Ўзбекистон туристик бренди тарғиботи, электрон ва транзит визалар, сайёҳлар сонини ошириш ва бошқалар ҳақида - Азиз Абдуҳакимов (интервью)
Туризм ривожи йўлидаги тўсиқлар қандай бартараф этилмоқда, сайёҳлар сонини ошириш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда, виза режимини соддалаштиришга доир ишларнинг соҳа ривожига таъсири, туристик экспорт хизматлари ҳажмини ошириш, авиахабарлашув инфратузилмаси ва бошқалар ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Facebook'даги саҳифаси орқали тақдим этилган интервьюда сўз юритди.
Ўзбекистонда яқин йилларгача туризмга етарлича эътибор қаратилмаган? Бугунги кунда туризмни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтиш учун нималар қилинмоқда?
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда туризмга етарлича эътибор қаратилмаган, бунга турли тўсиқлар ва чекловлардан иборат объектив сабаблар бўлган. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон президенти томонидан туризмни мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик йўналишларидан бирига айлантиришга қаратилган аниқ стратегия ишлаб чиқилди ва бу борадаги ишлар бир неча босқичга ажратилди.
Биринчи босқич кераксиз тўсиқлар ва чекловларни олиб ташлашга қаратилган. Шу муносабат билан мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш учун Президент қарорлари чиқарилди. Масалан, хорижий сайёҳларга мамлакатимиздаги тарихий объектларни суратга олиш тақиқланганди ёки сайёҳларнинг SIM-карта олиши билан боғлиқ муаммолар бўлган. Яна бир мисол - ижарага автомобиль олиш. Хорижлик фуқаро Ўзбекистонда машина ижарага олиши учун дастлаб ёзма равишда шартнома имзолаши, кейин нотариусга бориб уни тасдиқлатиши ва буларнинг барини ДАИда рўйхатдан ўтказиши керак бўлган. Wi-Fi зоналарни кенгайтириш - яна бир муаммо бўлган.
Бугунга келиб тўсиқ ва чекловларни олиб ташлашга доир ишларнинг тахминан 90 фоизи амалга оширилди. Олдимизда қолган икки асосий вазифа турибди: электрон визанинг жорий қилиниши ва виза режимини соддалаштиришда давом этиш, шунингдек хориж фуқароларини рўйхатдан ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш. Бу йўналишда яқин орада ҳал қилишимиз зарур бўлган катта муаммоларимиз бор.
Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сонини оширишга доир қандай механизмлар жорий қилинмоқда?
Бугунга келиб виза режимини бекор қилиш ва соддалаштириш, хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишга доир қабул қилинган қарорлар ўз самарасини бермоқда ва биз мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳлар сонининг ошаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ерда, албатта, икки омилни қайд этиш жоиз:
1. Ички сайёҳлар сони кескин ошмоқда;
2. Хорижлик сайёҳлар сони ошмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сони ўтган йилга нисбатан икки бараварга ошган. Энди эса бизнинг олдимизда инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш вазифаси турибди - меҳмонхоналар, ресторанлар, мавзуий парклар ва туризм саноати билан боғлиқ барча объектлар, шунингдек транспорт логистикаси. Баъзи ишларни амалга ошириш республика қонунчилигига ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Чет эл инвестицияларини жалб қилиш билан боғлиқ томонлар бор. Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда виза режимини енгиллаштиришга доир қандай аниқ чоралар кўрилмоқда?
Бугун биз биринчидан, транзит визаларни ишга тушириш устида ишлаяпмиз, яъни транзит йўловчиларга визасиз уч кун (72 соат) давомида Ўзбекистонда меҳмон бўлиш ва тарихий обидалар ҳамда миллий ошхонамиздан бахраманд бўлиш имкони яратилади. Улар Ўзбекистонда муайян вақтини ўтказиб, кейин асосий йўналишида давом этади. Айни дамда керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, бу механизмни ишга туширамиз.
Бундан ташқари, электрон визаларни жорий қилишга доир вазифа турибди. Уни амалга ошириш муддати - биринчи ярим йиллик. 1 июлдан биз мазкур тизимни ишга туширишимиз керак. Бу йўналишдаги ишларни ўз муддатида бажариш учун биз Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат персонализация маркази билан биргаликда ишлаяпмиз.
Рўйхатдан ўтказиш тизимини соддалаштириш - яна бир муҳим вазифа. Хорижий сайёҳга қулай бўлиши йўлида тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари билан иш олиб боряпмиз. Президентимиз айнан шу ҳақда гапирган эдилар - сайёҳ меҳмонга келиб, рўйхатдан ўтиш учун идоралараро югуриб юриши керак эмас. Бу жараённи икки босқичга ажратишга тўғри келади: биринчи босқичда E-mehmon электрон рўйхатдан ўтиш тизими жорий қилинади. Агар сайёҳлар меҳмонхона ёки бошқа жойлашув воситаларида тўхташса, бу вазифани айнан шу меҳмонхона ходимлари ёки сайёҳлар тўхтаган хонадон эгалари ўз зиммасига олади.
Қатор мамлакатлар учун Ўзбекистонда қолиш муддати 30 кунгача узайтирилди, 39 мамлакат фуқаролари учун муайян преференциялар белгиланди. Бу сайёҳлар оқимини кўпайтириш, соҳа ривожига қандай таъсир кўрсатди?
Энг аввало, хорижий сайёҳларни ҳисоблаш тизимига аниқлик киритиб ўтмоқчиман. Статистика маълумотларига кўра, ўтган йилларда Ўзбекистонга 2-2,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган, дея ҳисобланади. Халқаро туризм ташкилоти методологиясига мувофиқ, у ёки бу мамлакатга ташриф буюрган ҳар қандай чет эл фуқароси сайёҳ ҳисобланади. Бошқа мамлакатлар, жумладан Қозоғистон, Грузия, Россия, Қирғизистонда ҳам миллионлаб туристлар декларация қилинади.
Шунга қарамай, бу вазиятга янада реал қарайдиган бўлсак, бу оқимнинг 70 фоизидан ортиқроғи - қўшни мамлакатлардан келган меҳмонлар. Табиийки, улар меҳмонхонада тўхташмайди, бундай ташрифлар аксарият ҳолатларда 1-2 кунлик бўлади. Бизнинг тасаввуримиздаги - саёҳат қилиб, сувенирлар харид қиладиган туристлар эса - анча кам. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ўтган йили уларнинг сони тахминан 200 минг кишини ташкил қилган. Шу боис биз бу статистикани қайта кўриб чиқдик ва ҳозир олдимизга реал рақамлар, реал вазифаларни қўймоқдамиз.
Жорий йилда Ўзбекистонга узоқ хориждан келувчи фуқаролар ва сайёҳ сифатида келаётган россияликлар сонини тахминан 350 мингга етказишни мақсад қилганмиз. 2020 йилга бориб бу рақамларни 500 минг нафарга етказмоқчимиз. Бу ерда ҳеч қандай номутаносибликлар йўқ, барча мамлакатлар у ерга ташриф буюрувчилар сони бўйича ҳисоблайди. Бироқ Ўзбекистонга келаётган реал сайёҳлар сонини ҳисоблаш учун мен мамлакатимизга ташриф буюрувчилар ва сайёҳлар сонини ҳисоблашни таклиф қилган бўлардим. Эҳтимол, бу Халқаро туризм ташкилоти методологиясига у қадар тўғри келмас, бироқ туризмдан тушадиган реал даромадларни ҳисоблашимиз учун бизга шуниси қулай. Шунда биз инвестициялар, инфратузилма ривожи ва бошқа масалалар бўйича прогнозлар қила олардик.
Бугун айтишимиз мумкинки, туризмни ривожлантиришга доир кўрсаткичларимиз жуда яхши. Визаларни бекор қилиш натижасида сайёҳларнинг умумий сони икки бараварга ошди. Узоқ хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 80 фоизга ошди. Шу ўринда эса, биз бугун жамоатчилик транспортлари борасида муаммоларга дуч келяпмиз, Афросиёб поездларига чипта топиб бўлмаяпти, тарихий шаҳарларимизда меҳмонхоналарда жой банд қилишнинг иложи бўлмаяпти ва Ўзбекистонга хориждан парвоз қилаётган самолётларда бўш ўринлар қолмаяпти.
Биз туристик инфратузилмадаги камчиликларга дуч келяпмиз. Яқин 1,5-3 йилда ҳал қилишимиз керак бўлган масала - жойлашув воситаларини кескин кўпайтириш. Биз туристлар оқими ошиб бораётганини кўриб, бу бизнесга киришга ҳаракат қилаётган хўжалик субъектларини кўряпмиз. Улар меҳмонхоналар, хостеллар, меҳмонхона уйларини қуришмоқчи. Бу йўналишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан қатор рағбатлантирувчи чоралар ишлаб чиқилган. Чет эллик сармоячилар биздан биринчи бўлиб улар қўлга киритаётган ер участкалари уларга хусусий мулк сифатида расмийлаштирилишига доир имтиёзни сўрашади. Айни дамда биз ҳукуматга шу жумладан меҳмонхона қурилиши учун бериладиган ер хусусий бўлишини кўзда тутвчи ҳужжатлар пакетини тақдим қиляпмиз.
Яна бир имтиёз эса импорт жиҳозларни (мебеллар, қурилиш материалларини) ҳеч қандай чекловларсиз олиб киришни кўзда тутади. Худди шу ҳужжат билан франшизаларни жалб қилаётган ишбилармонларга ҳам имтиёзлар яратмоқчимиз. Шу муносабат билан франшизаларни жалб қилувчи хўжалик субъектлари харажатларининг бир қисми қандайдир тарзда компенсация қилиниши режалаштирилган.
Туркияда 1980-1990-йилларда меҳмонхоналар сонини кескин ошириш йўлида амалга оширилган чоралардан бири - меҳмонхона қурилиши ва ишга тушгандан кейин харажатларнинг бир қисми компенсация қилиниши. Биз ҳам шундай схема - Ўзбекистонда янги меҳмонхоналар қурилишини рағбатлантириш устида бош қотиряпмиз.
Ҳуқуқий майдон ҳақида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда бизда Туризм тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси тайёрланган. Бу қонунда туризм мамлакат иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бирига айланиши учун ишбилармонлар фаолиятига янада кўпроқ эркинлик ва қўшимча рағбат берувчи янги нормалар, янги қоидалар ишлаб чиқилади.
Туризм соҳаси олдига яқин 5 йилда туристик экспорт хизматлари ҳажмини икки бараварга ошириш вазифаси қўйилди. Буни ниманинг эвазига амалга оширмоқчисизлар?
Ўзимиз учун аниқ тасаввур ҳосил қилишимиз керакки, бизнес ва турбизнес бу нафақат туроператор ва меҳмонхоналар, балки бутун бир туристик инфратузилма ҳамдир. Шу муносабат билан биз сайёҳлар одатда нималарга харажат қилишини таҳлил қилиб чиқдик. Сайёҳлар Ўзбекистонда пул қолдириши мумкин бўлган барча босқичлар ўрганиб чиқилди.
Биз ижобий маънода туризм монетизациясини амалга оширишимиз керак, яъни хизматлар диверсификация қилиниши, ҳамёнбоп бўлиши керак, бироқ шу билан бирга даромадларни йўқотишимиз ҳам керак эмас.
Афсуски, бизда сувенирлар, гидлар хизматлари, ресторан-кафелардаги нархлар ёки коммуникация ва IT хизматлари нархлари жуда паст. Бу бир томондан бизнинг рақобатдаги устунлигимизни таъминласа, бошқа томондан туризм соҳасига келувчи даромадлар ҳам ишбилармонлар, ҳам ҳукуматга манфаат келтириши керак.
Айни дамда янги дастур ишлаб чиқмоқдамиз, унга кўра, ҳар йили сувенир маҳсулотлари танлови ўтказилади. Бу Корея Республикаси тажрибасидан олинган жуда яхши мисол.
Ҳар бир мамлакат сайёҳлари ўзига хос қизиқишларга эга. Бунда биз турк ҳамкасбларимизнинг ҳар бир мамлакат сайёҳига ўзига хос ёндашувни кўзда тутувчи тажрибасига таянамиз.
Туризм ривожи кўп ҳолатларда авиахабарлашув инфратузилмасига ҳам боғлиқ. Бу борада қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
Ҳа, аксарият сайёҳлар Ўзбекистонга самолётда келади. Туризм ривожи Ўзбекистон ўзининг кучли миллий авиаташувчисига эга бўлишига бевосита боғлиқ. Бизда минтақавий хабга айланиш ва миллий авиакомпаниямиз минтақадаги энг кучли авиакомпанияга айланиши учун барча имкониятлар мавжуд. Биринчи навбатда, бизнинг аэропортларимиз географик жиҳатдан жуда қулай жойлашган. Шундай бўлса-да, қатор муаммоларни ҳал қилиш керак. Масалан, авиаташувларни бошқарув тизимини қайта йўлга қўйиш талаб этилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Қарши аэропортида лоукостерларни жалб қилиш, очиқ осмон режимини татбиқ қилишга доир синов лойиҳаси йўлга қўйилди. Бугунга келиб қатор авиакомпаниялар ("Уральские авиалинии", Pegasus, Atlas ва б.) ушбу аэропортга парвозларга қизиқиш билдирмоқда. Авиакомпаниямиз бу борада жуда интенсив ишлар олиб бормоқда. Биз авиакомпания тузилмасини оптималлаштириш ҳақида ўйлайдиган вақт келганини яхши тушуниб турибмиз. Бу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон кучли минтақавий хабга айланиши керак, бизнинг авиакомпаниямиз минтақадаги энг кучли авиакомпания бўлиши керак. Авиаташувлар хизматлари нархлари ҳамёнбоп бўлиши учун аэропортларда рақобатбардошлик муҳити бўлиши керак.
Ўзбекистоннинг хориждаги туристик брендини ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Сўнгги ярим йилда Ўзбекистоннинг туристик йўналиш сифатида тарғиб қилишга доир ишлар ҳажми кескин оширилди. Ўйлашимча, ижтимоий тармоқлар ва умуман шу соҳа ривожини кузатиб борувчи кишилар Ўзбекистонга келаётган чет эл оммавий ахборот воситалари сонининг бир неча бараварга ошганини сезган бўлишлари керак.
Авваллари бир чоракда машҳур хориж ОАВдан 3-4 таси келган бўлса, ҳозир ойига 10-15 матбуот вакиллари ташриф буюришмоқда ва Ўзбекистон ҳамда туризм ҳақида ёзишмоқда.
Маълумки, реклама бюджети чекланган. Афсуски, бизда бошқа мамлакатлар каби бунга миллионлаб доллар сарфлашнинг имкони йўқ, зеро биз ҳозир туризмни ривожлантиришнинг дастлабки босқичларида турибмиз.
Шунга қарамай, биз Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишнинг ностандарт, лекин самарали усулларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бу борада мисол келтириб ўтаман - яқинда бизнинг Майами (АҚШ)даги ватандошимиз самолётда UzbekistanTurismo ёзуви ва байроғини реклама қилганига доир хабар ижтимоий тармоқларда берилди. Бу ҳам ўзига хос ностандарт ёндашувдир. Ёки машҳур реппер Дони Бухорода ўз қўшиғига клип олди ва бу клипини илк ўн куннинг ўзидаёқ YouTube'нинг 1,5 миллиондан зиёд фойдаланувчиси томоша қилган. Шунингдек турли Travel-кўрсатувларни мисол қилиш мумкин - бугун сайёҳларни жалб қилиш нуқтаи назаридан бизга қизиқ бўлган мамлакатларнинг рейтингли Travel-кўрсатувлари билан ишлаяпмиз.
Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов интервью давомида зиёрат туризмини ривожлантириш ва бу йўналишда олиб борилаётган ишлар, малакали гидларни тайёрлаш мактаблари ҳақида ҳам сўз юритди.
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
13:48 / 13.11.2024
Жаҳон банки вакили Ўзбекистоннинг COP29’даги павилёни билан танишди
21:49 / 04.11.2024