Жамият | 16:58 / 21.05.2018
20507
2 дақиқада ўқилади

Никоҳ шартномаси нима дегани?

Оила кодексига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) ажрашган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи нотариал тасдиқланган келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Унинг амал қилиши фақат никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин бошланади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-каналида хабар қилинганди.

Никоҳ шартномаси никоҳ расмийлаштирилгунга қадар ҳам, никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ шартномасида барча мол-мулкка, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиннинг ўз мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш мумкин. Яъни улар никоҳ даврида қўлга киритган мол-мулклар тенг икки қисмга бўлинмайди. Эр ва хотиннинг ҳар бирига мол-мулкнинг шартнома билан белгиланган қисмигина тегишли бўлади.

Масалан, никоҳ шартномаси тузилмаган ҳолатда эр-хотин биргаликдаги пулга квартира сотиб олган бўлишса, ажрашишда квартира тенг иккига бўлинади. 

Агар никоҳ шартномаси тузилган бўлса, ажрашиш ва биргаликда йиғилган мол-мулкни бўлишда судья унинг қоидаларига таянади. Шартномада эр-хотиннинг келишувига қараб квартира ажрашилгандан кейин эр ёки хотиннинг мулкига ўтади ёки умуман сотилиши керак деб қайд этилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси мавжуд ёки бўлғуси мол-мулкка нисбатан ҳам, тузилиши мумкин. Никоҳ шартномасининг предмети кўчмас мулк, машиналар, пул маблағлари ва бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.

Никоҳ шартномасида турли маиший шартлар (оилада эр ёки хотин бажариши лозим бўлган юмушлар), бошқа шахсий мажбуриятлар (масалан алимент), назарда тутилиши мумкин эмас.

Мавзуга оид