Спорт | 08:55 / 17.06.2018
11366
4 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Армия қўл жанги” ҳарбий-амалий чемпионат ўтказилди

Мудофаа вазирлиги спорт мажмуасида ҳарбий-амалий спортнинг “Армия қўл жанги” тури бўйича вазирлик миқёсида чемпионат бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Унда ҳарбий округлар, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларининг қўл жанги усталари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасида ўтказиладиган ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича мусобақаларда бу йилдан эътиборан илк бор Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари иштирок этишини таъкидлаш жоиз. Шу йилнинг сентябрь ойида ҳарбий-амалий спортнинг “Армия қўл жанги” тури бўйича баҳслар биринчи маротаба Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги миқёсида мазкур спорт тури бўйича бўлиб ўтган мусобақа муросасиз ва шиддатли баҳслар билан кечди. 7 вазн тоифаси бўйича 12 жамоа вакиллари орасидан мусобақанинг халқаро танловида иштирок этиш учун энг кучли ҳарбий спорчилар ўзаро куч синашди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Чемпионатда фаол иштирок этган ва совринли ўринларни қўлга киритган спорчилар орасида миллий армиямиз сафларига яқинда келиб қўшилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг борлиги муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, 60 кг вазнда оддий аскар Ахрор Жалилов (3-ўрин), 65 кг вазнда Исломжон Исомиддинов (2-ўрин), 70 кг вазнда Самариддин Шомаматов (1-ўрин) ва Рўзимурод Умбаров (3-ўрин соҳиби), 75 кг вазнда Бекзод Тошбоев (3-ўрин), 80 кг вазнда Муҳаммадюсуф Ғаниев (3-ўрин), 85 кг вазнда Миршод Раҳимов ва Донёрбек Қодиров (3-ўрин) ҳамда +90 кг вазнда Илмдор Рўзибоев (3-ўрин) каби ёшларнинг ўтказган жанглари профессионал спортчиларни ҳам оғир вазиятда қолдирди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Чемпионат якуний натижаларига кўра, умумий жамоа ҳисобида Элёржон Ғофуров (60 кг), Имомали Эргашев (65 кг) ва Шерали  Муҳаммадаминов (+90 кг) томонидан 3 та олтин медалга эгалик қилган Тошкент ҳарбий округи жамоаси мусобақа шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан жой олди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи жамоа вакиллари Самариддин Шомаматов (70 кг) ва Муҳаммадбобур Кенжаевнинг (80 кг) олтин медаллари мусобақада жамоага иккинчи поғонадан жой олиб берди. Марказий ҳарбий округ жамоасидан вакиллик қилган Ҳусниддин Мамажонов (75 кг) қўлга киритган олтин медали ва бошқа иштирокчиларнинг ютуқлари ҳарбий округнинг 3-ўринга сазовор бўлишини таъминлади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасида ўтказиладиган нуфузли мусобақада нафақат ушбу чемпионат ғолиблари, балки ҳарбий жанг санъати ва техникасини яхши ўзлаштириб кўрсатган ҳарбий хизматчилар ҳам қатнашиш имконини қўлга киритди. 

Ғолиб ва совриндорларга кубок, медаль ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Мавзуга оид