Жамият | 11:20 / 04.06.2017
97505
11 дақиқада ўқилади

Жасурбек Иброҳимовни калтаклаган безориларни жазолашни сўраб петиция бошланди

Тошкент шаҳридаги Боровский номидаги коллежнинг 2-курсида таҳсил олган Жасурбек Иброҳимов 1 июнь куни касалхонада вафот этди. У 3 май куни коллеждошлари томонидан қаттиқ калтаклангач, шифохонага тушганди. У шифохонада 5 марта операция қилинган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. 

Change.org сайтида эса Жасурбек Иброҳимовни ўласи қилиб калтаклаганларни жазолаш сўралган петиция пайдо бўлди.

«Айни вақтда петицияга имзо қўйганлар сони 6500 нафардан ошди (минимал - 7500). 

Марҳумнинг онаси, қариндошлари ва дўстлари ушбу фожиа айбдорларини аниқлаб, жиноий жавобгарликка тортиб, жазолашни сўраб, Ўзбекистон президентига ва ҳукуматга мурожаат қилди.

Қуйида Жасурбекнинг онаси томонидан ёзилган мактуб келтирилади. Бу мактуб ўсмирнинг ўлимидан олдинроқ ёзилган.

Менинг ўғлим, 1999 йил, 11 декабрда туғилган Иброҳимов Жасурбек Маҳаммаджон ўғли, Боровский номидаги тиббиёт коллежининг 2-курсида, 213-гуруҳда таълим олади. У одобли бола, яхши ўқийди, ичмайди, чекмайди, спорт билан шуғулланади. У отаси ва кичик фарзандларимиз билан яхши муносабатда. Мен ва турмуш ўртоғим олий маълумотлимиз ва барча фарзандларимиз соғлом оилада, меҳр ва муҳаббат билан тарбияланмоқда.

3 май куни, мен ишга кетаётганимда, соат 08:30да ўғлим уйда эди, шу куни унинг коллеждаги дарслари соат 13:20да бошланиши керак эди. Кечки соат 17:08да ўғлим Жасур менга уйимиз телефон рақамидан қўнғироқ қилди ва тезроқ уйга келишимни сўради. У йиқилиб тушгани ва бурнидан тўхтамай қон оқиб, қорни қаттиқ оғриётгани ҳақида айтди.

Унинг овози мени қаттиқ қўрқитиб юборди, чунки у сўзларни зўрға айтар,  унинг гапларини тушуниш қийин эди. Уйга қайтишда мен «Тез ёрдам» машинасини чақирдим ва шу заҳоти турмуш ўртоғим Маҳаммаджон Турсуновга қўнғироқ қилиб, ундан уйга тезроқ етиб келишни сўраб, унга Жасур йиқилиб тушганини, унинг қўрқинчли овозда гапирганини айтдим.

Мен ва турмуш ўртоғим уйга бир вақтда етиб келдик, биз подездда кўришиб, уйга кираётганимизда эшик очиқлигини кўрдик, ичкарида Жасур баланд овозда инграётганди. Болалар хонасига югуриб кирдик ва қўрқинчли манзарага дуч келдик: Ўғлим полда ички кийимда букилиб ётар, қаттиқ инграрди. Унга югуриб бориб, бошини кўтарганимизда унинг ҳолатидан даҳшатга тушдик: унинг бурни, оғзи ва қулоқларидан қон оқар, бели моматалоқ, тирсаклари шилинган, тиззалари синган, пешонаси ёрилганди.

Биз уни дарҳол каравотга ётқиздик, аммо у бақирар, қорни қаттиқ оғриётганини айтарди. Қорнининг ўнг томонига қараб, пойабзалнинг изларини, томоғи, жағ соҳаларида бармоқлар изларини кўрдик. Мен ундан нима бўлганини сўраганимда, у Вестминстер университети яқинидаги лотокка тушиб кетганини айтди.

Каравот тўлиқлигича қонга беланган, гиламда қонли эди, бир четда Жасурнинг синган телефони ётарди. Мен ҳўл сочиқ учун ваннахонага кирганимда, ванна, раковина, унитаз, пол қон билан қоплангани, полда унинг кийимлари ётгани (жинси шими тиззалари йиртилган  ҳолда эди), кийимлар чанг экани, шим ва кўйлакда қон юқи борлигини кўрдим.

Соат 17:40да «Тез ёрдам» машинаси етиб келди ва бизни Юнусободдаги 17-шаҳар касалхонасига етказди, Жасур йўл бўйи инграб борди. УТТ ўтказилгач, шифокорлар ўғлимда буйрак ва ошқозоности бези ишдан чиқиши юз берган бўлиши мумкинлиги, рентген маълумотлари эса мия чайқалиши ва бурун қисмида синиш борлигини кўрсатгани ҳақида айтишди. Шифокор бизни 5-болалар касалхонасига юборди, чунки ўғлим 18 ёшга тўлмаган эди.

«Тез ёрдам» машинаси Юнусободдаги 5-болалар касалхонасига етиб келганида, ўғлим қон қусишни бошлади. 5-болалар касалхонаси навбатчи шифокори ўғлимни олиб қола олмаслигини, унда ички органларда жуда жиддий жароҳатлар борлигини айтиб, бизни 14-болалар касалхонасига («Саёҳат» меҳмонхонаси яқинида) жўнатди.

Соат 19:00да «Тез ёрдам» машинаси бизни 14-болалар касалхонасига олиб келди, бу ерда Тоҳир исмли бош шифокор ўринбосари боламизни кўрикдан ўтказиб, уни зудлик билан реанимацияга жойлаштирди (бунинг учун она сифатида унга таъзим қиламан). Шифокор Жасурнинг танасидаги жароҳатлар зарбалар оқибати экани, бу бир неча шахс томонидан амалга оширилган калтаклаш туфайли пайдо бўлганини айтди. Шифокорлар ундаги жароҳатларни суратга туширишди.

Кейинги икки кун мобайнида ўғлимни кўрикдан ўтказишди, бу вақт давомида унга кучли оғриқ қолдирувчи препаратлар берилди, чунки у оғриқлардан қийналаётганди.

Бироқ ўғлимнинг аҳволи кескин ёмонлашди, соат 11:30да бизни МRT’га юборишди, натижалар олингач, соат 19:00да рентген қилиб, кейин операция хонасига ўтказишди. 5 май куни соат 19:30да операцияни бошлашди, операция 5 соатдан ортиқ, 24:30гача давом этди.

Операцияни 3 врач — бош шифокор ўринбосари Тоҳир, бош жарроҳ Норбўта ва навбатчи масъул жарроҳ (исмини эслай олмадим, рус эркак) ўтказди. Операция тугагач, шифокорлар менга ўғлимнинг аҳволи оғирлиги, операция мураккаблиги, Жасурда ўн икки бармоқли ичак зарарлангани, буйрагини тўла гематома қоплагани, ошқозоности бези жиддий лат егани, бошқа органлари ҳам жароҳатлангани, перитонит (йиринглаш) бошлангани туфайли қорин бўшлиғи тўқимасининг бир қисми олиб ташланганини маълум қилишди.

Шунингдек, шифокорлар ўғлимни бир неча киши дўппослагани бўйича тахминимни тасдиқлашди, ўғлим ҳам ҳушига келгач, биринчи зарбадан кейин йиқилгани, туришга уринганида, тиззалаб турганида, турли томондан тепкилашгани, кейин ҳушини йўқотгани ҳақида айтди.

6 майдан 8 майгача вақт давомида ўғлим оғир аҳволдалигича қолди, 8 май куни соат 21:00да уни яна жарроҳлик столига ётқизишди.

18 май куни аҳволи оғирлиги туфайли, ўғлим 16-шаҳар касалхонасига ўтказилди.

19 май куни ўтказилган операцияда эса унинг ўт пуфагини олиб ташлашди.

20 май куни такрорий операция ўтказилди. Кеча, 28 май куни қон кетиши бошлангани туфайли, соат 23:00да яна мажбурий операция ўтказишди. Ҳозирда ўғлим жуда оғир аҳволда реанимацияда қолмоқда.

5 май куни соат 10:00да, касалхонага келганимда, реанимация олдида Исломнинг отаси турганини кўрдим. Кейинроқ реанимация мудири Маҳфуза Тўлқиновна эрталаб соат 7:30да Жасурни кўргани бобоси келгани ва у билан гаплашгани ҳақида айтиб, уни кўрсатди. Лекин у ҳеч қанақасига ўғлимнинг бобоси эмас — у менинг ўғлимни урган Исломнинг отаси!!!

Бу кунларда, ўғлим касалхонада ётганида аслида нима бўлганини ўзим аниқлашга ҳаракат қилдим.

Бу ўғлимни гуруҳ бўлиб дўппослашга алоқадорлар рўйхати:
1. Ислом, 2-курс,
2. Ўлмас, 2-курс,
3. Тимур, 3-курс,
4. Ҳурмат, 3-курс,
5. Тимур, 2-курс,
6. Бекзод, 2-курс.

Уларнинг иккиси безори сифатида рўйхатда ҳам туради:
Тимур, 3-курс,
Ҳурмат, 3-курс.

Шунингдек, муштлашувда иштирок этган Боровскийнинг бошқа ўқувчилари айтишича, Исломнинг отаси ва онаси адвокат, у милицияни сотиб олган ва бу иш, аввалгилари каби ёпди-ёпди бўлиб кетади.

Уларнинг айтишича, Ўлмас орқадан келиб ўғлимни куч билан тепган, сўнг ўғлим йиқилган, қолганлар эса уни ҳар томондан тепкилашни бошлаган, охирида Ўлмас ерда ётган ўғлимни суратга туширган.

2-3 ой аввал ҳам Боровский ўқувчилари ўртасида шунга ўхшаш муштлашув бўлган, Ислом ва Ўлмас 2-курсда ўқийдиган Темурни дўппослаган, у юзидан жароҳатлар олган (юзига бир неча чок тушган), шундан сўнг уни суратга олиб, ҳаммага намойиш этишган, Темурни узоқ вақт масхара қилиб юришган.

Бу иш ёпилган, Ислом ва Ўлмас жабрланувчига 200 доллардан пул берган. Коллеж талабаларининг сўзларига кўра, Ислом ва Ўлмас кучсизроқ талабаларни доимо калтаклашган, уларнинг ота-онаси пул билан жабрланувчиларнинг оғзини ёпишади, шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетаверади. Бу ўсмирлар эса калтаклаш ва бу жараённи тасвирга туширишдан, шунингдек, ҳеч бир жазога мубтало бўлишмаётганидан ҳайвоний лаззат олишади.

Мен бу воқеа ҳақида декан Мариэлла Туленовнадан сўраганимда у «ҳеч қандай қўрқинчли воқеа бўлгани йўқ», деб жавоб берди. Агар шундай бўлса, улар томонидан калтакланган ўзбек гуруҳи 2-босқич талабаси Темур нега ўзи билан бўлган ҳодиса ҳақида айтишдан ва уни ҳам ўғлим, Жасурнинг кўйига солишларидан қўрқади?

3 майдаги муштлашув қаерда юз берганини аниқладим — бу соат тахминан 12:00-16:00 оралиғида Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси ва 145-мактаб ҳудудларига туташ жойда рўй берган. Ҳарбий прокуратура биносида видеокузатув камералари бор ва ҳодиса камераларга ёзиб олинган бўлиши мумкин. Гаражлар олдида стоматология клинкаси бор (Истиқбол кўчаси, 25-уй), клиника ходимлари Нигина ва Лена оқ кўйлакдаги 7 ўсмирни кўрганини, улардан бири қонга белангани, қолган олти бола Нигинага қонга беланган бола ўзи йиқилиб тушганини айтишган, Нигина ва Лена ўғлимга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишган.

Аммо, СИЗга йўллаётган мурожаатимга қадар на биз, на мазкур ўсмирлар «банда»си сўроқ қилинди, ҳатто видеоёзувни олишга ҳам қизиқиб кўришмади. Бу вазиятга на Боровский коллежининг педагогик жамоаси, на бу ўсмирларнинг ота-оналари, на туман ички ишлар бошқармаси муносабат билдираётгани тушунарсиз ҳолат. Айнан шундай ярамаслар вояга етгач, ўз Ватанини сотади ва турли криминал гуруҳларга, жумладан, ИШИД сафига қўшилади.

Мен муштлашувга алоқадор олти ўқувчининг фамилияларини ўқитувчилардан сўраганимда, улар бу ўқувчиларнинг фамилияларини билмасликларини айтишди.

Аввалига, 4 май куни Ислом ҳақида декан Мариэлла Туленовнадан сўраганимда, у бу ўқувчи дарсда бўлганини айтди. Бир неча кундан кейин эса Исломнинг ўқитувчиси Жанна Воротникова Шуҳратовна ўз дарсини ташлаб, очиқ дарсда қатнашиш учун бошқа синфга чиққанини, қайтиб келганида Ислом дарсда бўлганини айтди. 19 май куни эса декан ўқувчилар танаффус вақтида ташқарига чиққанини, Ўлмас (2-курс, 226-гуруҳ ўқувчиси) муштлашувда умуман қатнашмаганини айта бошлади. Модомики, Жанна Воротникова Шуҳратовна, «Шахс ва жамият» фани ўқитувчиси ва декан Мариэлла Туленовна ёлғон гапириб, безориларни яшираётган экан, коллеж маъмурияти (директор) Лутфи Йўлдошевна Юсупова қаерга қараяпти? Балки, маъмурият уларга бундай ҳаракатлар учун рухсат берар ва уларнинг жиноий ҳаракатларини пул эвазига яширар???

Умид қиламанки, адолат қарор топади ва барча айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади.

Адолат қарор топишига умид қиламан».

Мавзуга оид