Light | 21:50 / 20.06.2018
10421
8 дақиқада ўқилади

Токиодаги йўқолган буюмларнинг тақдири нима бўлади?

Токио омборхонаси раҳбари Сёдзи Окубо. Фото: Japan Times

Кул солинган урналар эгаларини излаш - бу токиолик полициячиларнинг кундалик бўлмаса-да, тез-тез учрайдиган вазифаси. 2017 йилда махсус Банкё тумани терговчилари қандайдир сабабларга кўра қариндошларининг кулини қолдирган 10 кишини қидиришди. Умуман олганда, патруль хизматларига урналарсиз ҳам иш етарли.

Барча эгасиз буюмлар эгаларини кутаётган Токио омборхонаси 660 квадрат метрни эгаллаган. 2018 йилнинг апрелида у ерда юз минглаб предметлар бўлган, бироқ омборхона раҳбари Сёдзи Окубо июнь ойида ёмғирлар бошланиши билан хона кўпинча йўқотилган буюмлар - соябонлар билан тўлишини айтади. Токио омборхонасининг ички "ошхонаси" ва унинг фаолияти ҳақида у The Japan Times нашрига сўзлаб берди.

Эгаларини кутиб

2016 йилда пойтахт полицияси 380 мингдан ортиқ соябонни ўз эгаларига қайтарди, ёмғирли кунда шаҳар кўчаларидан ўртача 3 мингтагача эгасиз соябон топилади. Уларнинг ҳар бирига қаерда ва қачон топилгани ҳақидаги маълумот ёзилган ёрлиқ ёпиштирилади, сўнгра омборхонага йўлланади.

2018 йилнинг баҳори охирида 900 мингга яқин турли предметлар (ҳамёнлардан тортиб то смартфонларгача) марказда ўз эгаларини кутарди. Бироқ Япония учун бу рақамлар у қадар катта эмас — полиция 2015 йил учун мамлакат бўйлаб 26 миллионта йўқолган буюмни топди, бу ҳали пулларни ҳисобламагандаги кўрсаткич.

2016 йилда биргина Токионинг ўзида йўқолган буюмлар сони 3,83 миллионни ташкил қилди. Бу 1997 йилга қараганда деярли икки миллионга кўп. Полиция асосан ҳайдовчилик гувоҳномалари ва банк карталарини, шунингдек поезд чипталари, кийим-кечак ва пойабзалларни қайтарган. Пулларга келадиган бўлсак, 2017 йил давомида умумий ҳисобда 3,67 миллиард йен (33,5 миллион доллар) эгаларига қайтарилган.

Йўқотилган предметлар сони йил сайин секин-аста, лекин тўғри йўналишда ўсиб бормоқда, шу боис ҳукумат Токионинг Бункё туманидаги омборхонани кенгайтириш учун бюджетдан маблағ ажратмоқда. Окбуо кун келиб модернизация қилинган омборхона ҳам тўлиши мумкинлигини тан олади, чунки йўқотилган буюмлар эгаларини излаш - қийин иш.

Предмет омборхонада рўйхатдан ўтказилгандан сўнг ишчилар буюмдан фойдали маълумотни излаб, унинг эгасини аниқлашга ҳаракат қилишяпти. Агар бу телефон бўлса, у ҳолда терговчилар унинг ичидаги рақамларга қўнғироқ қилиб чиқишади - ходимлар кунига ўртача 250 қўнғироқни амалга оширишади. Баъзан омборхонага хорижга чиқиш паспорти ҳам келиб тушади ва бундай ҳолатларда полиция уни элчихоналарга олиб боради.

2016 йилда ўртача 286 киши йўқолган нарсаларини излаб келган, келганларнинг аксарияти паспорт ёки пуллар учун келган. Йўқотилган буюмлар, масалан пойабзал, бош кийим ёки соябонлар эгалари кўпинча омборхонага келишмайди, уларнинг буюмлари эса ўша ерда тураверади.

Япон анъаналари

Японияда йўқотилган ҳамёнларнинг эгалари уларни полиция участкаларидан катта миқдордаги пуллари билан қайтариб олганларига доир ҳикояларни эшитиш одатий ҳолдир. Мутахассислар бу одатга боғлиқ эканини тахмин қилишмоқда: японлар болаликдан топилган предметларни полицияга олиб боришга ўргатилади.

Бу баъзан ҳатто кутилмаган қизиқ ҳолатларга ҳам олиб келади: болалар 5-10 йен ёки ҳатто соч резинкаларини ҳам омборхонага топширишга ҳаракат қилишади. "Биз уларга бундай арзимас нарсаларни қабул қилмаймиз деб айта олмаймиз. Шундай экан, биз уларга миннатдорчилик билдириб, бундай олижаноблиги учун мақтаб қўямиз", - дея тушунтиради Окубо.

Соч тўғноғичларии майли, баъзан одамлар полицияга ҳатто йўқолиб қолган ёки бошпанасиз жониворларни ҳам етаклаб келишади: 2016 йилда Токиода минглаб йўқотилган жониворлар қайд этилган. Итлар, мушуклар, тўтилар, қурбақалар ва тилла балиқлар шулар жумласидандир. Қоидага кўра, омборхонада эгаларини топишга умид қилиб, дайди итларга ҳам жой беришади.

"Биз итлар учун озуқа харид қиламиз ва қолган масалаларни ҳам ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Иш соатларида биз дайди итларни сайр қилдирамиз, улар ўз эгалари уйига етаклашига умид қиламиз. Бу каби ишлар кучимизни олади, албатта", - дея тан олади Окубо.

Токиодаги Риккио университетининг психология профессори Шигэжу Хага ҳозирги даврда шахсий буюмларни унутиб қолдириш осон деб ҳисоблайди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, смартфонларнинг кенг тарқалиши сўнгги бир неча йилларда қисман йўқотилган буюмлар сонининг статистикаси ошишига олиб келган. Японияда товар ва хизматларга нархларнинг умумий пасайиши ҳам шунингдек одамларнинг йўқотилган буюмларни қайтариш учун ҳужжат йиғишларидан кўра янги буюмларни сотиб олишлари осонроқ бўлишига олиб келди.

Инсон хатолари психологиясига ихтисослашувчи Хага онгда эркин кенглик чекланганига изоҳ беради. Шунинг учун мия кўпинча вазифалар ҳақидаги маълумотни кейинроқ эслашга умид қилиб, онг остига яширади. "Бу мураккаб жараён. Бироқ аксарият одамлар қандай қилибдир буни бажара олади".

Профессорнинг ишончи комил: вақт ва эътибор — буюмлар йўқотилгандаги икки асосий омил. Хага керакли станцияга бир бекат қолганда телефонни сумкага ёки чўнтакка солишни маслаҳат беради. Бу онгнинг ишини енгиллаштиради.

Йўқотилган буюм сотуви

Япония қонунларига кўра, агар инсон эгасиз буюмни топса, уни эгасига қайтариши ёки полиция участкасига олиб бориши зарур. Бунинг эвазига у буюм нархининг 5-20 фоизини қўлга киритиши мумкин. Агар уч ой давомида ҳеч ким предметга даъвогарлик қилмаса, уни топган инсон автоматик равишда буюм  эгасига айланади (банк карталари каби персонал маълумотлардан ташқари, албатта). Шундан сўнг у буюмни олиб кетиши учун икки ой вақт берилади, олиб кетилмаган тақдирда, буюм маҳаллий ҳукумат мулки ҳисобланади. Муниципиал ҳуқуқ кучга киргандан кейин буюмни маҳаллий савдогарларга сотишади, олинган пуллар эса пойтахт бюджетига йўлланади.

Сайтама шаҳрида яшовчи Санэёси Йоги — маҳаллий полиция билан ҳамкорлик қилувчи савдогарлардан бири. У ҳукумат томонидан ташкил қилинган кимошди савдосида мунтазам равишда иштирок этади. Бундай кимошди савдолари йилда бир неча марта ўтказилади, йўқотилган буюмлар эса қутиларга жойланади. Шунда савдогарлар нима учун "курашаётганликлари"ни билишмайди. "Бу худди ўйин каби. Қутида нима борлигини била олмайсан", - дейди Йоги.

Шунга қарамай, савдогар кўп ҳолатларда қутида нима борлигини топишнинг уддасидан чиққан, бунда у мавсумий тахминларига асосланган. Кимошди савдоси май ойида ўтказилган бўлса, демак савдогарлар асосан қишки буюмлар учун "кураш олиб боришади", булар асосан шарфлар ва қўлқоплардир. Агар тадбир сентябрь ойида ўтса, у ҳолда қутиларда ботинкалар, этиклар ва юзлаб соябонлар бўлади. Йоги ва у томонидан асос солинган PX компанияси кимошди савдоларида йилига 60 миллион йенгача (547 минг долларгача) пул сарфлайди.

Санэёси Йоги

Ҳар бир сотувларда 40 мингтагача турли предметлар сотилади - чемоданлар, электрогитаралар, қимматбаҳо қўл соатлари ёки улкан юмшоқ ўйинчоқлар шулар жумласидандир. "Одамлар ўзи билан нималар олиб юрмайди дейсиз. Бир куни бизда ҳатто контрабас пайдо бўлди. Бундай катта нарсани қандай унутиб қолдириш мумкин, билмайман", - дея сўзлайди Йоги.

Название

Энг ноёб ва қиммат буюмлар янги эгаларини жуда тез топади, зеро товарларга эрталабдан навбат кутишади. Акция ўртасига келиб асосан юзлаб қуёшдан ҳимояловчи кўзойнаклар, соябонлар ёки кийим-кечаклар қолади.

Сотувлардан кейин қолган барча буюмларни Йогининг компанияси бошқа мамлакатларга (Филиппин, Таиланд, Мьянма) пуллайди. 2018 йилнинг баҳорида PX Мьянмага 20 минг соябон йўллади. савдогарнинг сўзларига кўра, бу нафақат унинг асосий бизнеси, балки севимли машғулоти ҳамдир. Компанияда йўқолган буюмлар сотувини фестиваль сифатида қабул қилишади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид