Вилоят ҳокимининг қарори яқинни узоқ қилмоқда
Халқимизда “Олис йўл отни синар, оғир йўл мардни синар”, “Ҳунар билган оч қолмас, йўл таниган кеч қолмас” деган нақллар бекорга айтилмаган. Умуман, йўл қуриш ва узоқни яқин қилиш борасида мақоллар кўп. Ҳатто, йўл, кўприк қуриш савоби катта эканлиги ёшлигимиздан онгимизга сингдирилган. Шу боис, Қашқадарё вилоятидан тушган мурожаатлардан бири айнан йўл билан боғлиқлиги эътиборимизни тортди.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевнинг қарори билан 4Р79 “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” йўлида мулкчилик шаклидан қатъиназар тўла вазни 9.0 тонна ва ундан ортиқ бўлган юк машиналарининг ҳаракатланиши тақиқланган. Бу йўлда юк машиналарининг ҳаракатланиши Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган ҳамда 2016 йил 1 мартидан эътиборан кучга кирган янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да келтирилган 3.4 рақамли йўл белгиси билан тартибга солинган. Шаҳрисабздан Қаршига келарканмиз, бунга ўзимиз бир неча марта гувоҳ бўлдик.
Ҳоким қарорининг аҳоли ва юк ташиш билан шуғулланувчилар орасида норозилик келтириб чиқараётган жиҳати шуки, улар қурилиш моллари, тош, шағал, пишиқ ғишт кабиларни бемалол олиб киришлари ёки ташишлари учун имкониятнинг умуман қолмаган. Ҳайдовчилар ва ушбу йўл ёқасида фаолият юритувчи кўп сонли тадбиркорларнинг айтишларича, гарчи қоидаларда истисно ҳолатлари белгиланганига қарамай, вилоят ЙПХ ходимлари ушбу йўлдан юк ташишга умуман имкон бермаяпти.
Хусусан, биз суҳбатлашган ҳайдовчилар мазкур йўл атрофидаги аҳолига оғир юкларни етказиб бериш, тадбиркорлик субъектларининг (2 та ғишт заводи, бошқа турли ишлаб чиқариш бирлашмалари бор) маҳсулотларини ташишда қийналишмоқда. Қолаверса, йўл бўйлаб фаолият юритувчи тадбиркорлар маълум бир оғирликдаги маҳсулотини истеъмолчига етказишда битта юк машинаси эмас, балки бир нечта автомашинадан фойдаланишга тўғри келаётганини айтишди.
Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, улар ушбу йўл ёқасидаги буюртмачиларга маҳсулотни етказиб бериш учун “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” йўлидан эмас, Ғузор ёки Чироқчи тумани орқали ўтувчи йўллардан ёки маҳаллалар оралиғидаги кичик йўллардан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Бунинг натижасида, “маҳсулот таннархи ошмоқда, вақт бой берилмоқда, ортиқча ёнилғи сарфланмоқда”.
Ҳайдовчиларнинг айтишларича, улар Шаҳрисабз туманига юк ташишларига тўғри келса, Ғузор тумани орқали ўтувчи йўлдан фойдаланишларига тўғри келгани туфайли 70-80 км ортиқча масофани босиб ўтишлари керак бўлади. Бу бориб-келиш учун 120-140 км деганидир.
Халқ ўзи учун ноқулай қонун-қоидаларни доим айланиб ўтишга ҳаракат қилади. Масалан, ушбу йўл бўйлаб фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳам тақиққа тушмаслик мақсадида маълум бир оғирликдаги маҳсулотини истеъмолчига етказишда битта юк машинаси эмас, балки бир нечта автомашинадан фойдаланишга тўғри келаётганини айтишди. Масалан, 24 тонналик юкни олиб ўтишга рухсат йўқ, лекин тадбиркорлар гарчи уларга ортиқча харажат бўлса-да, шу йўлдан фойдаланиш учун 8 тоннадан 3 та машинадан олиб ўтишга мажбур бўляпти.
KUN.UZ таҳририяти “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” йўлини ёпишга нима учун қарор қилгани борасида Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан изоҳ кутади.
Мавзуга оид
16:24 / 25.11.2024
Қашқадарёда 24 ёшли эркак аввал хотини ва қизини ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилди
15:09 / 18.11.2024
Қашқадарёда қўйлар подасини автомобил уриб юборди
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
14:36 / 13.11.2024