Жаҳон | 14:40 / 01.12.2017
16803
3 дақиқада ўқилади

«У сизга Димон эмас». Медведев Навальнийни нега судга бермаганини айтди

Россия бош вазири Дмитрий Медведев ўз интерьюсида мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийни нега судга бермаганини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, Навальний Коррупция билан кураш жамғармасининг (ККЖ) «У сизга Димон эмас» («Он вам не Димон») фильмини тақдим этганди. Медведевнинг айтишича, Навальнийни «қўшимча реклама» қилмоқчи эмас.

«Ярамаслар ва фирибгарлар ҳақида қанча кўп гапирсанг, улар шунча машҳур бўлиб кетади», - дея айтиб ўтди Медведев. Айнан шунинг учун, бош вазирнинг сўзларига кўра, у Навальнийни судга бермаган. «Уни қўшимча тарзда реклама қилишимнинг нима кераги бор? Ҳеч қандай мантиқ йўқ. Агар улар фирибгар бўлса – демак, фирибгарлигича қолади», - дея қўшимча қилиб ўтди у. Медведев бу борада батафсил изоҳ беришдан бош тортган: «Йўқ, интервьюлардан бирида у ерда нималар қилингани ҳақида ҳаммасини айтиб бердим. Бошқа изоҳ бера олмайман».

Медведевдан ушбу интервью давомида режиссёр Кирилл Серебренников ва «Еттинчи студия» («Седьмая студия») бўйича иш борасидаги фикрлари билан ҳам қизиқишди. Эслатиб ўтамиз, Серебренниковни 68 миллион рублни ўғирлашда айблашмоқда. Медведев бу ҳолатни «шов-шувли» деб атади, бироқ ўз позицияси ҳақида батафсил гапиришдан бош тортди. «Бундай нарсаларга изоҳ бериш – шарт бўлмаган нарса», - деди у.

Дмитрий Медведев шу ва бошқа саволларга 2008 йилдан бери ҳар йили ўтказиладиган интервьюда жавоб берди. Бу сафар у билан журналистлар Валерий Фадеев (Биринчи канал), Сергей Брилев (ВГТРК), Ирода Зейналова (НТВ), Михаил Фишман («Дождь») ва Игорь Полетаев (РБК) суҳбатлашди.

Маълумот учун, ККЖнинг «У сизга Димон эмас» суриштируви 2 март куни эълон қилинди. Фильмда иддао этилишича, Россия бош вазири кўчмас мулклар, яхталар ва бошқа нарсаларга нотижорий жамғармалар тармоғи орқали эгалик қилади, уларни эса унинг «дўстлари, курсдошлари ва ишонган одамлари» бошқаради. Ушбу суриштирув эълон қилинганидан сўнг, 26 март куни бутун Россия бўйлаб «У сизга Димон эмас» коррупцияга қарши кенг кўламли митинглари бўлиб ўтди.

Мавзуга оид