Жамият | 15:17 / 09.02.2018
85299
7 дақиқада ўқилади

Судга номаълум ҳақиқат аслида қанақа?​

Атрофимизда учраб турган айрим вазиятлар шунчалар қизиқки, унда фуқаронинг шахсий мол-мулки тортиб олинса ҳам ҳеч қайси ташкилот «​пинагини ҳам бузмайди»​. Kun.uz таҳририятига келиб тушган мурожаат муаллифи қонуний йўл билан сотиб олган уйини ўзгалар эгаллаб олгани ҳақида ёзади.

Гап шундаки, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи Акмал Миликов 2010 йил 10 ноябрда Шаҳрисабз тумани «Янгиқишлоқ» массивида қурилаётган намунавий уй-жойлардан бирини харид қилиш учун «Қишлоқ қурилиши инвест» ИК Қашқадарё филиалига мурожаат қилган. Акмал компания мутасадди вакиллари билан дастлабки шартномани тузиб, массивда қурилиши назарда тутилган 6 дона 5 хонали уйлардан бирини сотиб олишни ният қилганди. Ўрнатилган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирган Миликов уй-жойни ипотека кредити асосида сотиб олиш мақсадида дастлабки бадал тўловини бажариш учун «Қишлоққурилишбанк» Қашқадарё вилояти филиалида 23 миллион 250 минг сўм маблағни шакллантирган.

Орадан бироз муддат ўтиб, Лобар Норбоева ҳам худди шу массивда уй олишни истаб, компания билан шартнома тузади. Дастлабки шартномадан тортиб то кадастр ҳужжатлари тайёрлангунга қадар Лобар 4 хонали уй-жойни харид қилиш учун имзо чекди. Акмал Миликов шартномада кўрсатилган талабга кўра, 5 хонали уй-жойнинг умумий баҳосидан келиб чиқиб, 25 фоиз маблағни, яъни 2010 йил 19 ноябрда 23,2 миллион сўм маблағни банкка тўлаган. Орадан қарийб бир ой ўтиб, Лобар ҳам дастлабки тўлов бадалини шакллантиради.

Барча муаммо ана энди бошланди: уй-жой қуриб битказилиши билан Лобар Норбоева Акмалнинг 5 хонали уйига эга чиқди. Мантиққа зид бўлсада, қайта такрорлаймиз: 4 хонали уй-жойни сотиб олишга шартнома қилган Лобар бироз муддат ўтиб Акмалнинг номига қонуний расмийлаштирилган 5 хонали уйнинг бахтли соҳибасига айланди-қолди.

Гарчи «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК вакиллари барча ҳужжатлар асосида 5 хонали уй Миликовга тегишли эканини, у ўз вақтида кредит суммасини сўндириб келиши, кадастр ҳужжатлари ҳам унинг номига расмийлаштирилганини таъкидласада, Лобар Норбоева бошқа «ечим» билан судда ​ютиб чиқди​.

Эмишки, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК вакили Б.Ҳасанов бўш шартнома бланкаларининг остига Акмал ва Лобарга имзо қўйдирган, кейинчалик уларнинг розилигисиз шартномани тўлдириб, билмасдан адашган ҳолда Акмалга 5 хонали уй, Лобарга 4 хонали уйни ёзиб қўйган. Б.Ҳасановнинг терговда берган кўрсатмасига кўра, аслида тескариси, яъни Лобарга 5 хонали, Акмалга 4 хонали бўлиши керак бўлган экан. Б.Ҳасановга нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2016 йил 31 майда Китоб туман ИИБ қарори билан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 1-бандига кўра, ҳаракатдан тугатилган. Соддароқ қилиб айтганда, «шартнома тўлдиришда адашган» мутасадди вакил жазога тортилмай қолаверган.

Энди вазиятга реал қараймиз.

1) 2010 йили фуқаролар намунавий уй-жой олиш учун ариза беришган. Акмалнинг аризасида 5 хона, Лобарнинг аризасида 4 хона ёзилган.

2) Аризаларга мувофиқ фуқаролар билан шартнома имзоланган. Акмалнинг шартномасида 5 хона, Лобарникида 4 хона ёзилган. Фуқаролар шартномага ўз имзосини қўйишган.

3) Шундан сўнг фуқаролар уй-жойга дастлабки бадал учун тўлов қилишган. 2010 йил 19 ноябрь куни Акмал 23,2 миллион тўлаган. Лобар эса декабрь ойида аввал 10 миллион, кейин 9 миллион 575 минг сўм, яъни 19 миллион 575 минг сўм тўлаган. Шундан кейин яна 5 кун ўтиб 2 миллион 800 минг сўм қўшиб тўлаган.

4) 2011 йили уйлар кадастр қилинган. Акмалга 5 хонали уй кадастр қилиб берилди. Лобарга эса 4 хонали уй.

5) Фуқаролар кредит тўловини сўндириб келмоқдалар. Акмал 5 хонали уй учун 8 йилдан буён кредит тўлаб келади.

Мана шунча факт, шунча расмий ҳужжатлар турган бир пайтда орадан 6 йил ўтиб  бир кишининг оғзаки кўрсатмаси билан, яъни “мен адашиб кетган эканман, узр” деган оғзаки гап билан Акмалнинг 5 хонали уйи тортиб олиниб, бировга бериб юборилди.

Ажойиб-а, тўғрими?!

Акмалнинг уйини тортиб олиниш воқеасида энг катта хатолик ва судни чалғитган жойи «Қишлоққурилишбанк»нинг ҳалигача тушунарсиз ва изоҳ бера олмаётган иши туфайли юзага келган.

Яъни Акмал дастлабки бадални шакллантириш учун 2010 йил 19 ноябрда 23,2 миллион сўм маблағни банкка тўлаган. Лекин банк шу пулнинг фақат 19,6 миллион сўм маблағни «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК ҳисобига дастлабки тўлов бадали сифатида ўтказган. Орадан тахминан беш ой ўтиб, қолган маблағни якуний бадал тўлови сифатида инженеринг компаниясига тақдим қилган. Айнан мана шу жойини “ушлаб” олган суд, Акмал 4 хонали уйга тўлов қилган, дея хулоса бермоқда, бироқ аслида у банкка 23,2 миллион сўм тўлаганини ҳеч ким эшитишни истамаяпти.

Хўш, ўз-ўзидан савол туғилади, нима учун банк Акмал учун 19,6 миллион сўм ўтказган?

Банк мутасадди вакили маблағларни «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК билан тузилган шартномада кўрсатилгани каби ўтказганмиз, бизга шунақа рўйхат келган, дея таъкидлаб, барча айбни нариги ташкилотга юклади. «Қишлоқ қурилиш инвест» юристи эса аксинча, амалдаги тартибга кўра, ҳеч қандай рўйхат деган тушунча йўқлигини, банк шартнома бўйича пул ўтказишга мажбур бўлганини, Акмалнинг шартномаси эса 5 хоналига тузилганини таъкидлаб, айни пайтда банкнинг айби билан 25%лик тўлов нотўғри ўтказилганини билдирди.

ҚҚИ юристининг гапида жон бор, чунки «Қишлоққурилишбанк» нима учун айнан кам пул ўтказганини исботловчи биронта ҳужжат тақдим эта олмади. Бунинг натижасида эса бир фуқаро уйидан айрилиб қолмоқда.

Шундай қилиб, судьялар иккита асосга кўра Акмал Миликов билан тузилган шартнома ҳақиқий эмас, деб топмоқда. Яъни, ҚҚИ вакили оғзаки равишда «айбини тан олди», банк ўз вақтида Акмал тўлиқ тўлаган дастлабки бадални компанияга ўтказиб бермаган.

Мана шу 2 тагина асос натижасида суд аслида фуқаролар ўз розилиги билан имзо қўйган ва ҳозиргача юридик кучда бўлган шартноманинг мазмунини ўзгартириб, Акмалнинг шартномасини 4 хонага, Лобарникини 5 хонага тузилган, дея ҳисоблансин деган қарорни чиқарди.

Ғишт қолипдан аллақачон кўчган, маҳалладаги фуқароларнинг айтишича, Акмалнинг ён қўшниси Лобарнинг отаси бўлади. Тасодифни қаранг, можароли иш натижасида Лобар ҳам 5 хоналига уйга эга чиқди, ҳам отаси билан ёнма-ён қўшнига айланди қолди. Машҳур мультфильмдаги “тасодифлар тасодиф эмас” деган иборани беихтиёр ёдга оласан киши.

Мультфильмни қўя турайлик, буёқда бир киши ўзининг қонуний уйидан айрилиб қолганини айтмайсизми...

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Мавзуга оид