Жаҳон | 12:05 / 10.01.2018
8628
2 дақиқада ўқилади

Япон фазогири коинотда бўйи ўсиб кетгани ҳақидаги хабари фейк эканлигини тан олди

Фото: РИА Новости

Декабрь ўрталаридан бери Халқаро коинот станциясида қолаётган япониялик фазогир Норисигэ Канаи бўйи коинотда – вазнсизлик шароитида 3 ҳафта ичида 9 сантиметрга ўсгани ҳақидаги хабари “сохта хабарлигини” тан олди ва у учун узр сўради.

8 январда Канаи твиттерда унинг бўйи ХКСда мактаб давридан бери биринчи марта 9 сантиметрга ўсгани ва бунинг учун бор-йўғи 3 ҳафта талаб қилингани ҳақида ёзганди. 

“Ўлчашлардаги хатолик муҳокамаларга сабаб бўлди – сохта хабар учун мени кечиринг. Белимда ва умуртқамда оғриқлар йўқ, елкамдаги оғриқ босилди (японлар узоқ вақт ўтириб ишлаш ва асабий тарангликдан доимо ўзи бундан шикоят қиладилар). Шу сабабли ҳатто мен ҳам, 9 см.га ўсганман, деб ўйламайман. Мен Ерга қайтишда “Союз”га сиғмаслигимдан энди хавотирланмаяпман”, деб ёзган фазогир твиттерда.

Ундан аввалроқ фазогир бўйи ўсгани ҳақидаги хабари ўлчашлардаги хатолик натижаси эканлигини маълум қилганди. Канаининг айтишича, кема сардори Антон Шкаплеров унинг бўйи ўсиб кетганига шубҳа қилган: “9 см.га ўсиш – бу жуда ҳам кўп”, деб айтган у. Шундан кейин у японнинг бўйини қайтадан ўлчаган ва натижа 182 см чиққан, яъни фазогирнинг бўйи коинотда Ердагига нисбатан 2 см.га чўзилган.

Канаининг тушунтиришича, вазнсизлик шароитида узоқ қолганда суяклар орасидаги оралиқ очилиб, одам бўйи чўзилади ва бу одатда 1-2 см.ни ташкил қилади. Баъзилар бунда бел ва умуртқаларида оғриқ сезадилар.

Мавзуга оид