Ўзбекистон | 21:20 / 28.12.2017
13960
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонаси Москвада калтакланган фуқарога ёрдам кўрсатади

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси мамлакат фуқароси, Домодедовода калтакланган ҳолда топилган 78 ёшли Нелла Чевтаевага ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Матбуот тарқатган маълумотга кўра, Чевтаева Москва вилоятининг Домодедово шаҳрида калтаклаш излари билан оғир аҳволда волонтёрлар томонидан топилган.

«Ҳозирги вақтда Элчихонанинг Консуллик бўлими ходими жабрланувчига ёрдам бериш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат масаласини ҳал қилиш учун Н.Чевтаева жойлашган жойга етиб борди», дейилган ТИВ хабарида.

25 декабрь куни Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Элчихонаси Консуллик бўлимига жабрланувчининг набираси мурожаат қилди ва унга шахсни тасдиқлаш тартиби тушунтирилди ҳамда тўлдириш учун анкеталар берилди. Лекин у бувиси ҳақидаги маълумотларга эга эмаслигини билдириб, ҳужжатларни олиб кетган ва Консуллик бўлимига бошқа мурожаат этмаган.

Бундан аввалроқ «Россия 24» телеканали, «Комсомолская правда» газетаси ва бошқа бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан 78 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нелла Степановна Чевтаева тўғрисида маълумот тарқатилди. У Беларусда ўз ўғли билан доимий яшаш учун 16 декабрь куни «Домодедово» аэропортига учиб келган эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид