Спорт | 15:47 / 23.12.2017
23255
9 дақиқада ўқилади

Эл-класикони ёмон кўриш учун 10 сабаб

Бугун барча даврларнинг энг кўп муҳокамада бўладиган учрашуви бўлиб ўтади. «Реал» «Барселона»га қарши, Мадрид Каталония қарама-қаршилиги. Аммо бу фақатгина шу билан тугамайди. Бутун дунё бу ўйин куни иккига бўлинади. Бутун дунё кўрадиган ўйинда кимдир бир томон, кимдир бошқа томонда бўлади.

Лекин шу ўйинни ҳам ёқтирмаслик, ёмон кўриш мумкин. Tribuna.Uz «эл-класико»ни ёмон кўриш учун 10та сабабни санаб ўтади.

1. ФУТБОЛДАН КЎРА БИЗНЕС
Бу қандайдир шиширилган пўкакка ўхшайди. Бўлади-ку, масалан, терма жамоамиз бирор турнирда қатнашса, то ютқазиб чиқиб кетмагунча, ҳамма ўша турнир ҳақида гапиради. Гўёки, футбол мана шу ўйиндан олдинги ва кейинги даврларга бўлингандек. Месси нима қиларкин, Суарес гол урармикин, Роналду майдонга тушармикин, қаерга қараманг, қайси мухлис билан гаплашманг, кимнинг мухлиси бўлсангиз ҳам шу савол - сиз кимдан чиқасиз?

Испанларнинг ўзи ҳам бу ўйиндан маст ҳолатда, миллий чемпионат қандай муаммолар ботқоғига ботмасин, улар дунёга намойиш қилиш учун, дунёга сотиш учун ягона сифатли маҳсулот шу ўйин эканини яхши биладилар. Энг ёмони, футболдаги глобализация жамоаларнинг хусусиятларини ҳам ўлдирди, энди биз Классикода Кастилья ва Каталония футболини эмас, дунёнинг икки терма жамоаси ўртасидаги ўйинни кўрамиз.

Ёзда охирги 30 йилда биринчи марта Эл Классико ўртоқлик ўйини мақомида бўлса ҳам, Испаниядан ташқарида ташкил этилди. Бугунги ўйин шу қадар эрта бўлиб ўтадики, Осиё бозорини ҳам ҳисобга олиш ният қилинган. Яқин келажакда бу ўйинларнинг балки АҚШда бўлиб ўтиши ҳам у қадар аҳмоқона кўринмаяпти, нимаям дердик, Овертон туйнуги ишга тушган.

2. «ИСПАНИЯДА ФАҚАТ ИККИ ЎЙИН БОР» ДЕЯВЕРИШАДИ
Деярли ҳар мавсум, тақвим эълон қилинадими, бошқа пайтдами, бу гаплар кўп янграйди. Ҳар йили турнир жадвалининг юқорисида мана шу икки жамоа тургандан кейин, ўз-ўзидан Испания чемпионатидаги бошқа жамоаларни томоша қилишдан нима наф?

Аслида, ҳатто Европада ҳам «Реал» ва «Барселона»га тенглашиш осон эмаслигини, бошқа испан жамоалари ҳам тез-тез еврокубокларда ўзини кўрсатиб келишлари ҳам фикрни ўзгартирмайди, негадир. Яхшиямки Симеоне ва унинг «Атлетико»си чиқди, Лигада катта ўйинлар бир неча баробарга ошгандек бўлди.

3. СИМУЛЯЦИЯЛАРГА ТЎЛА КЎЧА ФУТБОЛИ
Ўйиннинг аҳамияти ва масъулияти шу қадар каттаки, баъзида футбол юлдузлари ҳам дош бера олмай қоладилар.

Эътибор берсангиз, бу ўйиндан кейин қандайдир тактик жиҳатлар, қандай қилиб бир тренер иккинчисини енггани ҳақида фикрлар деярли бўлмайди — бу ўйин маҳорат эмас, асаблар баҳсига ўхшаб кетади. Топ футболчилар учун умуман хос бўлмаган хатоларни кўрамиз. Нафақат хато, ўнлаб камералар суратга олаётган ўйинда, бутун дунёга намуна бўлиши керак бўлган юлдузларнинг ўзига ярашмаган қилиқлар, симуляциялар қилаётганини кўриш кўнгилни айнитади. 

4. БУ ТУРДА БОШҚА ЎЙИН ЙЎҚДЕК
Бу турда Испания чемпионатида яна қандай ўйинлар бор, биласизми? «Валенсия» ким билан ўйнайди? «Атлетико» кеча ютқазди, эшитдингизми? Йўқ.

Ҳатто Испания футболи шайдолари учун ҳам Эл-Класико бўлиб ўтадиган турда бошқа ўйинлар кўринмас мақомига кириб қолади. Аввалига нима бўлиши, кейин эса, нима бўлгани ҳақида муҳокамалар бўлаверади, бўлаверади.

Кўпинча, бунинг соясида Испан футболи характерига яқинроқ бўлган Андалус ёки Галисия дербилари ҳам сояда қолиб кетади. Афсус. 

5. КЎП НАРСА КУТИБ ЮБОРИШ
Бирор байрам ёки учрашувни интизорлик билан кутсангиз, ўша воқеа нақадар ажойиб ўтиши ҳақида турли ўйлар бўлади-а сизда? Аксарият ҳолатда, кейин, хафсала пир бўлади.

Мухлислар Эл-Класикодан шу даражада катта воқеалар кутишадики, ўйин сценарийсидаги кутилмаганлик ва ҳайрат ҳиссидан маҳрум бўлишади. Тўғри, баъзида 4:3 ёки 3.:3 ҳисобидаги ажойиб ўйинларни кўрганмиз, аммо агар одатий 1:1 ўйини бўлса, ҳеч кимнинг кўнгли тўлмайди. Худдики, ҳар бир класико пайтида «Даҳшат!» деб икки-уч марта қичқириб олиш шартдек.

Ва ҳамма Месси ва Роналдунинг азалий тўқнашуви ҳақида совун кўпиртираётган бир пайтда ўйин қаҳрамони Варан ёки Вермален бўлиб қолса, қандайдир ноқулай. Матьёнинг голи эсингиздами?

6. ФАҚАТ УЧ ОЧКО БЕРИЛИШИ
Ўйин атрофидаги гап-сўзлар ва муҳимлик даражаси ҳақида фикрларни ўқисангиз, гўёки, бу ўйинда бирор турнир масаласи ҳал бўляптими ёки Чемпионлар Лигаси финалимикин, деб ўйлаб қоласиз.

Афсуски, ундай эмас. Бу ўйин аслида оддий уч очколик ўйин ва деярли ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Чемпионат фақат класикода эмас, «Малага» ёки «Хетафе»даги ғалабалар эвазига қўлга киритилишини яхши биламиз. Аммо нега бу ўйинга шунча энергия, ғалаба учун хурсандчиликлар, муҳокамалар, мунозаралар?

Жамоалар учун худдики очко жуда муҳим бўлиб қолади, ғалаба учун жонларини беришади, бир ҳафта байрам қилишади. Бир ҳафта ўтиб эса, қандайдир ўртамиёна жамоа билан ўйинда очко йўқотилгач, маъно йўқолади гўё. Ана, Месси гол уриб футболкасини ечиб нишонлади, барибир «Реал» чемпион бўлди-ку, тўғрими?

7. ҲАММА ЖОЙНИ КЛАСИКО БОСИБ КЕТДИ
Бошқа чемпионатларда ҳам, масалан, бир шаҳар жамоалари ўйинини дерби деб аталишини тушунса бўлади. Хўп.

Аммо «Пахтакор» билан «Нефтчи»нинг ўйинини «Ўзбек Класикоси» ёки Украинада ҳам ўз «Класико»си борлигини эшитганда, беихтиёр сўкингингиз келади. Қанақа класико?

Шу билан бирга, аслида Бильбаонинг «Атлетик» жамоасининг «Реал» ва «Барселона» билан ўйинлари ҳам «Класико» деб аталишига эътибор ҳам бермаймиз.

8. КЛАСИКО БОСИБ КЕТДИ
Бир мавсумда икки марта Эл Класико бўлиши - норма. Кутасиз, томоша қиласиз, муҳимлик даражаси ҳам ошади. Ҳа, майли, Қироллик кубоги финалини ҳам қўшсак, учта бўла қолсин.

Лекин Испания Суперкубогида ҳам эл класико (тағин икки марта), Чемпионлар Лигасида ҳам класико, АҚШдаги қанақадир турнирдаям класико — меъдага тегади очиғи.

Худдики, «Ёвузлик ва яхшиликнинг ҳал қилувчи тўқнашуви, ҳар ҳафта телеканалимизда!» деб сериални реклама қилинишига ўхшаб кетади, тўғрими?

9. ҲАКАМЛАР ЭПЛАЙ ОЛМАЙДИ
Шу йилнинг ўзида Испания чемпионатида бир неча аниқ голлар ҳисобга олинмади. Видеотехнология? Нима кераги бор, ахир ҳакам хатолари ҳам ўйиннинг бир қисми-ку, дейишади футбол амалдорлари.

Айниқса, Эл Класикода, масъулият бир неча баробар кўп бўлганда, буни кўтара оладиган ҳакамларни Испанияда топиш қийин. Доим нимадир қилишади, қандайдир қовун туширишади. Ўйиндан кейин ҳакамнинг қарорларини муҳокама қилиш ҳам мухлисларнинг муҳим машғулотига айланади.

10.  ЖУРНАЛИСТЛАР МУХЛИСГА АЙЛАНАДИ
Ҳар қандай испан мутахассиси ёки журналисти студияда ўтириб олиб, «Алавес» ва «Малага» ўртасидаги ўйинни тактик жиҳатдан ажойиб таҳлил қилиб бериши мумкин. Журналистлар «Атлетико»нинг қаҳрамонликларини, «Валенсия»нинг муаммоларини куюниб сўзлаб беришлари мумкин.

Аммо гап Эл-Класикога келганда, дунё иккига бўлингандек бўлади. У ёқда Marca, бу ёқда El Mundo Deportivo ўзига жамоа танлаб олиб, ҳимоя қилишга киришади. Бири офсайд дейди, иккинчиси қарши исботини тақдим қилади, униси қизил карточка бор эди, дейди, иккинчиси сариқ ҳам йўқ эди дейди.

Бу тўполонда тўғри фикрни ахтариб овора бўлманг, ўз фикрингизга мосини танлаб олаверинг. Асослар ҳам етарлича топиб берилади.

Sports.ru материали асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид