Жаҳон | 22:02 / 26.04.2018
5183
2 дақиқада ўқилади

Хитой ҳукумати ўз компаниялари улуғлиги ҳақидаги миллий фильмни прокатдан олди

Фото: Видеодан кадр

Хитойдаги кинотеатрлар ва онлайн-премьералар қилувчи сайтлар эгалари ҳукуматнинг "Ажойиб Хитой" миллий фильмини прокатдан олишга доир талаби ҳақида маълум қилишди. Картинада АҚШ санкциялар жорий қилган ZTE компанияси номи ҳам тилга олинган. China Digital Times ва Asia Times каби қатор нашрларда шу ҳақида хабар берилди.

"Ажойиб Хитой" — Си Цзиньпин ҳукумат тепасига келганидан кейинги Хитойнинг технологиялар, илм-фан ва ҳарбий саноат соҳаларидаги улуғворлиги ҳақида сўзловчи 90 дақиқалик ҳужжатли фильм. Картина март ойида прокатга чиқди ва касса йиғимлари бўйича рекордни янгилаб, 70 миллион юань (75 миллион доллар) келтиришга улгурди.

Маҳаллий ОАВда фильмни Коммунистик партиянинг барча аъзолари ва амалдорлар томоша қилгани, шунингдек мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳам олиб борилаётгани ҳақида ёзилган.

Манбада таъкидланишича, "Ажойиб Хитой"да асосий урғу Цзиньпиннинг Хитой иқтисодиёти ва IT-соҳаси муваффақиятига кўрсатган таъсирига қаратилган. Аксарият компаниялар ўз ходимларини картинани кўришга мажбурий юборишган. 

Maoyan рейтинг сайти унга максимал 10 баллдан 9,6 балл қўйган, унинг рақиби Douban эса баҳолаш тизимини ўчириб қўйган.

АҚШ савдо вазирлиги ZTE компаниясига етти йиллик тақиқ қўйди. Компания Америка санкцияларидан норози бўлиб, бу муаммони ҳал қилмоқчи эканини маълум қилган.

 

Мавзуга оид