Ўзбекистон | 22:20 / 05.06.2018
192690
3 дақиқада ўқилади

Солиқчи бўлиш нархи ҳам 40 минг доллар бўлган. Президент солиқ тизимидаги порахўрликлар ҳақида гапирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июнь куни ҳудудларда бюджетга қўшимча тушумлар ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляциянинг олдини олишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, солиқ ва молия идоралари раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масалаларига бағишланган фавқулодда видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент йиғилиш чоғида солиқ тизимининг аввалги раҳбариятининг порахўрлиги ҳақида гапирган.

«Тошкент шаҳридаги бозорнинг катталари ҳам булбулдек сайраяпти. Кимга қанча бергани, нималар қилганини. Пулни жойига қўяди. Булар замона зайли билан халқнинг бошига чиқиб олганди, қариндош-уруғи билан чиқиб олганди. Энди бундай бўлмайди. Валломат бўсаям кетади.

Шунинг учун 16 фоиз кўп солиқ тушуми бўлди, деган гап мени қониқтирмайди. Солиқларнинг асосий қисми ўзи тушади. Солиқларнинг 60 фоизини 171та корхона таъминлаб берган.

Тошкент бозорларидан тушумлар бюджетга эмас, амалдорларнинг чўнтагига тушган. «Чилонзор» буюм савдо комплексида 791 нафар шахс солиқ тўламасдан савдо қилиб келаётгани аниқланди. Тошкент шаҳридаги автомобилларни сақлаш жойларидаги тушумлар назорати йўқлиги туфайли маҳаллий бюджетга 18 миллиард сўмдан ортиқ солиқ туширилмаган. Шунча пул чўнтакка кетяпти.

Шунинг учун Тошкент ҳокимига янги ўринбосар қўйдим, бугун солиқ қўмитаси раисига янги ўринбосар қўйдим (Назарали Норбоев ўрнига Алимжан Файзибаев тайинланган).

Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан зиёд бўлган 77та корхона битта ишчи ишлайди деб ҳисобот бериб келган. Буни солиқчи билмайдими? Билган, олиб келавер, қолгани билан ишинг бўлмасин, деган.

2017 йилда қарийб 7 миллиард сўмлик иш бажарган ва бир ишчи ишлайди деб ҳисобот берган корхонада 16 киши солиқ тўламасдан ишлаши маълум бўлди. 

Шунинг учун мен Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Пардаев деган кимсани ишдан олдик (Музаффар Пардаев, унинг ўрнига Нормат Турсунов тайинланди), уни ҳам сўроқ қиламиз. Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Норбоевни (Назарали Норбоев) ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этдик», дея президент сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

«Қайси ҳудуд имкониятлардан фойдаланмаса, хиёнатга шерик бўлади. Турмада ўтирганлар айтиб беряпти - битта солиқчи ишга жойлашиш учун 30-40 минг доллар бераркан, жаноб Йўлдошев (Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг собиқ биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошев - у ҳозир ҳибсда) каттаконига обориб бераркан», дея давом этган президент.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев шу йил февралида ўтказилган видеоселекторда прокуратура тизимидаги порахўрликни фош этган, туман прокурори бўлиш учун 40 минг доллар миқдорида пора берилгани ҳақида айтиб ўтганди.

Мавзуга оид