Иқтисодиёт | 01:58 / 31.07.2018
46768
9 дақиқада ўқилади

Ўзбек иқтисодиётига “голланд касаллиги” хуруж қиляптими?

Фото: KUN.UZ

Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романида: “Барча бахтли оилалар бирдай бахтли, бахтсиз оилалар эса ўзича бахтсиз” ибораси бор. Иқтисодиётда ҳам ана шу машҳур иборага асосланган “Анна Каренина тамойили” мавжуд. Хўш, бизнинг бахтимиз нимада, бахтсизлигимиз нимада? Бу савол барчани бирдек ўйлантириши табиийдир. Бизнинг бахтимиз, албатта, жаннатмакон юртимиз ва жаннатмонанд инсонларимиздир. Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизнинг минерал хомашё захиралари 5,7 трлн. долларга баҳоланмоқда. Аммо бизнинг бахтсизлигимиз мавжуд табиий, иқтисодий ресурслардан етарлича самарали фойдалана олмаётганлигимизда. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси дунё амалиётида иқтисодиётнинг “голланд касаллиги” каби салбий ҳолатлар мавжудлигидан дарак беради. Қуйида сизу биз огоҳ бўлишимиз лозим бўлган мазкур салбий ҳолат тўғрисида қисқача тўхталиб ўтамиз.

“Голланд касаллиги” биз ўйлаганимизчалик оддий тушунча эмас. “Голланд касаллиги” тушунчаси биринчи маротаба 1977 йилнинг ноябрь ойида Economist журналида келтириб ўтилади. Мазкур тушунчага изоҳ берилар экан, Голландияда табиий газ қазиб олишнинг кўпайиши иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ишлаб чиқариш суръатларининг пасайишига олиб келганлиги айтиб ўтилади. Ҳамма гап шундаки, Слохтерендан унча узоқ бўлмаган Гронинген провинциясида “зангори олов”нинг йирик кони очилади. Айнан, шу сабабли ҳам мазкур тушунчанинг “Гронинген самараси” деган бошқа номи ҳам мавжуд.

Бироқ иқтисодиётнинг “голланд касаллиги” бизни узоқ XVII асрнинг бошларига Голландия давлатига ўзига хос “саёҳат” қилишга етаклайди. Ўша даврда Голландияда аҳолининг аксарият қисми лола етиштириш билан шуғулланар эди. Бу пайтда Европада лолага талаб кун сайин ўсиб борар, унинг янги навлари нархни яна ҳам ўсишига сабаб бўлар эди. Бунинг натижасида лола бизнеси бошқа бизнесларга нисбатан бир мунча фойдали бўлиб қолди, баъзи ҳолларда, лола пиёзи голландиялик фуқаронинг ўртача йиллик даромадидан қарийб олти маротаба юқори нархларда сотилар эди. 1636 йилда лола пиёзлари мамлакатнинг турли шаҳарларидаги биржаларда сотила бошлади. Аммо 1637 йилнинг кириб келиши билан вазият мутлақо бошқача тус олди. Лола ва лола пиёзларига қизиқиш сўнди ва шунинг билан бир қаторда лола пиёзларига майда зараркунандалар зиён етказиб, товар сифати пасайиб кетди. Буларнинг барчаси мамлакат иқтисодиёти учун жиддий зиён келтирди: иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани оқибатида, уларни оёққа турғазиш учун жиддий бош қотириш кераклиги аён бўлиб қолди.

Хўш, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида “голланд касаллиги”нинг белгилари борми?

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси январь-июнь ойларида 17,7 млрд АҚШ долларини, шу жумладан, экспорт 7,8 млрд ва импорт 9,9 млрд долларни ташкил қилган. Ярим йил давомида ташқи савдо айланмаси салдоси минус 2,1 млрд долларни ташкил этди. Экспорт таркибида энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 78,5 фоизга ўсиши табиий газнинг 1,9 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Табиий газ экспорти жорий йилнинг биринчи ярим йилида 1139948 минг долларни ташкил этди. Бугунги кунда “Ўзбекнефтегаз”нинг мамлакатимиз Ялпи ички маҳсулотидаги улуши қарийб 15 фоизни, давлат бюджети даромадларининг бешдан бир қисми мазкур компания фаолияти ҳисобига шаклланади. Бугунги кунда мамлакатимизда йилига қарийб 70 миллиард кубометр табиий газ ва 8 миллион тоннага яқин суюқ углеводородлар қазиб олинади. Бироқ углеводородлар қазиб олиш йилдан йилга камайиб бораётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Иқтисодий хавфсизликнинг жаҳонда қабул қилинган меъёрлари бўйича мамлакат миллий даромадининг табиий ресурсларни сотиш эвазига шаклланадиган қисми 20 фоиздан ошадиган бўлса, бу мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши кўрсатиб ўтилган. Хўш, иқтисодиётимизда мана шундай салбий ҳолатларнинг вужудга келмаслиги учун нима қилишимиз керак?

Бугунги кунда дунё иқтисодиётининг тараққий этиши, бир сўз билан айтганда башариятнинг яшаб қолиши билим ва тафаккурга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бутун дунёда ҳозирда бир миллиарддан ошиқроқ аҳолининг қашшоқликда кун кечираётганлиги, турли минтақаларда ҳарбий ҳаракатларнинг давом этаётганлиги, янги уруш ўчоқларининг пайдо бўлиш хавфининг ортиб бораётганлиги, дунёда 25 миллиондан ортиқ боланинг оддий мактаб таълимидан бебаҳра қолаётганлиги, чегара билмас экологик офатлар кўламининг кенгайиб бориши ва шу каби муаммолар барчамизни ҳушёр тортишга, барча хатти–ҳаракатларимизни илмий асосларга таянган ҳолда мувофиқлаштиришимизни талаб этмоқда.

Инсон тараққиётининг асосий мақсади инсонларнинг моддий фаровонлигини таъмин этиб бера оладиган, узоқ давр мобайнида соғлом турмуш тарзи ва бунёдкорлик ишларидан завқланиб яшай олиш имконини берувчи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан қулай яшаш муҳитини яратиб беришдан иборатдир. Бугунги кунда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун қўйилаётган бир пайтда, инсонларнинг турмуш фаровонлигини оширишда таълим соҳаси асосий ташкил этувчилардан бири саналади. Таълим соҳаси ривожининг юксак даражаси ва унга монанд равишда фан ва техниканинг юқори суръатларда тараққий этиши бутун инсоният тадрижий тараққиёти тарихида ижтимоий, иқтисодий ва техник ривожланишнинг муҳим омили бўлиб келганлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас, албатта.

Тараққиётнинг юқори даражаси эндиликда мамлакатнинг “киборлар жамияти”га тегишлилигини билдирувчи бир ўзига хос тавсиф эмас, балки кучли рақобат ва чуқурлашиб бораётган глобаллашув шароитида яшаб қолиш, иқтисодий ва пировардида эса сиёсий мустақилликни таъминлашнинг ҳал қилувчи омилига айланди. Саводхонлик даражаси юқори бўлган мамлакатлар ишлаб чиқаришни янада тараққий эттириш, янги иш ўринларини яратиш борасида етарлича катта имкониятларга эга бўлишини бугунги ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бундай мамлакатларда ишсизлик даражасининг паст бўлиши ва иш излаш мақсадида меҳнатга лаёқатли аҳоли эмиграциясининг паст бўлиши одатий ҳолдир. Мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг узоқ муддатли трендли таҳлиллари юқорида тилга олиб ўтилган кўрсаткичларнинг таълим даражасига узвий боғлиқлигини кўрсатмоқда. Таҳлиллардан яна шу нарса кўринадики, узоқ муддатли трендда таълим даражаси паст бўлган бирорта ҳам бой мамлакат мавжуд эмас. Айни чоғда қисқа ва ўрта муддатли вақт оралиқлари бошқача манзара ҳам намоён этиши мумкин. Ўтган асрларда мустамлакалар ва босқинчилик урушлари эвазига мамлакатлар бирмунча вақт бой мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллаб келишган. Бугунги кунда ҳам айрим ҳолатларда юқори ликвидли ва нархи жаҳон бозорида ўсиб бораётган табиий ресурсларга эга мамлакатлар бой мамлакатлар қаторидан жой олишлари мумкинлигини ҳам истисно этиш фикридан йироқмиз. Аммо, шуни қайта–қайта такрорлаб ўтишимиз жоизки, тобора чуқурлашиб бораётган глобаллашув ва шиддатли тус олаётган халқаро рақобат шароитида хомашё ресурсларига асосланган бойлик, агар у аҳоли саводхонлик даражасини муттасил тарзда ўстириб бориш ва олинган билим, эгалланган тажриба ва кўникмаларни иқтисодиёт соҳаларига самарали трансформация қилиш билан қўллаб–қувватланмас экан у, албатта, узоқ муддатга дош бера олмайди, мамлакатнинг жаҳон хўжалигидаги ўрни заифлашиб бораверади. Жалолиддин Румий ҳазратлари: “Аввал ақлли эдим, дунёни ўзгартирмоқчи бўлдим, энди бўлса дономан ўзимни ўзим ўзгартираяпман” деб ёзганлар. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, агар биз жаннатмакон юртимизнинг бунданда равнақ топишини истасак, ҳар биримиз ўзимизнинг дунёқарашимизни ўзгартиришимиз, мамлакатимиз ва жаҳонда бўлаётган жараёнларга тийран назар билан қарашимиз талаб этилади.

Акмал Абдувоҳидов,

Гулистон давлат университети

Мавзуга оид