«Тошкент-4» терминали қурилиши бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси президент томонидан тасдиқланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан «Тошкент шаҳри аэропортининг янги халқаро йўловчи терминали (Тошкент-4) қурилиши» инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини (ТИА) тасдиқлади.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 2015−2019 йилларда Ўзбекистонда Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига мувофиқ «Тошкент аэропортининг янги халқаро йўловчи терминалини (Тошкент-4) қуриш» лойиҳасини амалга оширади.
Лойиҳанинг мақсади йўловчиларга энг замонавий, халқаро стандартлар ва талаблар даражасида хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Бундан ташқари, лойиҳа Ўзбекистонда туризм соҳаси ривожланишига ҳамоҳанг тарзда авиапарвозлар ҳажмини оширишга имкон беради.
«Тошкент-4»ни қуриш бўйича лойиҳа техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ишлари Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) грант маблағларини жалб этган ҳолда 2016 йил январь— июль ойларида амалга оширилди. Ҳужжатни тайёрлаш асносида Жанубий Корея томони Тошкент аэропорти ва Ўзбекистон авиация соҳасининг жорий ҳолати, ривожланиш истиқболларини баҳолаш ва «Тошкент-4» халқаро йўловчи терминалини қуриш концепцияси ишлаб чиқиш бўйича катта ҳажмда иш олиб борди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун KOICA мазкур соҳада катта тажрибага эга бўлган 5та корейс ташкилоти — «Инчхон» аэропорти, Heerim, Yooshin, EY Hanyoung ва Корея транспорт институтини жалб этди.
2016 йилнинг декабрида Ўзбекистон ҳукумати ва Жанубий Корея Эксимбанки ўртасида лойиҳани амалга ошириш учун EDCF фонди маблағларини тақдим этиш бўйича қарз келишуви имзоланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 430,974 миллион долларни ташкил этади.
Янги терминал майдони ҳозиргисига (Тошкент-2) нисбатан 2 марта каттароқ бўлади (87 минг квадрат метр), йўловчиларга хизмат кўрсатиладиган бино ҳажми эса ҳозиргисини уч баравар ортда қолдиради. Янги терминал бир соатда 1,5 минг йўловчига ёки йилига 5,7 миллион йўловчига хизмат кўрсатади.
3 йил давомида қурилиши режалаштирилган янги терминалнинг қуш парвози баландлигидан кўриниши қанотини ёзган Ҳумо қушини ёдга солади.
4 қаватли терминал 36 самолётни сиғдирадиган перрон, автомобиллар тураргоҳига эга бўлади.
Бундан аввалроқ янги терминалнинг қурилиши 2016 йилдан бошланиши, қурилиш-монтаж ишлари 2019 йил охирига қадар якунланиши ҳақида хабар берилган эди.
Янги терминал қурилиши муносабатти билан аэропорт атрофида жойлашган 540 ҳовлида яшаётган 1400 оила бошқа ҳудудларга кўчирилиши керак бўлади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари»миллий авиакомпанияси директорининг сўзларига кўра, уларнинг барчасига тенг майдонли турар жой ёки товон пули тўланади.
Мавзуга оид
16:26 / 17.10.2023
Humo тўлов тизими билан яна муаммолар юзага келди
12:03 / 01.09.2023
Тошкент аэропорти маҳаллий терминалининг олд қисми реконструкциядан сўнг очилди
11:55 / 06.06.2023
Сингапур Ўзбекистонда замонавий контейнер терминалини ташкил этиши мумкин
07:39 / 22.09.2022