Жаҳон | 07:48 / 01.06.2018
10054
2 дақиқада ўқилади

Тбилисида намойишлар, Грузия бош вазири истеъфога чиқишдан бош тортди

Фото: REUTERS

Тбилисида мамлакат ҳукумати биноси олдида норозилик намойишлари ўтказган фуқаролар вазирлар маҳкамасидан истеъфога чиқишни талаб қилишди. Бу ҳақда «Грузия. Online» хабар берди.

Порталда «кўп минг сонли митинг» иштирокчилари ҳақида маълумот келтирилган. Таъкидланишича, намойишчилар мамлакат президенти Георгий Маргвелашвилини митингда қатнашишга ҳам таклиф этишди.

Хабар қилинишича, Тбилисидаги парламент биноси олдига юзлаб намойишчилар келган. Бунга Грузия пойтахтида 2017 йилнинг декабрида юз берган тўқнашув вақтида ёш йигитларнинг ўлдирилиши сабаб бўлган. Намойишчиларнинг маълум қилишича, қотилликни тергов қилиш объектив бўлмаган, прокуратура эса воқеа иштирокчиларидан бирининг ёнини олмоқда, у маҳкама собиқ ходими ўғли экани айтилади.

Ўз навбатида, Грузия бош вазири Георгий Квирикашвилининг маълум қилишича, намойишчилар талабига кўра ўз лавозимини тарк этишдан бош тортади. Бу ҳақда ҳукумат сайтида хабар берилган.

«Мен истеъфога чиқишим мамлакатга фойда келтиришига ишончим комил бўлса, бу ҳақда бир дақиқага ҳам шубҳаланиб ўтирмайман. Бироқ, ҳозир бундай вазият эмас, бундай вақт эмас. Мен учун мамлакатда барқарорликни сақлаб қолиш ва жамиятимиз томонидан қўйилган саволларга тезроқ жавоб бериш муҳимроқ», - дейилади Квирикашвилининг баёнотида.

Амалдорнинг таъкидлашича, Грузия ИИВ мамлакатда намойишлар ўтказилишига сабаб бўлган икки ўсмирнинг ўлдирилиши бўйича иш юзасидан терговни яна бошлайди. Квирикашвилининг қайд этишича, у терговда иштирок этади ва уни шахсан назорат қилади. Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ўсмирларнинг яқинлари тергов қандай давом этаётгани ҳақида барча маълумотни олади.

Мавзуга оид