Спорт | 03:27 / 14.06.2017
55226
4 дақиқада ўқилади

Қатарда драма. Ўзбекистонга яна ёрдам беришди

Осиё минтақаси ЖЧ-2018 саралаши А гуруҳида 8-тур Қатар ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин якунланди. Доҳада кечган драматик баҳсда мезбонлар 3:2 ҳисобидаги ғалабага эришди.

Ўйиннинг 25-дақиқасида Ҳасан Ал-Ҳайдос жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, мезбонларни олдинга олиб чиққан гол муаллифига айланди. Биринчи бўлимда бошқа гол урилмади.

Иккинчи бўлим Қатарнинг ҳужумлари билан бошланди ва бу ҳужумлар 51-дақиқада ўз самарасини берди, мезбонларнинг ажойиб ташкиллаштирган комбинацияларини Акром Афиф чиройли гол билан якунлади - 2:0.

Аммо кўп вақт ўтмасдан, учрашувнинг 62-дақиқасида меҳмонлар ҳисобни қисқартиришга эришди, ўнг қанотдан олдинга ўтган кореялик футболчи тўпни марказга узатди, Ки Сонг Ён уни тўхтатиб ўтирмай дарвозага йўллади ва жамоасининг илк жавоб голига муаллифлик қилди.

70-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда меҳмонлар яна ўнг қанотдан ҳужум ташкиллаштирди, жарима майдонига узатилган тўпни Ҳван Ил Су шериги Ҳван Ҳи Чанга ташлаб берди ва ҳужумчи мўлжалда адашмади - 2:2.

Орадан 4 дақиқа ўтиб эса мезбонлар тезкор ҳужум уюштиришди, Табата Ҳасан Ал-Ҳайдосни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқарди. Қатарлик ҳужумчи эса ўз имкониятидан унумли фойдаланди - 3:2.

Қатарнинг ушбу ғалабасидан сўнг гуруҳдаги вазият чигаллашди. Қатар (7 очко) Хитойни ортда қолдириб бешинчи ўринга кўтарилиб олди, Жанубий Кореядаги очколар сони 13талигича қолди ва бу терма  жамоа иккинчи ўриндан кўтарилмади 12 июнь куни Эронга ютқазгач, 12 очко билан учинчи ўриндан қимирламаган Ўзбекистондан узоқлашиб кета олмади. Қатарнинг ғалабаси Самвел Бабаян қўли остидаги Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига ишлади, энди ўзбекистонлик футболчилар кейинги икки турда Хитойни сафарда, Жанубий Кореяни Тошкентда енгиб, ЖЧ-2018га тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиши мумкин. Эрон эса Ўзбекистонни енгиб, Россияда ўтказиладиган мундиал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, Жанубий Кореянинг мағлубиятидан кейин, гуруҳдаги биринчи ўринни нақд қилди.

Бундан аввалроқ, тур доирасидаги бошқа учрашувда Хитой Сурияга қарши ўйинда дурангга эришган, бу натижа эса тўртинчи ўриндаги сурияликлар учинчи ўриндаги Ўзбекистонга етиб олмаслигини таъминлаганди.

Сентябрда бўлиб ўтадиган навбатдаги, 9-турда Ўзбекистон Хитойга сафар қилади, Сурия Қатарни қабул қилади, Эрон эса Сеулда Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади.

ЖЧ-2018 саралаши
8-тур

Қатар - Жанубий Корея 3:2
Голлар: 1:0 – 25 Ал-Ҳайдос, 2:0 – 51 Афиф, 2:1 – 62 Ки Сон Ён, 2:2 – 70 Хван Хи Чхан, 3:2 – 74 Ал-Ҳайдос.
Қатар: Саад Ал-Шииб, Муҳаммад Муса, Абдулкарим Ҳассан, Муҳаммад Касола, Али Асадулла, Ҳасан Ал-Ҳайдос, Иброҳим Мажид, Педро Сориа, Буалим Хоухи, Акрам Афиф, Родриго Табата.
Жанубий Корея: Квон Сун Тхе, Ким Жин Су, Квон Те Хве, Жанг Ҳвен Су, Чҳво Чол Сун, Ҳан Кук Енг, Сон Ҳин Мин, Ки Сонг Йўнг, И Же Сонг, Жи Донг Вон, Ҳван Ҳи Чан.
Огоҳлантиришлар: Чхве Чхоль Сун (24), Маджид (36)

Мавзуга оид