Қониқарсиз газ таъминоти: муаммонинг илдизи ва аҳолининг миллионлаб қарзлари
Қишнинг қаҳратон кунларида юртимизда газ таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага келаётгани, умуман, бу соҳада мутлақо ишлар кўнгилдагидек эмаслигини сўнгги пайтларда бу борадаги шикоятлар янада кўпайганидан ҳам билсак бўлади.
Кунлар исиб кетгач, ёзда аҳвол бирмунча ўнгланади. Нега қишда газ таъминотида узилишлар кўпаяди. Яшанг! Аҳоли табиий газдан уйни иситишда ҳам фойдалана бошлайди ва унинг истеъмоли янада кўпаяди. Аҳолини иссиқлик билан таъминлаш, иситиш тизими ўтган йиллар мобайнида буткул издан чиққани учун бу занжир реакция сифатида газ таъминотига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади.
Шу кунларда президент томонидан қабул қилинган «2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарорини фақат олқишлаш мумкин. Чунки иссиқлик таъминоти нисбатан қониқарли даражада бўлган Тошкент ва Навоий шаҳарларидагина қиш фаслида газ таъминоти билан боғлиқ узилишлар йўқ ҳисоби. Республиканинг қолган барча вилоятларида аҳвол бир хил, қониқарсиз даражада.
Келинг, муаммонинг илдизига назар ташласак.
Айни пайтда «Ўзбекнефтгаз» миллий ҳолдинг компанияси Ўзбекистонда нефть ва газ таъминотининг «отаси» ҳисобланади. Газ таъминотидаги ўзибўларчиликдаги бош муаммо ҳам шунда — вертикал интеграцияда. Чунки вертикал интеграция шароитида, бир тизим ичида бўлгани учун корхоналар ўзаро тўловларсиз ҳам товар олиши ва хизмат кўрсатишда давом этаверади, чунки энг тепада раҳбари бир киши, у «берасан» дегач, пули тўланмаса ҳам газ берилаверади-да!
Бунинг учун газ қазиб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналарни «Ўзбекнефтгаз»дан чиқариб олиш керак. Газ қазиб чиқарувчи ва ишлаб чиқарувчилар тўғридан-тўғри туман газ идоралари (улар, албатта, хусусийлаштирилиши керак) билан шартнома тузишлари керак. «Ўзтрансгаз»га фақат унинг қувурларидан фойдаланганлик, транспортировка учунгина комиссион ҳақ тўланади.
Ҳозирги мавжуд шароитда газ қазиб/ишлаб чиқарувчи газни «Ўзтрансгаз»га беради, «Ўзтрансгаз» — «Водийгазтаъминот», «Жанубийгазтаъминот», «Марказгазтаъминот» каби ҳудудий корхоналарга, ҳудудий корхоналар — «тумангаз»га ва ҳеч ким газ пулини тўламайди. Мана шу занжирни узиб ташлаш керак.
Вазиятни аҳолидан газдан фойдаланганлик учун пул йиғиш, аҳоли қарздорлигини жуда катта эканлиги янада оғирлаштиради. Айниқса, газ ҳақини ойма-ой ҳисоблагич бўйича тўлаб борган тартибли фойдаланувчиларнинг гарданига ҳам газ идоралари томонидан «осмондан олинган» миллионлаб қарз юклаб қўйилиши, соҳа бутунлай издан чиққанидан далолат бериб турибди.
Исталган туманингизга боринг, катта бир амалдорнинг ўзига ё қариндошларига тегишли метан газ қуйиш шохобчаси, ғишт заводи, иссиқхонаси ёки тамаддихонаси фойдаланилган газ учун ҳар бир куб метрига, сўнгги тийинигача тўламайди. Улар ишлатган газ ҳажми учун тўлов аҳоли, оддий инсонлар гарданига тақсимланади. Бу йўлда газ идораларининг назоратчилари шунчалик қабиҳ ҳаракатларга муккасидан кетишганки, ташқарида турган ҳисоблагичингиз пломбасига кўзингизни шамғалат қилиб, шикаст етказиб, сизга имкон қадар каттароқ қарз ва жарима ёзиш пайида бўлишади. Бундай шикоятлар минглаб топилади.
Ўзбекистонда табиий газ хусусий операторлар томонидан сотила бошланади
Хўп, вазиятдан қандай қилиб чиқиш мумкин?
Албатта, газ сотувчи идораларни давлат компанияси тасарруфидан чиқариб, хусусийлаштириш йўли билан (Юқорида қайд этилганидек, президент қарори билан бу борада илк қадам ташланди). Газ сотувчи идора хусусий корхона бўлсагина, аҳоли ва корхоналардан теппа-тенг пул йиғилади.
Газ қазиб/ишлаб чиқарувчи токи олдиндан ҳақ тўламагунча «тумангаз» (хусусий операторга) газ бермайдиган, «тумангаз» (хусусий оператор) пули тўланмаган абонентларга олдиндан тўловсиз газ бермаслик механизми яратилиши керак. Акс ҳолда, барчаси бекор.
Президент қарорига кўра, 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида газ таъминоти объектлари қисми газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газни сотиш учун хусусий операторлар ваколатли бошқарувига ўтказилади.
Тажриба лойиҳаси доирасида пойтахтда хусусий операторликка Бектемир туманининг «Бектемиртумангаз» туман эксплуатация хизмати объектларини ўтказиш мўлжалланмоқда. Қорақалпоғистонда «Кегейлитумангаз», Андижон вилоятида — «Шаҳрихонтумангаз», Бухорода — «Когонтумангаз», Жиззахда — «Зоминтумангаз», Қашқадарёда — «Қаршитумангаз», Навоийда — «Қизилтепатумангаз», Наманганда — «Намангантумангаз», Самарқандда — «Нарпайтумангаз», Сурхондарёда — «Жарқўрғонтумангаз», Сирдарёда — «Янгиершаҳаргаз», Тошкентда — «Янгийўлтумангаз», Фарғонада — «Олтиариқтумангаз» ҳамда Хоразм вилоятида «Янгиариқтумангаз» филиали объектлари ваколатли бошқарувга ўтказилади.
Албатта, бу усул табиий газни юртимиздаги шаҳар, шаҳарчалар ва посёлкалардаги фақат кўп қаватли уйларга, мактаблар, шифохоналар ва айрим корхоналарга етказиб беришдагина қўллаш лозим. Қишлоқ жойларни газ билан таъминлашда ўша суюлтирилган пропан газини баллонларда тарқатишни янада кенгайтириш керак. Чунки газ ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича илғор бўлган Қатарда ҳам аҳолига газ суюлтирилиб баллонларда сотилади.
Биринчи президент ҳар доим янги механизм жорий қилмоқчи бўлса, энг аввало, илғор давлатлар ё муваффиқиятга эришган давлатлар тажрибасини ўрганишни таклиф этарди. Масалан, фақат импорт қиладиган Грузия ва Болтиқбўйи тажрибасини ўрганиб келиш бизга асқотади.
Грузияни олайлик. Бу давлат умуман газ қазиб олмайди. Россия билан муносабатлари сабаб, уларга газ Озарбойжондан етказилади. Газ таъминоти билан ҳам Озарбойжоннинг «Socar» компанияси шуғулланади. Яъни, давлат газни тўлиқ импорт қилади. Грузияда ҳамма нарса газга боғланган: иситиш тизими, иссиқ сув ва газ плитаси. Аҳолини газ таъминоти билан таъминлаш тўлиқ автоматлаштирилган, қарздорлик 10 лари (4,5 доллар) га етиши ҳамоно мижоз газ таъминотидан автоматик узиб қўйилади.
Болтиқбўйи давлатларидан Латвияда, масалан, аҳоли бизнинг ўлчовларимиз бўйича газ учун еврода жуда юқори ҳақ тўлайди. Улар ҳам газни тўлиқ импорт қилувчи давлат. Биздан фарқи, улар газни қазиб олишмайди ва четдан харид қилишади, шу сабабли унинг ҳар бир кубометри ҳисобда туради. Хўжасизликка тўлиқ барҳам берилган.
Табиий бойлигимиз бўлган табиий газни ҳам ҳар бир мисқолини ардоқлашимиз керак эмасми? Албатта, унинг ҳар бир кубометри ҳисобда бўлиши, унга белгиланган ҳақ тўлиқ тўланишига эришмоғимиз керак. Ҳақ тўланганида ҳам, аҳоли газни ишлатиб, қарзга кириб кетишини кутиш керак эмас, газ ҳар доим олдиндан ҳақ тўлаб харид қилинмоғи лозим. Хоҳ у қувур орқали етказилувчи табиий газ бўлсин, хоҳ суюлтирилган пропан баллонларда етказилсин. Ана шундагина аҳолида ҳам олдиндан тўлов қилинган маҳсулот учун талаб, газ идорасида эса уни ўз вақтида етказиш учун масъулият пайдо бўлади.
Бизда ҳам табиий газ ўтказилган хонадонлар, кўп қаватли уйларни электрон ҳисоблагичлар билан таъминлаш, хусусий операторлар воситасида фойдаланган газ учун тўловларни ўз вақтида йиғишга эришиш мумкин. Шунингдек, фақатгина хусусий корхонада ишловчи газ назоратчиси аҳолининг газ таъминотини тўлиқ ва тартибли таъминотига тўлақонли масъул бўлади, газ линияларига ўзбошимчалик билан газ сўрувчи насослар ўрнатиш каби салбий ҳолатларга барҳам беради. Ёдингизда бўлса, бундай ўзбошимчаликлар ҳақда Қўқондан тайёрланган «Газ таъминотидаги хўжасизлик ва бошбошдоқликлар: Нишонда яна Қўқон» мақоламда батафсил тўхталиб ўтган эдим.
Яна бир муҳим жиҳатга эътиборга олинса яхши бўлар эди. Президент қарорига кўра, синов тариқасида ҳар бир вилоятда биттадан тумангаз танлаб олинган. Янги ташкил этилаётган хусусий операторларга на аҳоли ва на юридик шахсларнинг қарзи ворисийлик тарзида ўтиши керак. Яъни хусусий оператор барча ишни нолдан бошласа, газ сотиб олиш учун ўз маблағини тиксагина кўзланган мақсадга етишилади.
Эски тумангазлар олдидаги қарздорлик бўйича ҳар бир истеъмолчи билан солиштирма далолатнома тузилиши ва эски қарздорликни ундириш ўша тумангаз идорасига юклатилиши керак. Шундагина аҳоли ва юридик шахсларнинг хусусий оператордан, хусусий операторнинг эса «Муборакнефтгаз», «Ҳисорнефтгаздан» ёки «Ўзтрансгаз» комиссияларидан қарзи бўлмайди. Акс ҳолда, ҳаммаси эски ҳаммом эски тослигича қолади.
Бу соҳада ҳар бир ислоҳот марказида хусусий манфаат ётишини таъминлаш лозим. Яъни газ билан таъминловчи сўнгги корхона хусусий бўлса ва зиммасига олинган мажбуриятларни ўз вақтида таъминлашдан манфаатдор бўлсагина кўзланган мақсадга албатта эришилади. Яъни олдиндан пул йиғиб, сотган гази қанча кўп бўлса корхона шунча кўп даромад қилади ва ходимлари шунчалик кўп ойлик олади. Оддий арифметика.
Юртимизда бу борада оғриқли бўлиб турган муаммолардан бирига барҳам берилади. Газ тўловни ўз вақтида амалга оширган ҳар қандай мижозга ҳаттоки қишнинг қаҳратон кунларида ҳам ўз вақтида, етарли миқдорда етказишга эришилади.
Шуҳрат Шокиржонов
Мавзуга оид
13:31 / 16.11.2024
Kaspi.kz Humo тўлов тизимини хусусийлаштиришдаги иштирокини тўхтатди
20:00 / 13.11.2024
«Ўзтемирйўлконтейнер» АЖнинг 35 фоиз акциялари 200 млрд сўмга сотилди
19:11 / 04.10.2024
Tashkent city ҳудудидаги банклар биноларини сотиб олишга 4 инвестор қизиқиш билдирди – Давактив
19:55 / 12.09.2024