Жаҳон | 21:20 / 24.10.2017
8836
2 дақиқада ўқилади

Хитой ўз Кремний водийсини барпо қилишга киришди

Фото: EAST NEWS

Хитой ҳукумати Кремний водийсининг муқобили бўлган Сюнъанда қандай компанияларни кўришни хоҳлашини маълум қилди. Унга жорий йилнинг апрель ойида Пекин жанубидан 100 километр нарида Си Цзиньпин томонидан асос солинган. South China Morning Post шу ҳақида хабар берди. 

Амалдорлар Сюнъань резиденти сифатида биотехнологиялар, қайта тикланувчи энергия ва янги материаллар билан шуғулланувчи АТ-компанияларни излашмоқда. Коммунистик партиянинг Хэбэй провинциясидаги бўлими раҳбари Чэнь Ган шу ҳақида маълум қилган. 

"Бўлғуси шаҳарда кўп компаниялар рўйхатдан ўтишига қарамай, уларга розилик беришдан олдин яхшилаб саралаймиз, - дейди у. - Шунингдек биз баъзи компанияларнинг кўчишига ёрдам берамиз, чунки Сюнъанда 1,28 миллион кишидан иборат маҳаллий аҳоли бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам юқори технологик иш ўринларини эгаллай олмайди".

Беш олим томонидан асос солинган Kuang-Chi Group Сюнъанга биринчилар қаторида кўчиб ўтадиган компаниялардан бири бўлади. Веб-сайтга кўра, унга 2010 йилда асос солинган ва у метаматериаллар, телекоммуникациялар, аэрокосмик ишланмалар, интеллектуал шаҳар инфратузилмаси, сунъий интеллект ва соғлиқни сақлаш рақамли технологиялари билан шуғулланади. Ўтган ойда у Сюнъанда янги материаллар билан шуғулланувчи бўлимни рўйхатдан ўтказди. 

Мамлакатнинг China Mobile, Baidu, Tencent ва Alibaba каби деярли барча йирик АТ-компаниялари ўз бизнесининг муайян қисмини Хитой Кремний водийсига кўчириш ҳақида маълум қилган. 

Мавзуга оид