Ўзбекистон | 16:31 / 17.01.2018
19600
7 дақиқада ўқилади

2017 йилда ўзбекистонликларни асосан қандай муаммолар ташвишга солди?

Фото: KUN.UZ

 «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан  “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри - 2017” мавзусида социологик сўров ўтказилди.

Унда жами мамлакатнинг барча минтақаларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги 1100 нафар киши сўралди, уларнинг 49,1%и эркаклар ва 50,9%и хотин-қизлар. 

Жамоатчилик фикри сўрови жараёнида Давлат Раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йилда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига фуқаролар берган баҳо аниқланди. Фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги – 94,9%и мамлакатдаги  жорий ижтимоий-иқтисодий аҳволни “барқарор” деб баҳолайди.

Фуқаролар шунга ишонадиларки, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да бошланган ва давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир оила ва жамиятнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар келажакда ҳам давом эттирилади. 

Ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги (90,6%) шунга ишонч билдирдиларки,  давлат раҳбари томонидан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»  деб эълон қилинган 2018 йилда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол яхшиланади,  ижтимоий ва иқтисодий ривожланишда юқори натижаларга эришилади, аҳоли даромадларининг ўсиши,  фуқаролар ҳаёти сифати ва даражасининг ошиши таъминланади.

Сўровнинг 80%дан ортиқ иштирокчилари, умуман олганда, давлат ва жамият ҳаётининг кўпчилик соҳаларидаги тараққиётдан, жумладан, мамлакатда тинчлик, хотиржамлик ва тартибни сақлашга қаратилган чоралардан, аҳоли шахсий хавфсизлигининг таъминланганлиги даражасининг ошганлигидан,  иқтисодий фаолиятни ривожлантириш ва амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек,  хусусий мулк ва  тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг  таъминланганлигидан қониқадилар.   

Жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики,  2018 йилда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро муносабатларида ривожланишнинг янги босқичи бошланди. Фуқароларнинг ҳисоблашича, давлат раҳбари раҳбарлигида мамлакатимиз халқаро майдонда ўз мавқеини анча мустаҳкамлади,  хорижий ҳамкорлар билан  ҳар томонлама ўзаро фойдали ва амалий ҳамкорлик янада ривожланишда давом этди. Мамлакат президентининг қўшни мамлакатлар билан алоқаларни фаоллаштириш,  улар билан яхши қўшничилик,  дўстлик, шерикчилик муносабатларини ўрнатиш, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича илгари сурган ташаббуслари ўзбекистонликлар томонидан ижобий қабул қилинди.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакат халқаро нуфузининг мустаҳкамланганлиги, жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон обрўсининг ошганлиги ўтган йилда ташқи сиёсат соҳасида Ўзбекистон эришган бош натижалар бўлди.  Фуқароларнинг 89,4%и шунга ишонадики, мамлакат  президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда қўшни давлатлар ва халқаро сиёсий саҳнанинг етакчилари билан тенг ҳуқуқли мулоқот олиб боришга имкон берувчи самарали ташқи сиёсат амалга оширилмоқда. 

Сўровнинг кўрсатишича,  фуқароларнинг  57,8%и Ўзбекистонда ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар  ўзларининг шахсий фаровонлиги  ва  оилаларининг моддий аҳволига  ижобий таъсир қилганлиги ҳақида фикр билдирдилар. Ҳарбий хизматчилар, давлат муассасалари ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари, тадбиркорлар, мамлакатнинг турли минтақаларидаги фермерлар  ўз моддий аҳволининг яхшиланганлигини ва оиласи фаровонлиги ошганлигини қайд қилдилар

Кўпчилик фуқароларнинг (90,5%) фикрича, ушбу йил улар учун қулай, жамият ва давлат ҳаётининг кўп соҳаларида, шунингдек, шахсий ҳаётда ўзгаришларга бой йил бўлди. 2017 йилда, тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, ўзбекистонликлар  «яхши,  кўтаринки» кайфиятни кўпроқ ҳис қилдилар. Аҳоли ўртасида умумий ижобий кайфиятнинг ҳамда жорий ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳволдан қониқишнинг устуворлик қилиши,  фуқароларнинг фикрича, турмуш шароитлари ва сифатининг яхшиланиши, ўзбекистонликларнинг эртанги кунга ишончи билан боғлиқдир.

Тадқиқот натижалари бўйича 2017 йилда ўзбекистонликларни нархлар, коммунал хизматлар ва ижара  ҳақи, кредитлар, солиқларни тўлашдаги қарзлар туфайли келиб чиққан  муаммолар ташвишга солди. Газ, ичимлик суви билан таъминлаш масалалари, мактабгача таълим муассасаларининг етишмаслиги, юқори бўлмаган пенсиялар ва ижтимоий нафақалар ҳам фуқароларнинг айрим тоифалари учун  ташвиш ва безовталик манбалари бўлиб ҳисобланади. 

Мамлакат фуқаролари шунга ишонадиларки, аҳолининг мавжуд муаммолари яқин келажакда аста-секин ҳал қилинади. Сўров кўрсатганидек,  респондентларнинг ҳисоблашича, фуқароларнинг ҳаёти сифатини яхшилаш,  аҳолининг аниқ даромадларини ошириш мақсадларида мамлакатдаги ислоҳотларни давом эттириш,  фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, кам таъминланган оилалар сонини камайтириш;  янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича ишларни ўтказиш зарур.

Мутлақ кўпчилик фуқароларнинг (82,9%)  фикрича, Ўзбекистон Республикаси президенти Виртуал қабулхонасининг ва мамлакатнинг барча минтақаларида «Халқ қабулхоналари»нинг  ташкил этилиши 2017 йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди,  у давлат органларининг аҳоли билан ўзаро ҳамжиҳатлигини тубдан ўзгартирди ҳамда ҳар бир инсон ва мамлакат фуқароси учун муҳим бўлган муаммоларни амалий ҳал қилишнинг таъсирчан воситасига айланди. 

Сўровнинг кўрсатишича, фуқароларнинг 83%и ўзларини бахтли деб ҳисоблашади. Мамлакатдаги тинчлик, оиладаги фаровонлик ва меҳр-муҳаббат, яқин кишиларнинг саломатлиги, Ватанимизда юз бераётган ҳамда юртнинг, оила ва фарзандларнинг ёруғ келажагига ишонч уйғотаётган янгиланиш жараёни уларга бахт туйғусини ҳис қилишга имкон беради.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги ўз ҳаётларининг қандай кечаётганидан қониқадилар. Сўров иштирокчиларининг 80%дан ортиғи шунга ишонч билдирдиларки,  2018  йил – «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» янада муваффақиятли бўлади,  қўйилган мақсадлар ва вазифаларга эса эришилади.

Сўровнинг кўрсатишича, иштирокчиларнинг мутлақ кўпчилиги (90,2%) мамлакат президенти ўтказаётган сиёсат аҳолининг орзу-умидларини тўла оқлади, деган фикрни билдирдилар. Давлат Раҳбари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва 2017 йилда мамлакат иқтисодиёти, ижтимоий соҳа, фан ва таълим, ахборот-коммуникатив технологиялари,  саноат,  суд-ҳуқуқ тизими,  фермерлик ва тадбиркорлик,  уй-жой қурилишини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, инвестициялар жалб қилиш  бўйича   эришилган натижалар  фуқароларнинг орзу-умидларига мос келади. 

Мутлақ кўпчилик фуқароларнинг (93,7%) ҳисоблашича Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев  юксак обрўга ва халқнинг ишончига сазовор бўлмоқда, у  мамлакатнинг давлат тақдири ва аҳоли фаровонлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олган етакчиси бўлиб ҳисобланади. 

Мавзуга оид