Жаҳон | 23:48 / 18.05.2018
15378
2 дақиқада ўқилади

Техасдаги мактабда отишма содир этилди. 10 киши ҳалок бўлган

Фото: YouTube/Action News

АҚШнинг Санта-Фе шаҳридаги (Техас штати) ўрта мактабда маҳаллий вақт билан соат 8 лар атрофида содир этилган отишма оқибатида 10 киши, асосан ўқувчилар ҳалок бўлган. 

Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлардан ташқари, ўқотар жароҳат олган 10 киши бор. Шериф Эд Гонсалеснинг маълум қилишича, ҳужум қилганлар 2 киши бўлган ва улар қўлга олинган. 

Воқеа жойида полиция, махсус хизматлар, тез ёрдам бригадалари ва шошилинч хизматлар ходимлари иш олиб бормоқда. 

Журналистларнинг маълум қилишича, босқинчилардан бири, 17 ёшли Димитриос Пагурти
санъат синфига кириб, милтиқдан ўқ уза бошлаган. Унинг шериги нима қилгани ҳозир аниқлаштирилмоқда. Маълум қилинишича, босқинчи шу мактабда таҳсил олган. Уни жиноятни содир этишга ундаган сабаблар ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.  

Маълум қилинишича, шунингдек, бир полициячи ҳалок бўлган. Мактабда портловчи қурилмаларга ўхшаш буюмлар аниқланган. 

Техасдаги мактабда содир этилган отишмага Вашингтонда муносабат билдирилган. АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда Санта-Федаги отишма ҳақида маълум қилган ва “Воқеа жойидан олинган илк хабарлар жуда қайғулидир”, деб қўшимча қилган. 

Техасдаги отишма АҚШ мактабларида ўқотар қурол қўлланган ҳолда содир этилган охирги 7 кун ичидаги 3- ва йил бошидан 22-ҳолат бўлди.

Мавзуга оид