Жамият | 12:50 / 16.02.2018
28490
5 дақиқада ўқилади

Аҳоли ўз ҳисобидан маҳаллага табиий газ ўтказмоқчи. Ҳокимият бунга нима дейди?

«KUN.UZ» таҳририятига Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унинг мазмуни қуйидагича:

«Ассалому алайкум. Биз Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманидаги «Айғиркўл» МФЙда жойлашган намунали уй-жой эгалари шуни ёзиб маълум қиламизки, 2015 йилда қурилган ва ҳозиргача қурилиши давом этаётган намунали уй-жойни 2015 йили тўлов қилиб олгандик. Мана, 2016 йилдан бери яшаб келяпмиз. Биз яшаётган маҳаллада табиий газ таъминоти йўқ. Маҳалла 23 уйдан иборат, хонадон иситиш тизими табиий газга мўлжалланган ҳолда лойиҳалаштириб, монтаж қилинган. Биз, 23 хонадон эгалари туман мутасадди ташкилоти – газ идорасига мурожаат қилганимизда, табиий газ билан таъминланмаслигимизни айтишди. Лекин сабаб келтирилмади. Негаки, намунали уй-жой шартномасининг бир бандида қаттиқ ёқилғи билан иситиш учун, деб кўрсатилган экан. Биз уйни зўрға, талашиб-тортишиб олганмиз, ҳеч ким бизга шартномани кўрсатмаган ҳам, биз ҳам қарамаганмиз. Хўп, шундай экан, шартномага қўшимча банд киритиб, ҳамма харажатини ўз ҳисобимиздан қилиб, газ тортиб келсак, нима қилади? Наҳотки, шартномага қўшимча бандни киритиш шунчалик қийин бўлса?! Газ қувурларини, ГРП, лойиҳа, монтаж ва ҳоказоларга кетадиган харажатларини ўз ҳисобимиздан тўлашга розимиз, уй-жой шартномасига газлаштириш лойиҳаси қўшимча тарзда 2018 йил давлат дастурига киритилишини хоҳлаймиз.

Ушбу мурожаат билан Яккабоғ тумангаз бўлимига, Яккабоғ туман ҳокимиятига, Президент порталига 9 марта мурожаат қилдик. Энг ҳайрон қолдиргани шуки, порталга ёзилган шикоятимизни ҳал қилиш учун, яна қайтиб Яккабоғ туман ҳокимиятига жўнатишади. Ахир биз муаммо туман миқёсида ҳал бўлмагани учунгина порталга чиққандик-ку? Шу жумладан, Президент портали ишчи гуруҳига ҳам эътирозимиз бор. Нега улар шикоятни яна туман мутасаддиларига жўнатишади? Нега муаммо ҳал бўлгани ёки бўлмаганини мурожаатчиларнинг ўзларидан сўрашмайди? Нега оддий фуқаролар мурожаатига шунчалик бефарқ улар!? Ахир Президентимиз ҳалқ билан яқин бўлиш учун ишланглар, ҳалқни шароитини яхшиланглар, демадими? Нега улар ўз ишига бунчалик совуққон муносабатда бўлишмоқда?

Ўтин нархи кичик юк ташувчи «Москвич» машинаси билан 500 минг сўм, у ҳам 1 ҳафтага етмайди. Кўмир танқислиги эса ҳеч кимга сир эмас. Хўш, биз табиий газ билан истишга мўлжалланган уйни қандай қилиб -28 даражада иситамиз ва ёш болаларимиз билан жон сақлаймиз? Бу саволга ким жавоб беради?

Яна қайтариб айтаман, ҳамма харажатни ўз ҳисобимиздан тўлашга розимиз. Ҳаттоки 3 ойлик қиш мавсумида, керак бўлса, газ учун олдиндан тўлов пули ҳам ташлаб қўйишга розимиз. Фақат бизга ўз ҳисобимиздан газ тортиб келишга рухсат беришса ва қўшимча шартнома қилиб, лойиҳалаштириб беришса бас. Ахир намунали уй нимаси билан намунали? Қачонки, яшаш учун ҳамма шароити бўлсагина намунали. Ушбу овозимизни кимдур эшитишига умид қиламиз».

Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Яккабоғ туман ҳокимияти билан боғландик. Ҳокимият вакилининг маълум қилишича, бу воқеадан уларнинг хабари бор. «Айғиркўл» маҳалласи фуқаролари билан гаплашишган. Уларга яшаб турган уйларига табиий газ ўтказиб бўлмаслиги, бу техник томондан тўғри келмаслиги тушунтирилган. 

«У маҳалладаги намунавий уй-жойларнинг лойиҳасида қаттиқ ёқилғи билан иситиш киритилган ва бунинг учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Маҳалла фуқаролари бизга ҳам бу борада бизга кўп бора мурожаат қилишди. Шуни алоҳида айтишим керак-ки, бу масала бу йил атрофлича кўриб чиқилади. Биз электр энергияси билан иситиладиган воситаларни мазкур уйларга ўрнатиш режасини ҳам кўриб чиқмоқдамиз», - дейди Яккабоғ тумангаз корхонаси муҳандиси Шернаев Бахтиёр.

Давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлиги жамиятда мавжуд кўплаб муаммоларнинг ҳал бўлишига туртки бўлади. Ўртада ҳеч қандай алдов, ваъдабозлик бўлмаса, барча масалалар йўлга тушади. Ўйлаймизки, юқорида номи келтирилган маҳалла фуқароларининг муаммоси ҳам ана шундай шаффофликда ва ўз вақтида ижобий ечим топади.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид