Жамият | 16:45 / 17.12.2017
15636
2 дақиқада ўқилади

Хайрия акцияси: куйиш жароҳатини олган Дилфузахон Ҳиндистонга даволангани учиб кетди

Фото: Kun.uz

Хабарингиз бор KUN.UZ сайти орқали “Маҳзун кўзлар яна кулсин: Дилфузахонни соғлом ҳаётга қайтариш учун моддий кўмак зарур” сарлавҳаси остида хайрия мақоласи эълон қилинган эди. Унда қизиб турган ёққа тушиб кетган ва бунинг оқибатида ички аъзолари жиддий зарар кўрган Дилфузахон Тўраева ҳақида гап кетади.

Мақола жорий йилнинг 22 ноябрь куни эълон қилинди. Саховатли, сахий ва савобталаб инсонлардан қизчанинг Ҳиндистонга бориб, жарроҳлик амалиёти ўтказиб келиши учун моддий кўмак кўрсатишлари сўралганди. Орадан кўп ўтмай, бу хайрли иш амалга ошди.

Бугун, 17 декабрь куни Дилфузахон ўз ота-онаси ҳамроҳлигида Ҳиндистонга жўнаб кетди. “Менга ёрдам берган барча-барчадан миннатдорман. Ҳеч ким касал бўлмасин. Ниятим у ердан тузалиб қайтиб келиб, соғлом болалар қаторига қўшилишдир”, дейди Дилфузахон сафар олдидан биз билан суҳбатда.

Инсонларнинг бир қизчага шифо тилаб, моддий ва маънавий кўмак кўрсатишганидан унинг ота-онаси ҳам рози. Қўллари доим дуода. 

“Мен айни дамда ҳис қилиб турган туйғуларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Қизимга саховат қилган сахийлардан Аллоҳ рози бўлсин. Ҳеч кимнинг жигарбанди дард чекмасин”, дейди қизчанинг отаси Абдурашид Тўраев.

Мазкур хайрия акцияси муваффақиятли ўтганидан биз ҳам хурсандмиз. Дилфузахоннинг рози кўзларига қараб бунга яна бир бор амин бўламиз. Дуода бўлайлик, бу ишлар сўнгги нуқтасигача хайрли бўлсин.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

 

Мавзуга оид