Ўзбекистон | 19:45 / 05.11.2024
51217
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 млн доллар билан ушланди

«Замҳоким» шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш эвазига 2 млн доллар талаб қилган. У келишилган пулдан 1 млн АҚШ долларини ҳайдовчиси орқали олган вақтида тезкор тадбирда ушланган. Ҳоким ўринбосарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: ДХХ матбуот хизмати

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 млн доллар олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳоким ўринбосари хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 млн доллар талаб қилган.

У олдиндан 1 млн долларни ўз ҳайдовчиси орқали олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбирда ушланган.

Жуда кўп миқдорда пора олган ҳоким ўринбосарига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввалроқ Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олингани, май ойида тезкор тадбирда ушланган Ховос тумани ҳокими собиқ ўринбосари эса 7 йилга қамалгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид