Жаҳон | 11:12 / 02.03.2018
12706
2 дақиқада ўқилади

Word'ни доскада чизишга мажбур бўлган ўқитувчи Microsoft’дан совға оладиган бўлди

Фото: DTF.RU

Февраль ойи охирида ижтимоий тармоқларда Ганадаги кичик қишлоқда дарс берувчи информатика ўқитувчиси Ричард Акотонинг суратлари тарқаб кетди. Маҳаллий бошланғич мактаб ўқувчиларида компьютердан фойдаланиш имкони йўқ, шунинг учун африкалик ўқитувчи доскада Microsoft Word нусхасини турли рангдаги бўр билан батафсил чизиб кўрсатган.

Акотонинг Quartz билан суҳбатда таъкидлашича, ҳар бир дарсда доскада турли дастурларни чизади, бу уларни болаларга кўрсатиш учун қилинади. Ўқитувчининг сўзларига кўра, у машҳур бўлиб кетишини кутмаган эди: Фейсбук фойдаланувчилари унга мактаб учун пул ва техника таклиф қила бошлашди. 27 февраль куни бу ўзига хос ҳаракатга Microsoft ҳам қўшилди – компания Акотога компьютер юбориш ва таълим дастурларидан фойдаланиш имконини тақдим этишга ваъда берди.

Қишлоқда тўлақонли таълим учун битта эмас, балки 50 та компьютер керак. Ўқитувчи таклифни қабул қилди, бироқ Гана қишлоғидаги синфга тўлақонли иш учун тахминан 50 та қурилма керак экани, битта компьютер эса кўп нарсани ўзгартирмаслигини алоҳида қайд этиб ўтди. Акотонинг бош мақсади – болаларни информатика бўйича миллий имтиҳонга тайёрлаш, у ерда бадавлат шаҳарлар ва қишлоқлардан бўлган болалар бир хилдаги масалани ечишига тўғри келади. «Бутун умри давомида тўхтовсиз равишда компьютердан фойдаланган ва компьютер сичқончасини илк марта кўрган одамни ўзаро таққослаш мумкин эмас», - дея таъкидлаб ўтди ганалик.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид