Спорт | 13:01 / 05.03.2018
36262
13 дақиқада ўқилади

Леога Мессидан мактуб

Лео! (Мен сени шундай атайман. Кейинчалик сен ҳақингда нималар гапиришмасин, ўзга сайёралик деган таърифларни-да ишлатишмасин, мен сени ёшлигингда бувимиз қандай эркалаган бўлса, шундай атайман: Лео!) Дадангнинг соатига бир қараб қўй-чи, тунги соат 11 га яқинлашиб қолибди-я? Қўрқяпсанми самолётдан? Қўрқма, умринг осмонда ўтиб кетади ҳали. Ҳозир учаётганинг чинакам осмонда ҳам, футбол майдонидаги мажозий осмонда ҳам. Деярли ҳар куни самолётга чиқасан. Қўрқма, ҳозирдан ўрган!

Дадангнинг соатида агар йил, ой, кун кўрсатаётган бўлса, бугунги кунингни, яъни 2000 йилнинг 17 сентябрини унутмаслигинг турган гап. Сен ҳозир боболаринг юрти бўлмиш Каталонияга кетяпсан.

Бўйинг борасидаги ғалати касаллигинг борлиги айтилганида, “Ривер Плейт” клуби раҳбарлари ҳар ой 900 доллар тўлашга қурби етмаганини эшитиб, уйдагиларинг хафа бўлиб қолишганди. Кўряпсанми, Аргентина жамоасининг тўлай олмагани Испания сафарига сабаб бўлмоқда. Сен ўшанда ҳам ранжимагандинг, тушунмагандинг очиғи. Осмон кўм-кўкми, Лео? Тўғри қиласан кўп нарсани ўйламай. Нима бўлса бўлди, деб кетаётганингни биламан, эсимда ҳануз.

Лео, ҳозир самолёт қўнади ва отанг билан биргаликда “Барселона” клуби спорт директори Карлес Решак ҳузурига йўл оласизлар. У сизларни дарҳол қабул қилмайди. Отанг охирги сигаретасини чекиб, диққинафас бўлади. Сен унга эътибор берма, у Аргентинага қайтишни истамаётганидан ё сенинг футболчи бўлмай қолишингдан чўчиётганидан эмас, азбаройи сени даволашни ўйлаб, шу сигаретларни тутатиб ташлайди. Аслида сен 13 ёшга кириб кўп нарсани билиб бўлдинг: Сенинг футболчи бўлишингни уйингдагилардан фақат бувинг истаган. Ҳали ҳар гол урганингда уни эслайсан, голларингни унга бағишлаб кўрсаткич бармоғингни осмонга қадаб нишонлайсан. Ҳозир ўзинг самолётда осмонда кетяпсану, бувинг ҳам ёнингда учиб кетаётгандек тасаввур миянгда.

Лео, Решак ёмон одам эмас. Сизларни куттириб қўйганига яраша, кейин сенинг жамоага ўтишинг учун бор имкониятини ишга солади. 3 октябрь куни клуб директорлари кенгашини учта нарсага кўндиради: Оиланг Европага кўчиб келади, даволанишингга кетадиган пуллар тўланади ва сен эртасигаёқ клуб академиясига қабул қилинасан. У сенинг ўйинингга маҳлиё бўлиб қолади, кўрасан.

“Барселона” сени ўзига ром этади. Сен ундаги муҳитга жуда тез кўникасан. Ўртоқлар орттирасан ва бир неча йил ўтиб, сен бу диёрнинг фарзанди эканингни-да сезиб қоласан. Ишонавер, ҳатто Аргентина ҳам сенга ундан яқин туюлмайди. Сен каталон тилида ёзиб қўйилган бир ёзувга узоқ тикилиб қоласан ҳали: унда “Клубдан-да устунроқ!” деб ёзиб қўйилган бўлади. Испаниялик ўртоқларингдан бири сенга бу ёзувни отаси айтгандек тушунтириб беради: “Бизнинг Барселона бошқа жамоалардан фарқ қилади. Биз оиламиз...”.

Сенга оила деган сўз бошқачароқ эшитилади. Лекин атрофга термулсанг, ҳаммаси дўстинг айтганидек бир оила яшаётгандек қурилган. Элас-элас эслайдиганинг – “Ньюэллс олд Бойз” жамоаси муҳити билан таққослаб кўрасану, Аргентинада, Росариода бунақа аҳил жамоани кўрмаганингни тан оласан.

17 ёшингда “Барселона”нинг ёшлар жамоасида илк ўйинингни ўтказасан. Битта учрашувда тўртта гол уриб тўғри қиласан. Сенга кейинчалик аслида дўстинг бўлмаган дўстларинг “бекор қилдинг ўзингни кўрсатиб, ҳали сени ҳимоячилар синдириб қўйишмаса эди”, дейишганида, ишонма гапларига. Сенга Худо касаллик бергани эвазига жароҳатдан қутулиб қолиш учун футболчиларда кам учрайдиган жусса ҳам берган. Сен бошқа финт эгаларига ўхшаб жароҳат олсанг-да, жуда тез тузалиб кетасан. Кутилган муддатидан олдин қайтаверасан. Шунинг учун ўша илк учрашувингда қўрқмасдан голларингни қалаштириб ташлайвер, ҳозирданоқ ўзингни кўрсатиб қўй.

Лео, сенинг Ла-лигадаги илк дебютинг “Эспаньол”га қарши кечади. Билиб қўй, бу жамоа номи билан ҳам Испания пойтахтидан Каталонияга қўйилган айғоқчилар клуби. Сен бу жамоани яхшилаб таниб ол, ҳар Каталония дербисида уларни қийнашинг керак. Дастлабки ўйинингда қийналасан, гол ура олмайсан, лекин хотиржам бўл. Ҳали ҳаммаси олдинда. Ўзи, сенга гол ҳақида кўп гапириб юбораётганимга эътибор берма, балки мен ҳали ўйнаб кетсам ҳам катта гап, деб ўтиргандирсан самолётда. Йўқ, йўқ, сен иссиққина кофени хўплаб мени эшитиб кетавер: Гол деган сўз сенинг дўстингга айланади. Гол деганда сени тушунадиган бўлишади одамлар. Кофени хотиржам ичаётганингдан сезяпманки, гапларимга ишонмаяпсан. Майли, ўзинг биласан.

Қаерга келгандим? Ҳа-а, илк голингга. Сен Ла-лигадаги дебют ўйинингни 2004 йилнинг октябрида ўтказганингдан деярли бир йил ўтиб, 2005 йилнинг 1 май куни “Альбасете” клуби дарвозасига биринчи голингни йўллайсан. Сен шу голинг биланоқ рекорд қайд этасан: Каталония клубининг энг ёш гол урган футболчисига айланасан. Рекорд деган сўзни тушунмаяпсанми? Лео, у сенинг иккинчи ўртоғингга айланади. Катта бўлганингда тушуниб оласан, ичавер кофени, ичавер.

2005 йил сен учун унутилмас йил бўлиб қолади. Ўн йилдан буён сен ўйнаётган жамоа Европа чемпионлар Лигаси финалига бора олмасди. Пойқадаминг ёққанидан каталонияликлар мусобақани ютиб олишади. Албатта, турнирнинг финал баҳси 2006 йили ўтказилган. Жароҳатинг туфайли финални ўтказиб юборасан, ўшанда бир четда жимгина йиғлаб турганинг ҳамон эсимда. Сен ўшанда ич-ичингдан ўйлайсанки, ҳали қачон яна шунақа имконият берилади. Эҳ Лео, финаллардан зерикиб кетасан ҳали.

Лео, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини енгиб келаётганингда ҳам сен Барселонани соғинасан, ишонавер. Ғалати туйғу – иккинчи ватанинг туғилган диёрингдан ҳам ўтиб кетса, буни нима деб аташни-да билмай қоларкансан. 2006/2007 йилги мавсум ўса бошлайсан. Бўйинг эмас, ўйининг. Ўша йили сен Барселонани нима учун яхши кўришинг кераклигини, бу ердагилар нима учун оила бўлиб яшашга мажбур бўлганларини тушуниб етасан. Ла-лиганинг безаги бўлмиш эл класико борлиги учун.

Мавсумнинг энг шиддатли ўйинига сени тайёрлаш учун Франк Райкаард бир гап айтади ҳали: “Лео, бугун сени асосий таркибда тушираман. Ўйлайманки, Мадридни бир ўзинг тинчитасан!”. Бу сеҳрли сўзларни сўйлар экан, голланд жуда-а-а жиддий олмаганди. Сенинг ҳазилни кўп-да тушунмаслигинг шу ерда асқатади. Бу гапни рост деб биласан, буйруқ феълида қабул қиласан ва 3:3 билан тугаган ўйинда хет-трик йўллайсан. Ўша кундан бошлаб “мессимания” деган сўз газеталар саҳифасини безайди.

Лео, тўғри, гапларимнинг давомини умуман тушуна олмаяпсан, ахир, Аргентинага тузалиб қайтиш режаси билан чиқиб кетган ота-бола келажакнинг бу мактубини қабул қила олмайди. Аммо сенинг хотиржам кетаётганинг менга ёқяпти. Ҳамиша ёққан. Сен табиатан шунақасан. Бошқача реакцияни билмайсан. Балким ўта ҳиссиётли бўлсанг, қаердадир қоқилиб қолармидинг, йўқ, сен шу мактубни ҳам жимгина эшитиб кетяпсан. Эсингда қолмаган бувингнинг эртакларини тинглаб боряпсан гўё.

Хуллас, Лео, сенга гол деган сўзни тушунтириб бердиму, унинг сен билан синонимга айланиб кетганини қабул қилдира олмадим, рекорд деган янги сўзни эшиттирдим, бироқ, у ҳам сенинг маслагинг экани қоронғулигича қолиб кетди. Эл класико ҳақида ҳам гапни бошладиму, уёғини қандай тушунтиришни билмаяпман. Лео, сен “Реал” ва “Барса” иштирокидаги ўйинларнинг бош қаҳрамонига айланиб кетасан. Айниқса, пойтахтдаги “Сантьяго Бернабеу” стадиони сенинг машғулот ўтказадиган ўйингоҳингга айланади. Яна қара-а-аб турибсан-а, айтдимку, эшитиб кетавер, сендан нима кетди?!

Ҳозир, аср энди бошланган санада сен самолёт ичида Каталония сари учиб кетяпсану, Парижда бразилиялик юлдуз порламоқда. Роналдиньо деган. У сенинг акангга айланади ҳали. Барселонага келганингда сени яхши қарши олади. Сен унинг финтларига маҳлиё бўлиб қоласан. У сенинг илк голингга асиссент ҳам бўлади. Аммо тайёр тур, қисмат айнан сен деб Роналдиньони Барселонадан кетказиб юборади. Йўқ, йўқ, бу масалада сенинг заррача айбинг бўлмайди, бразилиялик афсона ўзига ўзи қилади. Айтмоқчиманки, сен ундан футболдаги сеҳргарлигини ўргансанг ҳам, характерини асло ва асло ўрганма. Ҳаётига тақлид қилма. Сенга ярашмайди ва сен у ҳаётни эплай олмайсан ҳам.

Лео, 2007 йилнинг энг яхши футболчилари ичида учталикда турганингда роса ҳаяжонланасан, айтиб қўяй. Чунки “Олтин тўп”ни бошқа одам олаётган бўлса-да, сен унинг ёнгинасида туриш бахтига муяссар бўлганингни футболнинг энг катта мукофоти, деб биласан. Лекин сенга ҳаяжонланмасликни, худди ҳозир кофени ичаётганинг каби эътиборсиз туришингни тавсия этаман. Зотан, сен шу “Олтин тўп”ни олавериб зерикиб ҳам кетасан. Келажакда туғиладиган ўғилларингга ўйинчоқ олиб келгандек олаверасан.

Сен яхшиси, ўша илк таклиф қилинган маросимингда “Олтин тўп”ни олиб турган йигитга эмас, унинг ёнида бу натижадан норозироқ турган бўйдор йигитга эътибор бер кўпроқ. У  Каталония сафаридаги энг асосий рақибинг бўлади. Унинг Англияда юрганидан хомтама бўлма, у ҳали сенинг ёнингга келиб олади. Иқтидорини соат сайин ўстиради ва сенинг бир зум бўлсин тўхташингга йўл қўймайди. Сени Худо шу йигит билан кураш майдонига олиб чиқади. Ишонавер, агар у шу даврда, сен билан елкама-елка курашмаганида, акангга айланган Роналдиньога ўхшаб ўрта йўлда тўхтаб қолардинг. У сени тинмасдан голлар уришга таклиф этаверади. Бир неча марта йиқилса ҳам, курашга тўймайди. Хафа бўлмагину, унинг қаршилигига ҳар доим ҳам туриб бера олмайсан. 2007 йили илк бора сени таклиф қилишган саройга ўн йил давомида қатнайсан десам қўрқиб кетма. Кофе тугадими, тикилиб қолдинг, бўлди, айтяпманку, худди эртак эшитгандек кетавер, бўлди!

Лео, ўйлаб қарасам, бу мактубни шу зайлда давом эттирсам, умуман ишонмай қоларкансан. Яхшиси, сенга тез-тез, бўладиган воқеаларни санаб ўтай:

Сен Пеле деган ўйинчининг 1000 дан кўп гол урганини эшитгансан, аммо ўзинг ҳам унга яқинлашишни ўйлаб кўрганмисан? Бўлди, бўлди, бошқа гапирмайман. Бу гапни кўтара олмаслигингни билардим. Бошқа нарсани айтаман яхшиси: Сенинг Барселонадаги ютуқларинг қўрқинчли даражага чиқиб кетса-да, одамлар туғилган ниқобнинг либосида шунга яраша натижалар кўришмаганидан, ёшлигингда отанг роса мақтагани – Марадона билан қиёсланишинг мушкуллашади. Ёшлар ўртасидаги мундиал чемпионлиги билан олимпиададаги ғолиблик нима бўлади, демоқчисанми? Буни эсламайдилар ҳам.

Сендан миллий терма жамоа таркибида каттароқ натижа сўрайдилар. Жуда оғир кунлар бўлади, пенальтилар қурбони бўласан, мундиалда енгиласан, ҳозир учиб кетаётганинг – Каталонияга бориб клубинг либосини кия туриб, унга Аргентинадаги муваффақиятсизликлар сабабидан кўзингга келган ёшни артасан. Алам қилади, бир кам дунёми, дейсан.

Йўқ, Лео, сен таслим бўлмасликка ҳам ўрганишинг керак. Мен сенга 2018 йилга қадар қўлга киритган ютуқларингни айтиб ўтдим, холос. Кўпига тушуна олмадинг ҳам, ҳар ҳолда, ҳис қилсанг кўтара оладиган гаплар эди. Лекин 2018 йилнинг саратонида содир бўлган воқеаларни ёзмасликка қарор қилдим. Чунки ҳозиргина стюардесса олиб келган кофени тушириб юборишинг, даданг бу қилган ишингдан хафа бўлиши мумкин.

Ундан кўра, сен самолётдан ташқарига қара! Роса кўп юлдузлар кўриняптими? Улар сени қуршаб туришибди, тўғрими? Ҳа-да, улар сен ҳам бир куни юлдуз бўлишингни билишади. Кулиб, қўл силтаб туришганининг сабаби ҳам шу. Биз билан қол, дейишяпти улар. Сен уларга айт: “Юлдузлар, мен сизлар билан бирга қолишим учун ерга тушиб 20 йилча тўп тепишим керак... Майлими?!”.

Қара, шу гапни айтишинг биланоқ, самолёт пастга шўнғий бошлади. Чироқлар кўринаётган шаҳарни танишинг турган гап, у сенинг иккинчи ватанинг, ахир.

Лео, охирги гапимни эслаб қол: ҳалиги биринчи ўйинингда асли дўст бўлмаган дўстларингнинг гапига ишониб юрма тағин, тўртта голни хотиржам уравер! Ҳеч ким синдира олмайди сени, гапираверишади...

Хайрулла Ҳамидов

Мавзуга оид