Жамият | 13:20 / 08.03.2018
14259
2 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Сардорхон ва Бобуржон даволаниш учун хорижга кетишди

Шу йилнинг 5 ва 27 январь кунлари Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз, мурғақ қалб эгалари бўлган Сардорхон Аҳмадхонов ҳамда Бобуржон Қўлдошалиевларнинг хасталикдан фориғ бўлишлари умидида хайрия акциялари бошланган эди. Сардорхоннинг орқамиясида емирилиш борлиги, бошмиясида ҳам ўзгаришлар мавжудлигини магнит томографияси кўрсатган. Сардорхоннинг ота-онаси бир неча хорижий давлатларга касаллик варақаларини юборган, Туркиядан ижобий жавоб олишган.                    

Ҳамюртимиз Бобуржон эса 4-даражали туғма юрак нуқсони билан дунёга келгани, бу бўйича Ўзбекистонда жарроҳлик амалиёти ўтказилмаслиги сабабли Россиядаги Бакулев номидаги юрак-қон-томир тизими жарроҳлиги клиникасида даволаниши талаб қилинар эди. 

Хайрия акциялари бошланиши биланоқ, жуда қисқа фурсатда ёрдамга муҳтожларга хайр-эҳсон қўлини чўзишга шошиладиган саховатпеша ҳамюртларимиз кўмагида икки юртдошимиз учун зарурий маблағлар йиғилди. 

Фото: Сардорхон Аҳмадхонов/Kun.uz

Сардорхон ота-онаси билан Туркияга йўл олди. Биз улар билан учрашиб, оқ йўл тиладик ва Сардорхонга шифо беришини Аллоҳдан сўраб қолдик. 

Бобуржон ҳам ота-онаси билан Россияга кетишди. Айни вақтда улар Москвада даволанмоқда.  

Фото: Бобуржон Қўлдошалиев/KUN.UZ

Азизлар, мана икки оила ўз ватанларини вақтинча бўлса-да, тарк этиб хорижга кетишди. Уларга мусофир юртларда бизларнинг пулимиздан ҳам кўпроқ маънавий кўмагимиз, дуоимиз муҳим. Шу боисдан ҳам дуо қилайлик, шу жажжи ҳамюртларимиз хориждан комил шифо топиб келишсин. Ота-онаси, эл-у юрти, Ватанига хизмат қиладиган, кўзларни қувонтириб юрадиган, қадамидан ўт чақнаган фарзандлар бўлиб вояга етишсин! 

Мазкур хайрия акциясида ўзининг оздир-кўпдир ҳиссасини қўшган барча-барчага Аллоҳ савобларни кўпайтириб берсин. Ажрини у дунё, бу дунё зое қилмасин! Омин!

Мавзуга оид