллари «Темир одам» фильмидаги JARVIS каби “сунъий ақл”га ҳам эга бўлиши эҳтимол.
Мотоциклга сунъий ақлнинг нима кераги бор, дерсиз. Шошманг, ахир буларнинг ҳаммаси мотоцикл ҳайдовчисининг хавфсизлиги учун қилинмоқда. Кўпгина байкерлар оддийгина хавфсизлик қоидаларини менсимайди ёки шунчаки риоя қилишни истамайди, дейилса, кўпчилик қўшилса керак. Тезлик чекловлари ва тартиби борасида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Айнан мана шу борада, “сунъий ақл” инсонга қўл келиши керак. У мотоцикл эгасини, тезликни ҳаддан ташқари ошириш оқибатлари қандай бўлишини у тушунадиган усулда огоҳлантиради. Агар сунъий ақл, ўз огоҳлантиришлари иш бермаётганини тушуниб етса, айёрликка ўтиб, байкерга фарзандининг таваллуд куни яқинлашаётганини хотирлатади ва шу билан оиласини ёдга солади ҳамда ҳаётини хавф остига қўйиш ҳаракатидан воз кечишга ундайди.
Kawasaki муҳандис ва дастурчилари шу усул ёрдамида байкер билан унинг “темир оти” ўртасида ўзаро “мулоқот”ни таъминлаш ниятида. Тизим, ҳозирча, «Emotion Generation Engine and Natural Language Dialogue» ишчи номи билан аталган бўлиб, уни ишлаб чиқишда SoftBank гуруҳи таркибига кирувчи Cocoro SB Corp. мутахассислари ёрдам бермоқда.
Умуман,” сунъий ақл” мотоцикл эгаси билан муомалада “ўз шахсияти”ни барпо этади. Шунга кўра, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари ҳам ҳозирда, уларнинг маҳсулоти алалоқибат ўзини қандай тутиши борасида аниқ фикрни билдиролмайди. Бироқ, улар бир нарсага юз фоиз кафолат беришмоқда: “сунъий ақл” байкер асабийлашган ёки хавфли кайфиятга тушиб қолаётганини сезса, унинг энг қиммат нарсаси, ҳаётини сақлаб қолиш учун чора кўради. Ахир, ҳаёт инсонга бир марта берилган илоҳий инъом эмасми?!
Мавзуга оид
18:48 / 14.11.2024
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024
Японияда сейсмик ёриқлар туфайли ядровий реакторни қайта ишга туширишга рухсат берилмади
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024