Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳукм ўқилди. Энди ижро этилади». Лондон «Скрипаль иши» доирасида Москвага кескин жавоб қайтарди
Буюк Британия ва Россия муносабатлари кейинги ўн йилликлардаги энг қуйи нуқта томон тушиб бормоқда. «Сергей Скрипаль иши» туфайли расмий Лондон 14 март куни 23 нафар россиялик дипломат мамлакатдан чиқариб юборилиши ва Россия билан барча икки томонлама алоқалар музлатилишини маълум қилди. Москва томони бу юришни Россияга қарши асоссиз ҳаракатлар деб атади ва қарши жавоб бўлиши маълум қилинди. Россия Буюк Британияга айнан қандай чоралар кўриши ҳозирча айтилмади.
4 март куни Англиянинг жанубидаги Солсбери шаҳарчасида Россия Разведка Бош бошқармаси собиқ полковниги, Россияда 2006 йили Буюк Британия фойдасига жосуслик қилиб, хиёнатда айбланган ва 13 йилга озодликдан маҳрум этилган, 2010 йилда маҳбуслар алмашинуви доирасида Буюк Британияга топширилган Сергей Скрипаль ҳаётига суиқасд қилинди. У билан бирга ёнидаги қизи Юлия ҳам заҳарланди. Уларни кома ҳолатида топишди. Айни вақтгача улар беҳуш қолмоқда.
Британия ҳукумати Скрипаллар СССРда, россияликлар томонидан ишлаб чиқарилган асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганини айтмоқда. 12 март куни Буюк Британия Россиядан бу борада изоҳ сўради ва бу модда Буюк Британия ерида пайдо бўлиб қолганига тушунтириш бериш учун бир кун муҳлат берди.
Россия Федерацияси ҳукумати эса бу жиноятга алоқадорлигини инкор этди ва ультиматумни жавобсиз қолдириб, иш бўйича расмий ахборот тақдим этишни талаб қилди.
«Бизда Россия халқи билан зиддият йўқ»
Matt Crossick / EMPICS / Scanpix / LETA
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 14 март куни 23 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилиши ва шу йили Россияда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати очилиш маросимида Буюк Британиянинг расмий делегацияси (олий даражадаги амалдорлар ва қирол хонадони аъзоларидан иборат) иштирок этмаслигини, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг Лондонга кутилаётган ташрифи бекор қилиниши эълон қилди. Қуйида унинг нутқи тўлиқ ҳолда келтирилади
«Жаноб спикер, Россияга изоҳ бериш учун муддат бердик. Аммо улар бунга жавобан намойишкороналик билан бу воқеаларнинг жиддийлигини инкор этишди. Улар ақл билан иш тутиб, рисоладагидек изоҳ беришмади, бу модда йўқ қилинганини исботлашмади. Улар бу модда қандай қилиб Буюк Британия ҳудудига келиб қолганига тушунтириш беришмади, улар нима учун Россия халқаро қонунчиликка зид равишда кимёвий қурол ишлаб чиқиш бўйича декларация қилинмаган дастурга эгалик қилишаётганини изоҳлашмади.
Улар Европада асаб тизимини ишдан чиқарувчи модда қўлланганига сарказм билан муносабатда бўлишди ва сўровни эътиборсиз қолдириб, ҳурматсизлик қилишди. Демак, жаноб спикер, Россия давлатини жаноб Скрипаль ва унинг қизи ҳаётига, Солсберидаги бошқа кишилар, жумладан, полицияси Ник Бейли ҳаётига суиқасд қилган, деб топишдан бошқа чора йўқ.
Бу шуни англатадики, Россия кучлари Буюк Британия ҳудудида ноқонуний равишда қўлланган.
Буюк Британия Вена конвенциясига асосланган ҳолда 23 нафар россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборади. Улар махфий хизматларнинг махфий жосуслари бўлиши мумкин. Агар улар Бирлашган Қироллик фуқаролари ҳаётига хавф туғдирадиган бўлишса, биз Россиянинг активларини музлатамиз. Жиноятчиликка қарши кураш агентлиги раҳбарияти билан ҳамкорликда биз Британия қонунчилигидаги барча имкониятларни хавфли жиноятчиларга қарши қаратамиз. Бундай кишилар ва уларнинг пуллари учун бизнинг мамлакатимизда жой йўқ.
Бу кейинги 30 йил ичида дипломатларни чиқариб юбориш билан боғлиқ энг йирик ҳолат. Бу шуни кўрсатадики, россияликлар бизнинг давлатимизга қарши аввал ҳам шундай ҳаракатларни содир этишган.
Биз Бирлашган қироллик ва Россия ўртасида режалаштирилган барча дипломатик алоқаларни музлатамиз. Бу Сергей Лавровнинг жавоб ташрифи билан Лондонга келишини ҳам ўз ичига олади. Вазирлар ва қироллик хонадони аъзолари ҳам шу йил ёзида Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига бормайди.
Жаноб спикер, бизнинг ҳаракатларимиз халқлар ўртасидаги алоқаларни бузишга қаратилмаган. Бизда Россия халқи билан, бу қадимдан ўз анъаналарига ва ютуқларига эга бўлган халқ билан ҳеч қандай зиддиятда эмасмиз. Бизларнинг кўпчилигимиз постсовет давридаги Россияга умид билан қарагандик.
Биз муносабатларни яхшилашни истадик, афсуски, президент Путин буни истамади. Биз эса Буюк Британия еридаги халқлар ҳаётига Россия ҳукумати томонидан бундай таҳдид бўлишига жим қараб тура олмаймиз. Биз Россия бу тарзда халқаро мажбуриятларни бузишига индамай тура олмаймиз».
Мавзуга оид
14:33 / 22.09.2021
Скрипалларнинг заҳарланиши. Британия яна бир гумонланувчига айблов эълон қилди
08:30 / 15.06.2020
Скрипалларни заҳарлашда ишлатилгани айтилган «Нукус заҳри» чиндан ҳам мавжудми?
00:01 / 08.06.2020
Манба: Сергей Скрипаль ва қизи бошқа исм билан Янги Зеландияда яшамоқда
19:50 / 24.07.2019