Ўзбекистон | 20:05 / 03.02.2017
44261
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги муз саройи қурилишини бориб кўрди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги ҳудудда барпо этилаётган кўп тармоқли спорт комплекси қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида қурилаётган «Ҳумо» спорт комплекси дизайнида замонавий қурилиш ечимлари ва илғор технологиялар миллий маданият элементлари билан уйғунлашиб кетган. Комплекснинг бинолари кўкда парвоз этаётган бахт ва ҳурлик рамзи — Ҳумо қуши шаклида барпо этилади.

Иншоот икки мажмуадан иборат бўлиб, ундан 60х30 метр ўлчамдаги асосий ва машқ муз ареналари жой олади. Умумий майдони 74 минг квадрат метрни ташкил этадиган иншоот тўрт қаватдан иборат бўлади.

Мобил ўриндиқларга эга бўлган сарой спорт мусобақалари ўтказиш зали сифатида 14 минг, концерт зали сифатида 10 минг томошабинга мўлжалланган. Асосий бинода 300 ўринли машқ аренаси ҳам лойиҳалаштирилган.

Аренада хоккей матчлари, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг бўйича мусобақалар билан бир қаторда баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо ва бошқа спорт турлари бўйича ҳам беллашувларни ўтказиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари мажмуа умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун барча шароитга эга бўлади.

Мажмуа ҳудудида умумий бош режа концепциясига асосан спорт музейи, болалар учун ёпиқ майдон, тренажер заллар, фитнес маркази, замонавий овқатланиш шохобчалари, спорт анжомлари дўкони ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади.

Мажмуанинг муҳандислик тармоқлари, ёнғин ўчириш тизими, ёритиш, вентиляция, иссиқлик манбаи, кондиционерлаш тизимлари тўлиқ автоматлашган бўлиб, тежамкор технологиялар қўлланган ҳолда лойиҳаланган.

Бундан ташқари бино ёнида автомобиллар учун мўлжалланган тўрт қаватли автотураргоҳ қурилиши режалаштирилган. Объектни 2018 йилда ишга тушириш мўлжалланмоқда.

«Шавкат Мирзиёев бундай замонавий спорт иншоотларининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди, мутасадди раҳбарларга қурилиш жараёнини юқори сифатда амалга ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид