Жамият | 10:04 / 10.02.2017
10160
2 дақиқада ўқилади

Обаманинг собиқ фотосуратчиси Трампнинг жиғига тегмоқдами?

Фото:@petesouza

Оқ уй ва Барак Обаманинг собиқ шахсий фотосуратчиси Пит Суза Дональд Трамп президентлик лавозимини эгаллаганидан бери Инстаграм’да шахсий саҳифасини юритмоқда. Кўплаб фотосуратлар ҳукуматни топшириш жараёнини акс эттирган бўлса, кейинчалик Суза Обама иштирокидаги эски суратларни тақдим эта бошлади.

The Guardian нашрининг таъкидлашича, собиқ президент ҳаётидан ҳикоя қилувчи кадрлар Трамп хатти-ҳаракатлари билан таққосланган. Суза президент мамлакатга қочқинлар ва мусулмонлар мамлакатларидан муҳожирларни киритмаслик ҳақидаги фармонга имзо чеккач, Обаманинг қочқинлар оиласидан бўлган қизча билан мулоқот қилаётгани тасвирланган суратни эълон қилди.

Худди шундай вазият Барак Обама Мексика президенти Энрике Пенья билан мулоқот қилаётган пайтидаги кадр билан ҳам кузатилган. Фотосуратчи уни Трамп Пенья билан икки давлат чегарасида девор қуриш масаласи бўйича баҳслашган куни чоп этган.

Трамп Нил Горсач номзодини АҚШ олий суди аъзолигига илгари сурганида эса, Суза Обама республикачилар қабул қилмаган бошқа номзод – Меррик Гарлэнд билан тургани тасвирланган суратни тақдим этди.

Трамп Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл билан телефон орқали “баланд овозда гаплашгани” ҳақидаги хабарлардан сўнг, Instagram-саҳифада Обама у ва Янги Зеландия бош вазири билан дўстона суҳбат қураётгани акс этган кадр тақдим этилди.

Суза фотосуратлардан бирида Обама кабинетидаги аёлларнинг сонига эътибор қаратган. Бунга қадар Трамп янги фармонга имзо чекаётгани ҳамда унинг атрофида фақат эркаклар турганини кўриш мумкин бўлган тасвир пайдо бўлганди.

Фотосуратчининг кўрсатишича, у айни дамда ҳеч қаерда ишламаяпти ва эркин агент мақомига эга. Суза имо-ишораларга бой бўлган суратлардан ташқари, Обама президентлиги давридаги бошқа муҳим лаҳзалар акс этган кадрларни ҳам эълон қилиб боради.

 

Мавзуга оид