Жамият | 23:30 / 11.03.2018
35915
4 дақиқада ўқилади

Хайрия акциясида пулларни ўмарган фирибгарлар аниқланди

Фото: Kun.uz

Kun.uz таҳририяти томонидан эълон қилинган бемор кишиларни соғайиб кетиши учун ўтказилаётган хайрия акциясида фирибгарлик ҳаракатини амалга оширишда гумон қилинаётган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Маълум қилинишича, таҳририятга мия фаолиятидаги нуқсондан азият чекиб, яхшилар кўмагига муҳтож эканини билдирган Бахтинисо Маҳмудова ноодатий фирибгарлик қурбонига айланди. 1990 йилда Фарғона вилоятида туғилган фуқаро А.Д. Бахтинисонинг ишончига кириб, гўёки, унинг банк пластик карта ҳисобига хайрия пулларини ўтказмоқчи экани, бунинг учун пластик карта боғланган телефон рақамга SMS-хабар орқали махфий код юборилганини айтади. Барча умидни мана шу хайрия акциясига боғлаган қиз бундай фирибгарга ишонган ҳолда махфий кодни А.Д.га билдиради.

Шундан сўнг, Фарғона геофизика экспедиция 3Д-партияси ишчиси А.Д. махфий кодни киритиш орқали «OSON» мобил иловаси ёрдамида Маҳмудовага тегишли банк пластик картасига тўлиқ эгалик қилиш имкониятини қўлга киритади. У ҳисоб рақамда мавжуд бўлган 2 млн 300 минг сўм маблағни бошқа ҳисоб рақамига ўтказиб, пулларни интернет орқали ўйналадиган тотализаторга сарфлаган.

1990 йилда Фарғона вилоятида туғилган фуқаро А.Д. 

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта суриштирувчиси Мирзоҳид Мўминовнинг Kun.uz таҳририятига берган маълумотига кўра, мазкур иш юзасидан А.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ Жиноят-қидирув бўлинмаси тезкор вакили, капитан Алишер Соҳибовнинг маълум қилишича, Бахтинисо Маҳмудовага нисбатан худди шу каби фирибгарлик бошқа шахс томонидан ҳам содир этилган.

«1996 йилда туғилган Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида истиқомат қилувчи С.И. фуқаро Маҳмудованинг ишончига кириб, масофадан туриб унга тегишли бўлган банк пластик карта бошқарувини қўлга киритади. Шу орқали карта ҳисоб рақамидаги 70 минг сўмни ўзлаштиради. Тезкор қидирув ҳаракатлари давомида гумондор шахс билан алоқа ўрнатилди. Шунингдек, Маҳмудовага етказилган моддий зарар ўз вақтида қопланди», - дейди тезкор вакил Соҳибов.

Эслатиб ўтамиз, ўзга шахснинг банк пластик картасига бошқарувни қўлга олиш учун мазкур пластик карта уланган телефон рақамига SMS-хабар орқали келган махфий кодни киритиш лозим. Карта эгаларининг соддалигидан фойдаланган фирибгарлар шахсларнинг ишончига кириб, алдов йўли билан махфий кодни сўраши одатий ҳолга айланмоқда.

Ички ишлар ходимлари ҳамда Kun.uz таҳририяти шундай шахсларнинг тузоғига тушиб қолмаслик учун шахсий маълумотларингизни, шубҳали SMS-хабарлар, махфий кодларни ўзгаларга билдирмаслигингизни сўрайди. Kun.uz ушбу мавзуга яна қайтиб, воқеа тафсилотлари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этади.

Мазкур шахслардан азият чекканлар 102 рақамига ёки ИИБга мурожаат қилишлари сўралади.

Мавзуга оид