Жаҳон | 16:50 / 05.09.2018
16591
2 дақиқада ўқилади

Скрипалларга суиқасд уюштирган россияликлар номи маълум қилинди

Фото: Hannah Mckay / Reuters

Буюк Британия Россия разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг Солсберида заҳарланиши бўйича гумонланувчилар номларини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Британиялик прокурорлар маълумотига кўра ушбу ишда айбдорлар — россиялик Александр Петров ва Руслан Бошировдир. Улар тўхтаган меҳмонхонада асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси излари топилган. Агентликнинг ёзишича, ушбу шахсларни ҳибсга олиш учун Европа ордери берилган.

Икки эркакнинг ёши ҳам 40 ёш атрофида бўлиб, полиция маълумотига кўра, улар 2 март куни мамлакатга ҳақиқий паспортларда киришган, 2 кун ўтиб Россияга бошқа номлар билан қайтишган.

Британия полицияси Петров ва Бошировни экстрадиция қилишни талаб этмайди, конституцияга кўра Россия ўз фуқароларини топширмайди.

Август ойи бошида расмий Лондон Москвага гумонланувчилар бўйича сўров юбормоқчи экани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда бир неча ой давомида юзлаб полициячилар ҳамда махсус хизматлар вакиллари иштирокида синчиклаб ўтказилган текширувлар натижасида Скрипалларга икки нафар россиялик томонидан ҳужум қилингани аниқлангани маълум қилинганди.

Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида 4 март куни Британия фойдасига ишлаган собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия беҳуш ҳолда топилди. Буюк Британия ҳукумати бу суиқасд ортида Россия турганини маълум қилиб, Москвадан изоҳ сўради. Россия томони эса бу сўровни эътиборсиз қолдирди, шундан кейин, 14 март куни Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 23 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилишини эълон қилди. Россия бунга жавобан Буюк Британиянинг 23 нафар дипломатини ватанига қайтарди. Бир неча кун ўтиб эса Россияни ЕИ элчиси тарк этди.

Мавзуга оид